Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси А.Абдувалиевнинг "Марказий Осиё халқаро транспорт тизимида: стратегик истиқбол ва амалга оширилмаган имкониятлар" мавзусидаги Халқаро конференция арафасида – 2018 йил 17 сентябрда ўтган Халқаро пресс-клубдаги маърузаси

7213 18 Сентябр, 2018 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 100 Kb)

Ассалому алайкум, қадрли пресс-клуб қатнашчилари!

Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Сўзим аввалида шуни айтишим керакки, барчамиз мамлакат ҳаётидаги катта бир анжуман арафасида турибмиз. Бу каби воқеа 30 йил давомида кузатилмагани боис, энг аввало қўмита томонидан бундай юқори анжуманга тайёргарлик тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқчи эдим.

Халқаро конференцияни юқори савияда ўтишини таъминлаш ва унга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Қўмита томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг ҳар бир банди бўйича масъуллар белгиланган ва тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, халқаро конференцияга йўл қурилиши ва эксплутацияси соҳасидаги чет эл хамкорларининг 50 кишилик рўйхати шакллантирилди ва Ташқи ишлар ва Ташқи савдо вазирликларига тақдим этилди. 

Таклиф этилган меҳмонлар орасида – Халқаро йўл федерацияси вакиллари, ТРАСЕКА Ҳукуматлараро комиссия бош котиби, Халқаро йўл ассоциясининг бош котиби, Осиё тараққиёт банки экспертлари, Сингапур транспорт ва коммуникация вазирлиги, Япония, Германия, Туркия ҳамда Марказий Осиёнинг йўл соҳасидаги компаниялари топ-менеджерларини киритиш мумкин.

Конференцияга тайёргарлик доирасида – йўл соҳасида бажарилаётган ишлар, халқаро маршрутлар, уларни янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар, янги халқаро маршрутларини очиш, автомобиль йўллари ҳолатлари ҳамда йўлларни таъмирлаш учун халқаро молия институтлар билан олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар ташкилотчиларга ҳамда таклиф этилган меҳмонларга тақдим этилди.

Анжуманга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида – Ташқи савдо вазирлиги бошчилигида тузилган Оператив штабга қўмита томонидан доимий асосда ишлайдиган 4 нафар ходим ажратилди.

Бугунги кунга қадар қўмита томонидан таклиф этилган меҳмонларнинг 27 таси – Халқаро конференцияда иштирок этишларини тасдиқлади ва конференцияни ўтказиш бўйича яратилган сайтдан рўйхатдан ўтдилар.

Шуни таъкидлашни истардимки, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Конференция доирасидаги 3-чи секция мажлисида қатнашадилар. Мазкур секцион йиғилиш қатнашчилари сони 110 та бўлиб, унда хорижий меҳмонлардан 71 та, Ўзбекистон томонидан эса 39 та мутахассис иштирок этади. Ушбу секция мажлисида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг Ҳукуматларо йўлчилар кенгаши котибияти бошлиғи профессор Б.Каримовнинг "Мустақил давлат ҳамдўстлиги давлатларида йўловчи ва юк ташишда халқаро автомобиль йўллари" мавзусида маъруза қилиши кутилмоқда. 

Шу билан бирга, ТРАСЕКА Ҳукуматларро комиссияси бош котиби Мирча Чиопра ва Сингапур транспорт вазири ўринбосари Келвин Фуа юқорида кўрсатиб ўтилган секция мажлисида ўз маърузалари билан иштирок этишганини маълум қилганлар. 

Жаҳондаги халқаро транспорт коммуникациялари ва халқаро йўлаклар масаласи тилга олинганда, Ўзбекистондаги мазкур коммуникацияларнинг бевосита узвий қисми бўлган – автомобиль йўллари ҳам тилга олинади. Бу борада кейинги пайтларда амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхтаб ўтмочқчи эдим. 

Бу – ўта муҳим масала. Чунки қуйидаги рақамларга эътибор қилсангиз, бунга амин бўлиш мумкин:

Сўнгги икки йил ичида жаҳон миқёсида автотранспорт воситасида юкларни ташиш ҳажми 50,8 фоиздан – 70,6 фоизга ошган. Шундан келиб чиққан ҳолда, транспорт-транзит автомобиль йўлларидан самарали фойдаланиш – ҳар қандай давлат учун улкан даромад манбаидир. 

2017 йилнинг охирида муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги транспорт коммуникацияларини ривожлантиришнинг ягона дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Қўшниларимиз билан самимий алоқалар тиклангани эса кўп соҳалар қатори улар билан ҳамкорликда янги автомобиль йўллари қуриш, у орқали хориж давлатларига йўл очиш, айни пайтдаги автомобиль йўлларини эса биргаликда таъмирлаб, фойдаланиш каби ғоят самарали ишлар ҳақида келишиб олмоқдамиз.

Буларнинг натижасида юкларни автомобиль йўллари орқали ташиш ҳажми – ўтган йил якунларига кўра 1,04 миллиард тоннани ташкил этиб, бу – олдинги йилга қараганда 3,7 фоизга кўп. Транзит юкларни ташиш ҳажми ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. 

Бугунги кунда Ўзбекистонда 10 та халқаро транспорт йўлаклари ҳамда ушбу йўналишлардаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, қайта қуриш ва фойдаланиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимиз бу борадаги 11 халқаро конвенция аъзоси ҳисобланади, 29 давлат билан соҳага тегишли шартномаларга имзо чеккан.

Ушбу тадбирлар доирасида – Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан халқаро юкларни ташишга мўлжалланган 52 та автомобиль йўллари белгиланган.

Икки оғиз бугун мамлакатимиз автомобиль йўлларидаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳақида.

Республика бўйича жами 184 минг км автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан 116 минг 560 км ички хўжаликлараро, қишлоқ, шаҳар ва овулларнинг автомобиль йўллари ҳамда 42 минг 676 км умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларидан иборат.

Бу борада қилинган ва қилинаётган ишлар ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Лекин келинг, қилинаётган ишларнинг рақамлардаги аксига мурожаат қилиб қўя қолайлик. Мен Сизга ҳозир 2018 йилнинг 1-ярмида қилинган ишларни – ўтган йилги шу даврга таққосланган солиштирма маълумотларни келтираман:

а) Қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича:

2017 йилда – 40 км қурилиб, реконструкция қилинган, 21,5 км капитал таъмирланган, жами – 61,5 км

2018 йилда – 137,7 км қурилиб, реконструкция қилинган, 20,5 км капитал таъмирланган, жами 158,2 км

Кўрсаткич ўтган 2017 йилга нисбатан 257 фоизга ўсган

б) Жорий таъмирлаш ва сақлаш бўйича:

2017 йилда – 1120 км

2018 йилда – 1275 км

Кўрсаткич ўтган 2017 йилга нисбатан 113,8 фоизга ўсган

в) Ички хўжалик йўллари ва шаҳар кўчалари бўйича:

2017 йилда – 2760 км йўллар таъмирланган

2018 йилда – аввалги дастурлар бўйича – 1682 км, "Обод қишлоқ" дастури бўйича – 1351 км, "Обод маҳалла" дастури бўйича – 26 км, 

жами – 3059 км

Кўрсаткич ўтган 2017 йилга нисбатан 110,8 фоизга ўсган

Бу рақамлар ортида – минглаб йўлсозларимизнинг улкан меҳнатлари ётибди.

Мазкур тадбирларни амалга ошириш орқали йўл ишлари учун ажратилаётган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланишга эришилди ҳамда таъмирланадиган йўл қисмларининг кўпайиши билан бирга, уларнинг узоқ муддат хизмат қилиниши таъминлаш йўлида ҳаракатлар олиб борилмоқда. 

Эътиборингиз учун раҳмат.

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали