Ўзбекистон Республикаси Президенти Тожикистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Беларусь Республикаси ва Туркманистон Ҳукуматлари раҳбарларини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Беларусь Республикаси Бош вазири Андрей Кобяков ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашувда конструктив ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани ҳақида сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги анъанавий яқин дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун ҳукуматлараро комиссия салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев билан учрашувда олий даражадаги ўзаро ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларни изчил амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо, инвестиция, энергетика, транспорт ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Икки давлат ҳудудлари ўртасидаги ва ишбилармон доиралари даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Беларусь Бош вазири Андрей Кобяков билан учрашувда Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари ривожидаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди.
Қисқа вақт мобайнида машинасозлик соҳаси, агросаноат мажмуаси, озиқ-овқат, фармацевтика ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар амалга оширилди.
Томонлар ҳамкорликнинг мавжуд салмоқли салоҳиятини, авваламбор, иқтисодиётнинг реал секторидаги кооперация имкониятларини тўла ишга солишдан манфаатдор экани қайд этилди.
Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев билан учрашув чоғида Туркманистонга олий даражадаги ташрифлар ва давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини стратегик шериклик босқичига кўтаргани таъкидланди.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорлик, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги кооперацияни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Тожикистон, Қозоғистон, Беларусь ва Туркманистон ҳукуматлари раҳбарлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва ўз давлатлари раҳбарларининг эзгу тилакларини етказди.