Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Аҳолига янада замонавий шароитлар яратиш бугунги кун талаби

9738 19 Август, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 211 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни Бекобод шаҳрида бўлди. 

Давлатимиз раҳбари ташрифини "Ўзбекистон металлургия комбинати" акциядорлик жамиятидан бошлади. 

Мамлакатимизнинг энг йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири бўлган ушбу комбинатда қора металл парчалари ва чиқиндилар қайта ишланиб, тайёр прокат маҳсулотлари, сирланган идишлар ва бошқа халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 

Президентимиз корхонанинг махсус цехлари фаолияти билан яқиндан танишди. 

Корхонада катта ҳажмдаги иқтисодий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Умумий қиймати қарийб 635 миллион долларлик олтита лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. 

Қора металл парчалари ва чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаси шулардан бири. Мазкур лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 138,2 минг тонна қора металл маҳсулотлари, сирланган идишлар ва бошқа халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш имкониятини беради, қарийб 3 минг иш ўрни яратилади. 

Амалга оширилаётган лойиҳалардан бирига биноан пўлат эритиш ва қуйиш мажмуасини қуриш ва иссиқ ҳолатда пўлат листлари ишлаб чиқариш ташкил этилади. Мазкур лойиҳани икки босқичда бажариш мўлжалланган. 

Шавкат Мирзиёев комбинат ишчи-ходимлари билан суҳбатлашди. Уларнинг унумли меҳнат қилиши ва дам олиши учун яратилган шароитлар билан қизиқди. 

Яқинда Олмалиқ шаҳрида бўлдик. Олмалиқ ва Бекобод металлурглар шаҳри ҳисобланади. Улар Тошкент вилоятининг саноати ривожланган ҳудудларидан. Шундай экан, иккала шаҳарни ҳам бирдек ривожлантиришимиз, бу ерда яшаётган аҳолини рози қилишимиз керак. Бу борада икки шаҳар ўртасида ривожланиш мусобақаси эълон қиламиз. 2017 йилнинг 1 сентябридан 2018 йилнинг шу давригача иккала шаҳарнинг ривожланиш тенденцияларини кузатиб борамиз. Бу икки металлургия комбинати ўртасида эмас, шаҳарлар ўртасидаги соғлом рақобат бўлади. Бозордаги нарх-наводан тортиб, аҳоли турмуши учун яратилаётган барча шароитлар инобатга олинади. Янги корхона ишга тушадими, янги иш ўрни яратиладими, барчасини эътиборга олиб борамиз. Бу каби соғлом рақобат икки шаҳарнинг жадал ривожланишида муҳим роль ўйнайди, деди давлатимиз раҳбари. 

Шу ерда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан намуналар намойиш этилди. 


Давлатимиз раҳбари кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга касб-ҳунар ўргатиш энг катта масала. 

Биз ёшларга мактабгача таълим муассасасидан бошлаб замонавий таълим беришимиз, уларни муносиб тарбиялашимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев. 

Президентимиз Бекобод шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли "Шудринг" номли 5-мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрди. Болаларга яратилган шароитлар билан танишди. 

Тошкент вилоятида мактабгача таълим муассасаларининг бугунги ҳолати ҳақида маълумот берилди. Бугунги кунда Тошкент вилоятида 406 мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларга 61 минг 755 бола қамраб олинган. 

Давлатимиз раҳбари Бекобод шаҳри мисолида боғча ёшидаги болаларни тўлиқ мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш дастурини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Бунда хусусий боғчаларга кенг ўрин бериш керак. 

Мактабгача таълимда бола шахсини ривожлантиришга қўйиладиган давлат талабларининг асосий йўналишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бунда болаларнинг жисмоний ривожланиши, ўзига-ўзи хизмат кўрсатиши, ижодий-эстетик қобилияти, дунёқарашини бойитиш, нутқини ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ҳудудларига ташрифи давомида мунтазам равишда аҳоли билан мулоқот қилиб, одамларнинг турмуш шароити билан қизиқади, уларни қийнаётган масала ва муаммоларга алоҳида эътибор қаратади. Бекобод шаҳридаги "Пахтакор" маҳалла фуқаролар йиғинидаги "Металлург-мадад" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли билан учрашувда ҳам бу ўз ифодасини топди. Ширкатга қарашли 8 кўп қаватли уйдаги 234 хонадонда 750 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уйларнинг том қисми таъмирдан чиқарилган, ертўласидаги эски қувурлар тўлиқ алмаштирилган, уйларга рақамли замонавий эшиклар ўрнатилиб, кузатув камералари билан жиҳозланган. Бу ҳудудда тинчлик-осойишталикни таъминлашга хизмат қилмоқда. Уйлар атрофида замонавий болалар майдончалари қурилган. 

Аммо ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган муаммолар ҳам етарли. Яъни уйларда иссиқлик тизими ишламайди. Бундай ҳолат нафақат ушбу ширкат, балки қарийб бутун Бекобод шаҳрига хос. Тоза ичимлик суви таъминоти ҳам аҳолини қийнаётган муаммолардан. Ичимлик суви мавжуд бўлса-да, сифати талабга жавоб бермайди. 

Президентимиз Навоий вилоятидаги "Аriston thermo – UTG" масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган газ иситиш қозонларини лизинг асосида уйларга ўрнатиш кераклигини таъкидлади. 

Барча ишларимиз халқни рози қилиш, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган, деди Шавкат Мирзиёев. Шунинг учун Бекобод шаҳридаги иссиқлик тизими билан таъминланмаган барча кўп қаватли уйларни индивидуал газ иситиш қозонлари билан таъминлаймиз, унга сарфланадиган зарур маблағлар ажратамиз. Хонадонларга ўрнатиладиган газ иситиш қозонлари аҳолига лизинг асосида берилади. 

Халқимиз олдида қарзимиз кўп, деди Президентимиз маҳалла аҳли билан учрашувда. Уларнинг дардини эшитиш, муаммоларини ҳал этиш учун янги тизим жорий этилди. Яъни ҳар бир туман-шаҳарда ҳоким, прокурор, солиқ бўлими бошлиғи, ички ишлар бўлими раҳбари ҳудудларга бўлиниб, муаммоларни ҳал қилади. Улар ўзига қарашли ҳудуддаги ҳар бир хонадонга кириб муаммоларини ўрганади, боғча, мактаб, шифохона ва бошқа муассасалар фаолиятидаги камчиликларни ҳал этишга кўмаклашади. Ҳар уч ойда бир марта Президентга ҳисобот беради. 

Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак. Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Уларга бугун яхши шароит яратиб беришимиз керак. Барча амалга ошираётган ишларимиздан кўзланган мақсад-муддао ҳам шу, деди Шавкат Мирзиёев. Бугун эришаётган ютуқларимиз халқимизнинг меҳнатсеварлиги самарасидир. Биргаликда фидойилик билан ишласак, бундан-да катта ютуқларга эришамиз. 

Одамларнинг яхши яшаши учун қулай шароит яратиш, зарур ҳаётий воситаларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, иш билан таъминлаш – демографик ўсиш суръати юқори бўлган мамлакатлар олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳолиси 32 миллион 345 мингдан ошди. Аҳоли сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. 

Буни Бекобод шаҳри мисолида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда шаҳар аҳолиси 90 мингдан зиёд. 2035 йилга бориб аҳоли нуфуси 110 мингга етиши кутилмоқда. Бу ўз-ўзидан "демографик ўсиш" талабларини бажаришни тақозо этади. 

Хўш, бу вазифа қандай ва ниманинг ҳисобига бажарилади? 

Президентимиз Бекобод шаҳрининг 2035 йилгача мўлжалланган бош режаси тақдимотида асосий эътиборни айни шу масалага қаратди. 

Қайд этилганидек, аҳоли турмуш фаровонлиги – меҳнат бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш, бандлик соҳасида кўрсатиладиган давлат хизматларини такомиллаштириш, шаҳар инфратузилмасини тубдан янгилаш, кичик саноат зонаси фаолиятини йўлга қўйиш сингари муҳим ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш билан таъминланади. 

Хусусан, 2017-2018 йилларда умумий қиймати 3,8 триллион сўмлик 179 лойиҳа амалиётга татбиқ этилиб, қарийб 5 минг аҳоли доимий иш жойига эга бўлади. 

Янги мавзелар қурилади, кўп қаватли уйлар қад ростлайди. 

Уйлар Ўзбекистон металлургия комбинати ва Бекобод цемент заводи ишчилари учун тижорат банкларининг кредити ҳисобидан қурилади. Ҳар йили ўртача 1 минг 200 хонадон фойдаланишга топширилади. Мавзедаги биринчи уйларни бир йилдан сўнг, Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда. 

Давлатимиз раҳбари мазкур уй-жойлар атрофида боғ яратиш, аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш объектлари қуриш, бир сўз билан айтганда, мўъжаз шаҳарча барпо этиш бўйича кўрсатмалар берди. Шаҳарчани тез ва қисқа фурсатда бунёд этиш кераклигини таъкидлаб, уни "Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви", деб номлашни таклиф қилди. 

Бекобод шаҳрида жорий йилда ҳар бири 42 хонадонга мўлжалланган етти қаватли иккита уй қурилмоқда. 2018 йилда худди шундай яна 10 кўп қаватли уй-жой барпо этилиши режалаштирилган. Шаҳар марказий шифохонаси биноси 1964 йилда қурилган, бугунги кунда таъмирталаб бўлиб қолган. 2017-2018 йилларда бу ерда 12 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилади. Бир миллион долларлик тиббий жиҳозлар келтирилиши кўзда тутилмоқда. 

Аҳолига янада кенг қулайлик яратиш мақсадида Тошкент – Бекобод йўналишида электричка қатновини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. 

Халқимизда "қадрлаган – қадр топар", деган нақл бор. Хотирлаш эса ҳаётдан кўз юмганларни эслаш ва уларнинг ҳақига хайрли дуолар қилишдир. Президентимиз Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи Мухтор Миркомиловнинг турмуш ўртоғи бевақт вафот этгани муносабати билан ўтказилаётган таъзия маросимида иштирок этиб, хонадон эгаларига чуқур ҳамдардлик билдирди, сабр-тоқат тилади. Мутасадди раҳбарларга бошига мусибат тушган ушбу оилага кўмак кўрсатиш бўйича тегишли топшириқлар берди. 

Инсонларнинг дарду ташвишини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир. Президентимизнинг ушбу теран маъноли сўзлари ҳаётимиздан тобора кенг ўрин эгалламоқда. Давлатимиз раҳбарининг амалий фаолиятида, ташаббус ва таклифларида бу ҳақиқат яққол намоён бўлмоқда. Бу Бекобод шаҳар аҳолиси вакиллари билан бўлган учрашувда ҳам яна бир бор ўз ифодасини топди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида "Металлург" маданият саройида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ва Бекобод шаҳри фаоллари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналари аҳоли билан мулоқотнинг муҳим тизимига айлангани, турли масалаларга ўз вақтида ечим топилиб, одамларни рози қилаётгани таъкидланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани қайд этилди. Аҳолига барча зарур шароитлар яратиш, коммуникация тизимларини янгилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали