Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Асосий мақсадимиз – аҳолига қулай шароитлар яратиш, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришдир

10637 4 Феврал, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 501 Kb)


Президентимиз Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди. 

Мамлакатимиз тараққиёти улкан бунёдкорлик ишларига асос бўлмоқда. Шаҳару қишлоқларда янги саноат корхоналари, ижтимоий иншоотлар, турар жойлар, йўл ва кўприклар барпо этилмоқда. Тадбиркорлик, савдо ва маиший хизматлар кенг ривожланиб, аҳоли турмуш даражаси ошиб бормоқда. 

Президентимиз томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси ушбу ислоҳотлар самарасини ошириш, мамлакат ва жамият ривожини янги босқичга кўтаришга қаратилган. 

Давлатимиз раҳбари пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда қурилаётган йўл ўтказгич билан танишди. 

Муқимий ва Бунёдкор кўчалари кесишган чорраҳада тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўлмоқда. Узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур йўл ўтказгич нафақат ҳайдовчилар ва пиёдаларга, балки шу атрофда яшаётган аҳолига ҳам бир қанча қулайликлар яратади. 

Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун умумий узунлиги 131,6 метр бўлган иккита ер усти ўтиш йўлаги ҳам барпо этилмоқда. Ёғин-сочиндан ҳимоялаш мосламалари, эскалатор ва лифтлар ўрнатилади. 

Президентимиз қурилишнинг бориши билан танишар экан, мамлакатимизда кундан-кун аҳоли фаровонлиги ошиб, хонадонларда машиналар кўпаяётгани, пойтахт кўчаларида автомобиль қатнови ортаяётганини инобатга олиш зарурлигини, бунинг учун қўшимча йўллар ва кўприклар барпо этишга эҳтиёж сезилаётганини алоҳида таъкидлади. 

Қурувчиларга ишнинг тез ва сифатли бажарилиши юзасидан тегишли тавсиялар берди. 

Кўприк Наврўз байрами арафасида ишга туширилиши мўлжалланмоқда. 

Президентимиз шу ерда Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари чорраҳасида қурилиши режалаштирилган йўл ўтказгич лойиҳаси билан ҳам танишди. 

Давлатимиз раҳбари Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишида олиб борилаётган қурилиш участкасида бўлди. 

Президентимиз ташаббуси билан транспорт соҳаси, жумладан, метрополитенни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент метрополитени аҳолига янада кенг қулайликлар яратиш, йўловчиларни ташиш хавфсизлигини таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда. Чилонзор, Ўзбекистон ва Юнусобод йўналишларидан иборат Тошкент метрополитени бугун пойтахтимиз аҳли ва меҳмонларига самарали транспорт хизмати кўрсатиб келмоқда. 

Метрополитеннинг Сергели йўналиши аввалгиларидан фарқли тарзда ер устидан ўтади. Қурилиш ишлари 2017-2020 йилларга мўлжалланган мазкур йўналишнинг узунлиги 7,1 километрни ташкил этади. У тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш мўлжалланган. 

Давлатимиз раҳбари бу лойиҳа Ўзбекистон тарихида ягоналигини алоҳида таъкидлади. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида бекатлар усти ёпиқ бўлиши кераклигини қайд этди. 

Президентимиз Сергели туманида бунёд этилаётган замонавий кўп қаватли уй-жойлар қурилишини ҳам кўздан кечирди. Мустақиллигимиз меъмори Ислом Каримов ташаббуси билан аксарият шаҳарларимиз бош режа асосида қайта қурилди. Тошкент, Нукус, Урганч, Бухоро, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз ва бошқа шаҳарларнинг бугунги жамоли бунинг яққол тасдиғидир. 


Сергели туманида 2016-2017 йиллар режасига асосан 4284 хонадондан иборат 102 замонавий кўп қаватли уй-жой қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур йирик лойиҳа ёш ва эҳтиёжманд оилаларнинг турар жойга бўлган талабини қондириш имконини яратади. Эътиборлиси, уйлар оилаларга имтиёзли ипотека кредити орқали берилади. 

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида ушбу уй-жойнинг 66 тасини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Бу ерда таълим муассасалари, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам барпо этилади. 

Асосий мақсадимиз – одамларга қулайлик яратиш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, деди Президентимиз. Мазкур уй-жойлар тақсимотида адолат мезонига қатъий риоя этилиши керак. Шунда халқимизнинг кайфияти яхши, ҳаётдан рози бўлади. Эртанги кунга ишончи ортади. Аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб, бундай уйларни Тошкент шаҳрининг барча туманларида 10 тадан қуришни режалаштирмоқдамиз. 

Мутасадди раҳбарлар ва мутахассисларга мазкур иншоотларни бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган пухта лойиҳалар асосида қуриш, уларни энг замонавий инфратузилмалар билан таъминлаш бўйича зарур тавсиялар берилди. 

Шавкат Мирзиёев Яккасарой туманидаги "Яккасарой кичик саноат зонаси" давлат унитар корхонасига ташриф буюрди. 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби пойтахтимизда ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. 


Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Сергели ва Яккасарой туманларида узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатмаётган корхоналар негизида 3 та технопарк ташкил этилган бўлиб, улар тадбиркорларга мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишда қулай шарт-шароитлар яратмоқда. 

Яккасарой туманидаги собиқ тўқимачилик комбинати ҳудудида ташкил этилган "Яккасарой кичик саноат зонаси" давлат унитар корхонасининг умумий ер майдони 61,2 гектар, бино ва иншоотлар майдони 338 минг квадрат метр. Ҳозир бу ерда 284 тадбиркорлик субъекти тўқимачилик, кимё саноати, озиқ-овқат, мебелсозлик, металлни қайта ишлаш, қоғоз, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик каби тармоқларда фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2016 йилда 630 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 48,5 миллион долларлик товарлар экспорт қилинган. 

Тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида технопарк ҳудудида банк шохобчаси, нотариал идора, темир йўл линияси хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда 6 минг 600 дан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари технопарк ҳудудидаги лойиҳалар билан танишар экан, бундай кичик саноат зоналарини пойтахтимизнинг барча туманларида ташкил этиш, уларда кичик бизнес вакилларига кенг имтиёзлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Мазкур корхоналарнинг хорижий ҳамкорлар топишига кўмаклашиш лозимлиги, бу уларнинг чет эл бозорларига чиқиши ва маҳсулотлари экспортини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. 

Зарар кўриб ишлаётган корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш билан масала ҳал бўлиб қолмайди, деди Президентимиз. Бундай корхоналар негизида барпо этилаётган технопаркларда муҳандислик-коммуникация тизими ва инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорлар фаолияти учун қулай шароитлар яратиш лозим. Бошлаётган ишидан эртага даромад келишини улар билсин. Шундагина бу соҳадаги ишлар кўзланган натижани беради. 

Шавкат Мирзиёев технопарк ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилди. Мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, экспорт фаолиятини янада ривожлантириш, хорижий кўргазмаларда фаол иштирок этишни таклиф этди. Мутасадди раҳбарларга бундай фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни янада кенгайтириш, тадбиркорларга хориждан технологиялар келтириш ва юртимизда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун инвестициялар ажратиш бўйича тегишли топшириқлар берди. 

Президентимиз Сергели туманида бунёд этиладиган "Тошкент металлургия заводи" хорижий корхонаси қурилиши лойиҳаси билан танишди. 

Лойиҳа қиймати 278,2 миллион еврони ташкил этадиган мазкур корхона таъсисчиси Буюк Британиянинг "Quality Trade Supplies L.P." компанияси ҳисобланади. 


Умумий ер майдони 100 гектардан иборат бўлган ушбу корхона қурилиш ишларини йигирма тўрт ойда якунлаш режалаштирилган. Заводга Италия, Германия, Австрия каби давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар келтирилади. Корхонада автомобиллар кузови ишлаб чиқариш учун металл листлар, қурилишда ишлатиладиган турли металл черепицалар, профнастил ҳамда маиший техникалар учун металл листлар тайёрланади. Корхона тўлиқ қувватда ишга туширилгач, 1000 дан зиёд иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ушбу корхона қурилиши бошланиши билан танишди. Мазкур металлургия заводининг мамлакатимиз иқтисодиёти ривожидаги ўрнига тўхталиб, бу ерда ишлайдиган мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Пудратчи ва қурувчилар билан суҳбатлашди, ушбу масъулиятли ишда уларга муваффақиятлар тилади. 

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва соҳага ихтисослашган касб-ҳунар коллежларида мазкур корхона учун мутахассислар тайёрлаш лозимлиги таъкидланди. 

Президентимиз Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Бешёғоч кўчалари кесишувидаги ҳудудда барпо этилаётган кўп тармоқли спорт комплекси қурилишини кўздан кечирди. 

Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлган спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва ғояси асосида қурилаётган "Ҳумо" спорт мажмуаси дизайнида замонавий қурилиш ечимлари ва илғор технологиялар миллий маданият элементлари билан уйғунлаштирилади. Мажмуа бинолари кўкка парвоз этаётган бахт ва ҳурлик рамзи – Ҳумо қуши кўринишида барпо этилади. 

Иншоот ҳар бири 60х30 метр ўлчамдаги асосий ва машқ муз ареналаридан иборат. Умумий майдони 74 минг квадрат метрни ташкил этадиган иншоот тўрт қаватдан иборат бўлади. 

Мобиль ўриндиқларга эга бўлган сарой спорт мусобақалари ўтказиш зали сифатида 14 минг, концерт зали сифатида 10 минг томошабинга мўлжалланган. Асосий бинода 300 ўринли машқ аренаси ҳам лойиҳалаштирилган. 


Аренада хоккей, шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг бўйича мусобақалар билан бир қаторда баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо ва спортнинг бошқа турлари бўйича ҳам беллашувлар ўтказиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, мажмуа байрам тадбирлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш учун ҳам барча шароитга эга бўлади. 

Мажмуа ҳудудида умумий бош режа концепциясига асосан спорт музейи, болалар учун ёпиқ майдон, тренажер заллар, фитнес маркази, замонавий овқатланиш шохобчалари, спорт анжомлари дўкони ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади. 

Мажмуанинг муҳандислик тармоқлари, ёнғин хавфсизлиги, ёритиш, вентиляция, иссиқлик манбаи, кондиционерлаш тизимлари тўлиқ автоматлашган бўлиб, тежамкор технологиялар қўлланган ҳолда лойиҳаланган. 

Бундан ташқари, бино ёнида тўрт қаватли автомобиллар турар жойи қурилиши режалаштирилган. 

Объектни 2018 йилда ишга тушириш мўлжалланмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундай замонавий спорт иншоотларининг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди, мутасаддиларга қурилиш жараёнини юқори сифатда амалга ошириш бўйича зарур тавсиялар берди. 

Президентимиз Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғидаги Шоирлар хиёбонида бир гуруҳ адиблар билан учрашди. 

Мустақиллик йилларида ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантириш, таълим муассасаларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ва тарбиявий адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди. 

Учрашувда бу масканни янада обод қилиш, одамларнинг, айниқса, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, уларни китобга ошно қилиш, машҳур адибларимиз ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништириш мақсадида уларни бу даргоҳга мунтазам равишда жалб этиш ҳақида сўз борди. 

Бу боғ буюк мутафаккир Алишер Навоий номи билан аталишида теран маъно мужассам, деди Президентимиз. Зеро, улуғ шоир ижодий мероси халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади. 

Шоирлар хиёбони шундай маскан бўлиши керакки, бу ерда мунтазам шеърлар жаранглаб туриши зарур. Зотан, шеъриятга ошно бўлган инсон асло кам бўлмайди, деди давлатимиз раҳбари. Мамлакатимиздаги барча маданий муассасаларда шеърхонлик кечалари ўтказиш, ёшларнинг бундай учрашувларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди. 

Учрашувда шоир ва ёзувчилар ижод аҳлига, китоб мутолаасига, китобхонлик маданияти тарғиботига қаратаётган юксак эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. 

Президентимиз таклифи билан 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Халқни эшитиш, аҳолининг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шу мақсадда 2016 йил 28 декабрда Президентимизнинг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. 

Мазкур фармонга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасида ҳам фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишига оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш учун барча қулайлик яратилган. 

Қабулхонага кираверишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир", деган сўзлари битилган. Муассаса фаолияти ана шу мезон асосида йўлга қўйилган. Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва сақлаш учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Ходимлар, ёш болали оналар, ногиронлар ва фуқаролар учун барча жиҳатлар эътиборга олинган. 

Тошкент шаҳрида аҳоли кўплигини инобатга олиб, бу ерда соҳавий бўлимлар ташкил этилган. Ушбу қабулхона Амир Темур кўчаси, 14-уйда жойлашган. 


Давлатимиз раҳбари Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишар экан, унинг ташкилий жиҳатларига юқори баҳо берди. Энди уни мазмунан бойитиш, ички маданиятини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

Тошкент шаҳрининг салоҳияти ҳам, аҳоли сони, одамларнинг талаби ҳам бошқа жойлардагидан юқори. Ишни шунга мувофиқ ташкил этиш керак. Бу жой халқ манфаатларини таъминлайдиган, ишончини қозонадиган даргоҳ, адолат маскани бўлсин, деди давлатимиз раҳбари. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Тошкентда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар пойтахтимиз иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини юксалтириш, уни янада замонавий ва обод шаҳарга айлантириш, аҳоли фаровонлигини бунданда оширишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали