Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Қўмитанинг асосий вазифалари ва функциялари

49010 Чоп этиш Юклаб олиш (92 Kb)

1. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш;

автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш;

автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш;

замонавий транспорт оқими шароитларида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлаш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг юқори транспорт-фойдаланиш даражасида бўлишини таъминлаш;

илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш;

автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш.

2. Юкланган вазифаларга мувофиқ Қўмита қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш соҳасида:

йўл хўжалиги соҳасидаги замонавий технологияларни ва етакчи хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва такомиллаштиришда иштирок этиш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, шунингдек йўл-қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларни ишлаб чиқиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминлаш;

автомобиль йўллари қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлашда участкаларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автотранспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки тўхтатишни жорий этиш бўйича таклифлар киритиш;

сафарбарлик тайёргарлигини, шунингдек идоравий мансуб ташкилотларнинг сафарбарлик тайёргарлиги бўйича улар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат кадастрини юритиш;

автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг ҳисобини юритиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бундан мустасно;

б) автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг техник ҳолатини ҳар йили кўздан кечириш, текшириш;

автомобиль йўлларининг техник ҳолатига қараб автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашнинг ҳар йилги дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини таъмирлашнинг ҳар йилги дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

в) автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари рўйхатини шакллантириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

иқтисодиёт ва аҳолининг эҳтиёжларидан ҳамда давлатнинг стратегик вазифаларини ҳал этишдан келиб чиқиб республика автомобиль йўллари тармоғини илмий асосланган истиқболли режалаштириш, такомиллаштириш ва ривожлантириш;

мамлакат минтақаларини боғловчи ва кеча-кундуз, узлуксиз ва хавфсиз автомобиль транспорт алоқасини таъминлайдиган транспорт коммуникацияларини ривожлантириш;

республика автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштириш ва ривожлантириш;

г) автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш соҳасида:

автомобиль йўллари масалалари бўйича халқаро йўл ва транспорт ташкилотлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш ва уларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш, Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари ва транспорт соҳасида халқаро шартномаларда иштирок этишини таъминлаш;

автомобиль йўллари ва транспорт соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, халқаро йўл ва транспорт ташкилотлари, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари, шунингдек хорижий компаниялар билан самарали ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш борасида таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа давлатларнинг автомобиль йўллари ва транспорт бўйича ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

махсус рухсатнома берган ҳолда, шу жумладан халқаро ташишларни амалга ошираётган йирик ўлчамли ва оғир юк кўтарадиган автотранспорт воситаларининг автомобиль йўллари бўйича ҳаракати йўналишларини белгилаш;

халқаро транспорт йўналишларидан фойдаланишда халқаро ташкилотлар ва минтақавий интеграциявий тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш;

д) замонавий транспорт оқими шароитларида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлаш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш соҳасида:

автомобиль йўлларини, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига, шу жумладан инвестиция лойиҳалари ва мукаммал таъмирлаш объектларини техник-иқтисодий асослашни (техник-иқтисодий ҳисоб-китобни), автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш объектларининг иш ҳужжатларини ва автомобиль йўлларини жиҳозлаш бўйича танлов ҳужжатлари экспертизадан ўтказиш бўйича буюртмачи функцияларини амалга ошириш;

идоравий мансуб ташкилотларнинг муассиси функциясини амалга ошириш, улар фаолияти мониторингини олиб бориш ва иқтисодий таҳлил қилиш, шунингдек идоравий мансуб ташкилотларда молия-хўжалик фаолиятини ва мол-мулкдан фойдаланилишини текшириш;

қулай ва хавфсиз ҳаракатни таъминлаш учун автомобиль йўлларидан фойдаланиш, автомобиль йўлларидан фойдаланишда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

йўл қурилишининг йирик лойиҳаларини молиялаштиришга халқаро молия институтларини жалб этиш;

фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш, улар бўйича қарорлар қабул қилиш ва ариза берувчиларга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда жавоблар юбориш;

е) автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида сифат назоратини амалга ошириш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш устидан техник кузатиш;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда қўлланадиган йўл-қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларнинг сифати устидан назорат қилиш;

ж) илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш соҳасида:

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғини таъмирлаш ва сақлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишини мувофиқлаштириш;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан шаҳарлар ва туманларнинг бош режаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

з) илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш соҳасида;

автомобиль йўллари соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва ўз ваколатлари доирасида қабул қилиш;

автомобиль йўллари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Қўмита фаолиятига тегишлилик юзасидан тармоқларни ривожлантириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурлар, шунингдек бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва олиб бориш;

автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида замонавий технологияларни ва янги материалларни жорий этиш бўйича тажриба ишлари олиб бориш;

и) автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш соҳасида:

тармоқда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича базавий таълим дастурларини келишиш;

йўл қурилишини прогнозлаштириш, мувофиқлаштириш ва амалга оширишнинг замонавий усуллари талабларига мувофиқ автомобиль йўллари соҳасида малакали кадрлар тайёрланишини таъминлаш;

ўқувчиларнинг олинган назарий билимларини ишлаб чиқариш амалиётида мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасаларининг идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

автомобиль йўллари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашни, шу жумладан хорижий таълим муассасаларида тажриба орттиришини таъминлаш.

3. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий органлар ва идоравий мансуб ташкилотлар орқали бажаради.

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали