Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги

6057 14 Январ, 2021 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 117 Kb)


Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!

Қуролли Кучларимиз фахрийлари!

Муҳтарам ватандошлар!


 Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Таъкидлаш керакки, миллий армиямизнинг куч-қудрати азму шижоатли ва ҳар ишда етук салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағрикенг ва олижаноб халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигидадир. Бу ҳақиқатни бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этмоқдамиз.

Ишончим комилки, ана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, Ватанимиз мустақиллигига ҳеч қандай ёвуз куч раҳна сололмайди, демократик ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтара олмайди.

 Биз баҳодир ва довюрак ҳарбийларимиз билан – ўзининг муқаддас қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини ерда ҳам, кўкда ҳам шараф ила адо этаётган юртимизнинг забардаст ўғлонлари билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилаётган қўрқмас ва ҳақиқий ватанпарвар аскар ва офицерларнинг ота-оналарига, шунингдек, ҳарбий ҳаётнинг бутун қувонч ва ташвишларини турмуш ўртоқлари билан баҳам кўриб келаётган меҳрибон ва сабр тоқатли рафиқаларига улкан миннатдорлик билдираман.

Биз сизларнинг тимсолингизда миллий армиямизга тоғдек таянч бўлиб турган буюк маънавий кучни кўрамиз. Бугунги улуғ айёмда сизларнинг ҳам Ватанимизнинг мудофаа қудратини оширишда муносиб ҳиссангиз борлигини яна бир бор катта мамнуният билан эътироф этамиз.

 

Қадрли дўстлар!

Биз бундан тўрт йил олдин Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича энг муҳим ва устувор йўналишларни белгилаб олган эдик. Шу асосда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш учун кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдамиз.

Ўтган қисқа даврда янги Мудофаа доктринаси қабул қилинди, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминлаш бўйича ўта муҳим лойиҳалар амалга оширилди.

Тарихимизда биринчи марта ўз моҳиятига кўра ноёб тизим – ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш учун  имкон берди. Энг муҳими, "Армия ва халқ – бир тану бир жондир" деган улуғ ғояни амалда таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида, бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари республикамиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда.

Энг асосийси, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган эл-юрт таянчи ва суянчига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланди.

Албатта, ўтган 2020 йил жаҳондаги барча давлатлар қатори мамлакатимиз учун ҳам жиддий синовлар йили бўлди. Биз коронавирус пандемиясининг таҳдидига, шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кутилмаган табиий ва техноген офатларга дуч келдик.

Ана шундай ғоят кескин шароитда Қуролли Кучларимиз соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг "Миллатнинг дардига дармон бўлмоқ – чин вазифангиздур", деган эзгу даъватини ўзига шиор қилиб олди.

Улар халқимизга янада яқин бўлиб, сафарбарликни ошириб, қисқа муддатларда ўз олдига қўйилган муҳим вазифаларни муносиб адо этганини барчамиз чексиз миннатдорлик билан қайд этамиз.

Айниқса, бу жараёнда ҳарбий шифокор ва хизматчиларимиз, ҳуқуқ-тартибот органлари ва қутқарув хизмати ходимлари ҳақиқий мардлик ва жасорат намунасини, юқори касбий маҳоратни намоён этганлари алоҳида таҳсин ва эътирофга сазовордир.

Бундай мураккаб вазиятда Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академиясининг ташкил этилгани аҳоли саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қилиш борасида олдимизга қўйилган долзарб вазифаларни тезкор ва самарали ҳал этиш имкони беради.

Минтақамизда ягона бўлган ушбу янги академия ҳарбий тиббиёт соҳасида, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда иштирок этадиган юқори малакали ва ихтисослашган кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Академияда жаҳон андозаларига мос инновацион ишланмалар ҳамда илғор технологияларга асосланган ўқув-лаборатория хоналари ва энг замонавий моддий-техник база яратилмоқда.

Миллий армиямизнинг ташкилий тузилмаларини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги, ҳарбий қудрати ва салоҳиятини янада ошириш имконини берди.

Паҳлавон ва ботир ўғлонларимиз халқаро ҳарбий-ўқув машғулотлари, армия ва спорт мусобақаларида дунёдаги етакчи мамлакатларнинг ҳарбий хизматчиларига асло бўш келмасдан, ғалабага бўлган иродасини яққол намойиш этиб, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканини исботламоқдалар.

 Муҳтарам ватандошлар!

Биз глобал иқтисодий инқироз таъсирига қарамасдан, ҳарбий хизматчиларимиз ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳарбий шаҳарчаларни ободонлаштириш, уларда замонавий инфратузилмалар барпо этиш бўйича тизимли ишларимизни изчил давом эттираяпмиз.

Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун қўшимча равишда кўплаб янги иш ўринлари яратилди. 3 мингдан зиёд ҳарбий пенсионерлар ишга жойлаштирилди. Ҳарбий хизматчиларнинг мингдан ортиқ фарзандларига олий ўқув юртларида таълим олишлари учун давлат грантлари ажратилди.

Ҳеч шубҳасиз, "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да бу борадаги ишларимизни янада кучайтириб, мутлақо янги босқичга кўтарамиз.

Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Ёшлари форумида, Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномамизда ҳам ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни аниқ белгилаб бердик.

Янги Ўзбекистонда ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом, Она Ватанга фидойи ва жонкуяр инсонлар бўлиб улғайиши, шонли тарихимиздан ибрат олиб, ундан фахрланиб яшашлари учун барча куч ва имкониятимизни тўлиқ сафарбар этамиз.

Жаҳонда мафкуравий курашлар кескин тус олаётган, ахборот маконида турли хавф-хатар ва таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда барчамиз доимий огоҳ ва сезгир, фаол фуқаролик позициясига эга бўлишимиз керак.

Айниқса, адашиб, ёт ғоялар таъсирига тушган шахслар ва уларнинг фарзандларида мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва уларни соғлом турмуш тарзига, тўғри йўлга қайтаришда ҳарбий хизматчиларимиз давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги ишларни янада кучайтириши лозим.

Ҳурматли мард ва жасур Ватан ҳимоячилари!

Бугун дунёнинг олис ва яқин минтақаларида мураккаб можаро ва тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада самарали ташкил этишимиз шарт.

Хусусан, мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлаш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, бўлинмаларни бошқаришда ахборот технологияларини кенг қўллаш, жанговар тайёргарлик ва касбий маҳоратни ошириш – бундан кейин ҳам устувор вазифаларимиз бўлиб қолади.

Ҳеч шубҳасиз, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ана шундай эзгу мақсад ва марраларга эришишга, халқимизнинг тинч меҳнати, осойишта ҳаётини, юртимизнинг  мусаффо осмонини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ҳар томонлама қодирмиз.

 

Ҳурматли дўстлар!

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан сиз, азизларни ва оила аъзоларингизни яна бир бор чин юракдан табриклайман.

Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва саодат, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.

Халқимизнинг юксак ишончи ва ҳурмат-эҳтироми сизларга ҳамиша ёр бўлсин!

  

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти,

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали