Оқсаройда қабул
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 6 ноябрь куни Оқсаройда Халқаро инвестициявий форумда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер ҳамда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорациясининг вице-президенти Димитрис Цицирагосни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлади.
Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бунинг натижасида умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 28 қўшма лойиҳа амалга оширилди. Бу лойиҳалар электр энергетикаси, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизациялаш, сув таъминоти, ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш каби йўналишларни қамраб олган. Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришда Жаҳон банкининг улуши 2,6 миллиард долларни ташкил этди.
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шериклик муносабатларида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Унинг доирасида Жаҳон банки 300 миллион доллардан ортиқ миқдордаги узоқ муддатли имтиёзли кредит билан 4 лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватлади.
Мамлакатимизда Халқаро молия корпорациясининг 135 миллион доллар миқдоридаги инвестицияси иштирокида хусусий секторни ривожлантириш бўйича 20 лойиҳа амалга оширилди.
Суҳбат давомида Жаҳон банки гуруҳи вакиллари Ўзбекистонда 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш бўйича жорий йилда қабул қилинган стратегик дастурларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. Бу дастурларда иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш ва чуқурлаштириш, саноатни янада модернизация ва диверсификация қилиш, хусусий мулкчилик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини камайтириш кўзда тутилган.
Меҳмонлар Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистон иқтисодиётини тубдан таркибий ўзгартириш жараёнида фаол иштирок этишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шунингдек, асосий соҳалар бўйича қабул қилинган дастурлар ва қўшма инвестициявий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилишини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ҳозир Жаҳон банки 2016-2020 йилларга мўлжалланган шериклик стратегиясини тайёрлашни якунламоқда. Унинг доирасида қиймати 4 миллиард доллардан зиёд бўлган 30 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бу янги лойиҳалар электр энергетикаси, нефть-газ саноати, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот-коммуникация технологиялари, коммунал инфратузилма ва бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилган.
Халқаро молия корпорацияси билан нефть-кимё, кимё саноати, муқобил энергия манбалари ва молия соҳаларида истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг устувор соҳалари юзасидан фикр алмашилди, шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва истиқболли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.