Аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш барча раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши керак
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятида бўлди.
Ташрифнинг иккинчи куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Жиззах шаҳрида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят фаоллари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Давлатимиз раҳбари "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" деган тамойил асосида халқимиз ҳаётини яхшилаш, ҳудудларни обод қилиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
Хусусан, ўтган йили март ойидаги ташриф доирасида ишлаб чиқилган дастурга асосан Жиззах вилоятида 107 та инвестиция лойиҳаси бўйича янги объектлар ишга туширилган.
Бугунги кундаги энг муҳим вазифа – инвестиция ва технологиялар олиб келиб, янги корхоналар ташкил этиш, одамларни иш билан таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу мақсадда 2019-2020 йилларда вилоятда умумий қиймати 21 триллион 956 миллиард сўм бўлган 586 инвестиция лойиҳаси дастури ишлаб чиқилгани, бунинг натижасида 22 минг 300 дан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилгани қайд этилди. Фориш туманида базальт толаси ва шамол энергияси қурилмалари, Дўстлик туманида қуёш панеллари, Зомин туманида дори воситалари, Жиззах шаҳрида безакли ва юпқа ойна ишлаб чиқариш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Жумладан, 14,1 триллион сўм ёки жами инвестицияларнинг 64 фоизига тенг бўлган 180 та йирик саноат лойиҳасини амалга ошириш Жиззах вилоятини "саноат хаби"га айлантириш борасидаги ишларга кучли туртки бериши таъкидланди.
Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги "Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида 1 мартдан вилоятда "Илғор ҳудуд" синов лойиҳасини амалга ошириш бошланади.
Ушбу лойиҳа доирасида аҳоли даромадларини ошириш ва турмуш шароитини яхшилаш, қулай инвестиция муҳити яратиш ва янги саноат тармоқларини ривожлантириш чоралари кўрилади.
Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишларни сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан топшириқ берди.
Одамларга муносиб турмуш шароити яратиш барча бўғиндаги раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши зарур. Бунинг учун барчамиз ҳамжиҳатликда виждонан ишлашимиз керак, деди давлатимиз раҳбари.
Чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик, пиллачилик тармоқларида мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Аҳолининг маиший шароитларини, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мирзачўлда қилинган ишлар яхши тажриба, намуна бўлди. Энди Жиззах вилоятининг ҳар бир тумани марказини шу тарзда обод қилиш, зарур қурилиш-таъмирлаш ишларини шу йилнинг ўзида якунлаш керак, деди Президентимиз.
Шунингдек, жорий йилда Жиззах шаҳрида 15 та кўп қаватли арзон уй, туманларда 932 та турар жой қуриш вазифаси қўйилди. Зарафшон дарёсидан сув олиб келиш учун магистрал қувур ва насос станцияси қурилишини давом эттириш, 264 километр сув тармоғини қуриш ва таъмирлаш бўйича топшириқ берилди. Бу ишлар натижасида Зарбдор, Бахмал, Пахтакор, Мирзачўл, Дўстлик, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманлари аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланиши, уларнинг турмуш тарзи, саломатлиги яхшиланиши таъкидланди.
Йиғилишда вилоятда ижтимоий соҳада кўп йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни босқичма-босқич бартараф қилиш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.
Вилоятда таълим-тарбия соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2019 йилда 25 давлат мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш, хусусий боғчалар сонини кўпайтириш режалаштирилган. Бундан ташқари, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш бўйича 230 дан зиёд бепул гуруҳ фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг натижасида жорий йилда вилоятда мактабгача таълим қамрови 32 фоиздан 51 фоизга етади. Шунингдек, вилоятда Жанубий Корея ва Германия тажрибаси асосида 10 та инновацион болалар боғчаси барпо этиш кўзда тутилган.
Йиғилишда вилоятдаги 150 дан зиёд мактабда ўқувчилар сони меъёрга нисбатан юқорилиги, 29 мактаб қувватидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар чуқур ўргатиладиган мактабларга зарурат борлиги қайд этилди. Мутасадди ташкилотларга бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш вазифаси юкланди.
Давлатимиз раҳбари вилоятда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталди.
Жорий йилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали, вилоят перинатал маркази, эндокринология, кардиология, тери-таносил диспансерлари, Жиззах шаҳар туғруқ комплекси таъмирланади. Аҳоли ўртасида кўп кузатилаётган касалликлар таҳлилига кўра, ихтисослашган тиббиёт муассасалари қурилади.
Фаоллар йиғилишидан сўнг Президентимиз вилоят марказидаги Мирзо Улуғбек маҳалласида бўлиб, шаҳарда қурилиши режалаштирилаётган уй-жойлар, ижтимоий объектлар, ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди.
Жиззах шаҳрини ободонлаштириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар бошланган. Шаҳар бош режасига кўра, Кимёгар, Иттифоқ маҳаллаларида, Мустақиллик кўчасида 5 ва 7 қаватли уйлар қурилади, улар атрофида савдо мажмуалари, клиника, меҳмонхона ва маҳалла идоралари қад ростлайди. Айни пайтда қурилиш ишлари бошлаб юборилган.
Жиззахда туризмни ривожлантириш учун яхши имконият, қулай табиий шароит мавжуд. Сайёҳларда дастлабки таассурот эса шаҳар темир йўл вокзалидан бошланиши табиий. Шу мақсадда Жиззах темир йўл вокзали тубдан реконструкция қилинди. Барча зарур шароит яратилган вокзалдан чиқишингиз билан Мирзо Улуғбек маҳалласи бошланади. Бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилмоқда.
Хусусан, вокзал ва Тошкент кўчасини бирлаштирувчи ҳудудда 894 хонадонга мўлжалланган 7 қаватли 13 та уй қурилмоқда. Бу уйлар янги кўча бўйлаб жойлашади, атрофи ободонлаштирилиб, ўзига хос чиройли ландшафт ҳосил қилади.
Жиззах шаҳрида вилоят қўғирчоқ театри қурилади. 250 ёш томошабинга мўлжалланган мазкур маскан жорий йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бунинг учун 12 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Давлатимиз раҳбарига вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, шаҳар оқова сув тизими тармоғини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг муҳим масалалардан бири эканини таъкидлади. Режадаги ишларни тез ва сифатли бажариш юзасидан топшириқлар берди.
Лойиҳалар тақдимотида автомобиль йўллари атрофини кўкаламзорлаштириш, йўлбўйи инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳам сўз юритилди. Йўллар бўйига қайрағоч, клён, эман, акация, япон сафораси, тут, терак, лола, каштан, сурия атиргули, ҳинд сирени, магнолия каби дарахт ва гул кўчатлари экилади.
Президентимиз Жиззах шаҳридаги 3-ички ишлар бўлимида ҳам бўлиб, бу ерда ўтган йили берилган топшириқлар ижроси билан танишди.
Мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. "Хавфсиз шаҳар", "Хавфсиз туризм", "Хавфсиз хонадон" тизимлари жорий этилгани, туну кун патруллик хизмати йўлга қўйилгани натижасида одамларда адолат ва қонун устуворлигига ишонч пайдо бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизими жорий этилди.
Жиззах шаҳридаги 3-ички ишлар бўлимида ҳам шундай замонавий тизим ташкил этилди. Бўлим шаҳардаги Хайробод, Маданият, Тинчлик, Сайхон, Обод, Кимёгар, Ҳамид Олимжон ва Алишер Навоий номларидаги маҳаллаларда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатади. Тезкор навбатчилик қисмига ҳудуддаги мактаб, болалар боғчаси ва бошқа объектларни туну кун назорат қилиш имконини берадиган видеокузатув тизими жорий этилган.
Президентимиз жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ходимлар масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берди.