Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Автомобил йўллари давлат қўмитаси раиси А.Абдувалиевнинг "Йўл транспорти ва мухандислик коммуникатсия инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари" мавзусидаги 24-ноябр 2017-йил халқаро илмий-техникавий анжумандаги маърузаси

15013 27 Ноябр, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 110 Kb)

     Автомобил йўллари давлат қўмитаси раиси А.Абдувалиевнинг "Йўл транспорти ва мухандислик коммуникатсия инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари" мавзусидаги халқаро илмий-техникавий анжумандаги маърузаси

   Ҳурматли хонимлар ва жаноблар, қадрли анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, муҳтарам ҳамкасблар!

      Энг аввало Автомобил йўллари давлат қўмитаси жамоаси ва шахсан ўз номимдан "Йўл транспорти ва мухандислик коммуникатсия инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари" мавзусида халқаро илмий-техникавий анжумани қатнашчиларини қизғин қутлашга ижозат бергайсизлар.
      Ўзбекистонда йўл-транспорт коммуникатсиялари ишлаб чиқаришнинг ҳамда ижтимоий инфратузилманинг муҳим таркибий қисми бўлиб, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутади.
      Бугунги кунда Республикамиздаги темир йўллари узунлиги 8,0 минг километрни, автомобил йўллари – 184 минг, магистрал труба ўтказгичлари эса – 13,9 минг километрни ташкил этади.
Шундан автомобил йўллари орқали ташувлар энг юқори ўринларда туриб, юкларнинг 91 фоизи, йўловчиларнинг эса 98 фоиз ҳиссаси айнан мазкур йўлларга тўғри келади.
      Ўзбекистон Республикаси автомобил транспорти ва йўлларига дахлдор бўлган 30 дан ортиқ халқаро конвентсиялар, келишувлар ва шартномаларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган, миллий транспорт коммуникатсияларни ривожлантириш, миллий тизимларни халқаро транспорт тизимлари билан уйғунлаштиришга қаратилган қатор дастурлар иштирокчиси саналади.
Республика ҳудуди орқали 20 дан ортиқ халқаро транспорт маршрутлари ва йўналишлари ўтади.
      Шу билан бир қаторда Буюк ипак йўлининг асосий йўналишлари ҳам ўтган.
Мустақиллик йилларида республикада йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, автомобил йўллари тармоғини ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилиши натижасида умумий фойдаланишдаги ҳалқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўлларининг ҳолати тубдан яхшиланиб республика, вилоят ва туман марказларини ҳавфсиз транспорт алоқаси билан таъминлашга эришилди.
      Муҳим транзит артериялари бўлмиш – Қамчиқ довонидан ўтган, иккита туннел қурилишини ўз ичига олган "Тошкент-Ўш", "Тошкент-Термиз", "Самарқанд-Бухоро-Олот", "Қўнғирот-Бейнов", "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов" каби автомобил йўллари, бундан ташқари шу йўллардаги йирик аҳоли пунктлари бўлмиш – Жиззах, Гулистон, Қўқон, Каттақўрғон, Бўка, Олот ва Сайроб шаҳарларини айланиб ўтиш йўллари янгидан қурилди.
    "Гулистон-Оҳангарон" янги автомобил йўлининг қурилиши эса Республиканинг Фарғона водийсини жанубий, шимолий-ғарбий минтақалар билан қисқа муддатда боғлаш баробарида уларга пойтахтни айланиб ўтиш имконини берди.
     2700 км дан иборат "Ўзбек Миллий магистрали"ни реконструктсия қилиш ва ривожлантириш лойиҳаси бугунги кунда ҳам изчил давом этмоқда. Бунда "Бейнов-Қўнғирот-Бухоро-Самарқанд-Тошкент-Андижон", "Бухоро-Олот", "Бухоро-Қарши-Ғузор-Термиз" ва "Самарқанд-Ғузор" каби йўналишлардаги 2 тасмали йўллар биринчи категория ҳисобланган – 4 тасмалига ўтказилиб, тегишли геометрик талабларга жавоб берган ҳолда бир ўққа тушадиган юк оғирлиги 10 тоннадан 13 тоннага ўтказилишига эътибор қаратилмоқда. 500 километрдан ортиқ йўллар эса тсемент-бетон қатламликка ўтказилмоқда.
      Дастурлар доирасида, шунингдек, Бухоро, Қарши, Беруний, Тўрткўл шаҳарларини айланиб ўтиш йўллари, кўприк ва йўл ўтказгичлар барпо қилинмоқда.
Автомобил йўллари қурилиши ва реконструктсиясини жадаллаштириш мақсадида халқаро молия институтларининг 2,04 млрд. АҚШ долларига тенг миқдордаги маблағлари жалб этилган. Жумладан:
      Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан - А-380 автомобил йўлининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудларидаги 40 км қисми асфалт-бетон қопламалига ўтказилиб, 141 км йўл эса эса тсемент-бетон қопламали тарзда  реконструктсия қилинди, "Қамчиқ" довонида – Тошкент ва Наманган вилоятларидаги тоғли ҳудудлардан ўтган 58 км автомобил йўли, Бухоро вилояти ҳудудидаги 125 км автомобил йўллари тсемент-бетон қоришмали қопламага ўтказилмоқда;
Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан – Сурхондарё вилоятидаги 100 км асфалт-бетон қопламали йўллар реконструктсия қилинмоқда;
      Жаҳон банки маблағлари ҳисобига Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги маҳаллий аҳамиятга эка автомобил йўлларини ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилмоқда;
      Саулия ривожланиш жамғармаси ва араб иқтисодий ривожланиши Қувайт жамғармаси маблағлари ҳисобига Қашқадарё вилоятидаги 35 км автомобил  йўллари реконструктсия қилинмоқда.
Шу билан бирга, республиканинг жадал иқтисодий ривожланиши – автомобил йўлларидаги сунъий иншоотлар ҳажмининг ҳам таъмирланишини талаб қилади.
      Соҳадаги бошқарув тизимининг шу пайтгача бўлган ҳолати баъзи бир ташкилий масалаларни ҳал этишни талаб қиларди. Шу пайтгача автомобил йўлларини бошқариш, уларни яхши ҳолатдаги транспорт-експлуататсиясини таъминлаб туриш учун ягона  давлат бошқаруви мавжуд эмас эди. Масалан, 42654 км узунликдаги умумий фойдаланувдаги автомобил йўллари, яъни умумий автомобил йўлининг 23 фоизи – собиқ "Ўзавтойўл" ДАК балансида бўлган бўлса, қолган 142 минг км автомобил йўллари (умумий тизимнинг 77 фоизи) – маҳаллий ҳокимиятлар қошидаги коммунал хўжалик бўлимлари ва ободончилик бошқармалари ихтиёрида эди.
       Туманлардаги коммунал хўжалик бирлашмалари ўз ҳудудларидаги йўлларни лойиҳалаш, таъмирлаш ва қуришда ўша йўлларнинг эгаси сифатида ўзларининг техник сиёсатларини юритар, бу эса умумий йўл хўжалиги сиёсатини юритишда салбий асоратини қолдирмай қўймас эди.
       Лойиҳа-смета ҳужжатлари техник талабларга тўлиқ жавоб бера олмас, бундан ташқари автомобил йўлларини сақлаш ва жорий таъмир этишда мутахассис кадрларнинг тақчиллиги оқибатида ички хўжалик йўлларининг умумий ҳолати қўйилган талабларга жавоб бера олмай қолганди.
Автомобил йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш ишларига комплекс ёндашиш асосида йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, бу борада лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш имконини берадиган тўлақонли буюртмачи хизматини яратиш мақсадида жорий йилнинг феврал ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ва қатор қарорлари қабул қилинди. 
      Уларга асосан Автомобил йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-актсиядорлик компанияси ("Ўзавтойўл" ДАК) негизида   

       Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллари давлат қўмитасини ташкил этилди.
       Йўл хўжалигини бошқаришнинг янги тизими ташкил этилди.


      Давлат қўмитаси - автомобил йўлларини бошқариш бўйича махсус ваколатларга эга бўлган давлат органи сифатида белгиланди.
      Умумий фойдаланувдаги ҳамда хўжаликлараро қишлоқ автомобил йўллари, шаҳар кўчалари, шаҳар посёлкалари, қишлов ва овулларнинг кўчаларида лойиҳалаштириш, қуриш, реконструктсия қилиш ва таъмирлаш ишларида буюртмачи вазифасини бажариш – қўмитанинг тегишли бўлинмалари ихтиёрига берилди.
      Қўмита таркибида қўшимча тарзда автомобил йўллари ва кўприкларни қуриш ва таъмирлаш, йўл-қурилиш материаллари ишлаб чиқиш ҳамда кўкалашзорлаштириш ва ободонлаштиришга ихтисослашган қўшимча корхоналар ташкил этилди.
      Қўмитанинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
автомобил йўллари соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш;
автомобил йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш;
автомобил йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш;
замонавий транспорт оқими шароитида автомобил йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобил йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлаш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш;
хўжаликлараро қишлоқ автомобил йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш, улардан транспортда фойдаланиш даражаси юқори бўлишини таъминлаш;
       илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобил йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструктсия қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инноватсион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш;
умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструктсия қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, сифат стандартларига риоя этилишини таъминлаш;
автомобил йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш.
      Автомобил йўлларини қуриш ва реконструктсия қилиш дастури тўлиқ қайта кўриб чиқилди.
      Минтақавий автомобил йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш ва уларни эксплуататсия қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини яқин йилларда ва келажакда истиқболли ривожлантириш    белгилаб олинди.
      Қабул қилинган дастурга асосан 2018-2020 йиллар давомида "Ўзбек Миллий автомагистрали" таркибига кирган 1 227,8 км автомобил йўллари, шунингдек, кўприклар, йўл ўтказгичлар ва транспорт ечимларини қуриш ва реконструктсия қилиш белгиланган. Улардан:
    А380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов" автомобил йўлининг 698-765 км, 796-812 км, 916-964 км (умумий узунлиги 57 км бўлган) қисмларини реконструктсия қилиш.
    А380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов" автомобил йўлининг 964-1204 км (умумий узунлиги 240 км бўлган) қисмини реконструктсия қилиш.
    М37 "Самарканд ш.- Бухоро-Туркманбоши" автомобил йўлининг умумий узунлиги 20 км қисмини реконстуктсия қилиш.
    А-380 автомобил йўлининг Бухоро-Қарши-Ғузор йўналишидаги 0-49 км, 70-130 км оралиғидаги (умумий узунлиги 103 км бўлган) 4 тасмали қисмларини бир ўққа тушадиган 13 тонналига айлантириш.
     А373 автомобил йўлининг Тошкент-Андижон йўналишидаги 135-километр қисмида, 353-388 км ва 423-450 км (умумий узунлиги 90 км) қисмларини бир ўққа тушадиган 13 тонналига айлантириш.
    А 373 "Гулистон-Оҳангарон" автомобил йўлининг умумий узунлиги 26 км бўлган қисмини реконструктсия қилиш.
    2018-2025 йиллар давомида умумий фойдаланувда бўлган автомобил йўлларида қуйидаги ишлар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда:
    А-378 автомобил йўлининг "Навоий-Нуробод" йўналишидаги (Навоий вилоятидаги 4Р52 йўлининг 142-155 км, Самарқанд вилоятидаги 4Р52 0-80 км, умумий узунлиги 95 км бўлган) 2 полосали йўлларни бир ўққа тушадиган 13 тонналига айлантириш.
    М-39 автомобил йўлининг Бойсун-Денов-Сариосиё йўналишидаги (Сурхандарё вилоятидаги 4Р105б; 4Р105; 4Р100 автомобил йўллари, умумий узунлиги 125 км бўлган) 2 полосали йўлларни бир ўққа тушадиган 13 тонналига айлантириш.
    Маъруза давомида шу каби яна бир нечта мисолларни келтириб ўтишимиз мумкин.
    Шу билан бирга, юқорида кўрсатилган муддатларда халқаро молиявий институтларнинг маблағлари ҳисобига 1 172,5 км автомобил йўллари ва кўприклар, йўл ўтказгичлар ва транспорт ечимларини қуриш ва реконструктсия қилиш режалаштирилмоқда.
    Бундан ташқари, 2015-2030 йиллар давомида қуйидагилар ҳам кўзда тутилганини алоҳида қайд этмоқчиман:
8 минг км узунликдаги халқаро аҳамиятда бўлган умумий фойдаланувдаги, жумладан, халқаро транспорт йўлаклари тизимига кирган автомобил йўлларини қуриш ва реконструктсия қилиш;
"Навоий-Бухоро-Қарши-Ғузор" йўналишига муқобил бўлган "Навоий-Кўкдала-Ғузор" йўналишини қуриш ва реконструктсия қилиш;
    Навоий – Зарафшон – Учқудуқ – Қизилўрда, Жиззах – Нурота – Тупроққалъа, кейинроқ Урганч ва Нукус йўналишлари бўйлаб, босқичма босқич тарзда қатор янги халқаро ҳамда минтақалараро автомобил йўллари йўналишларини очиш;
     Қарийб 28 минг км узунликдаги давлат ва маҳаллий аҳамиятда бўлган автомобил йўлларида – шағал қатламдан асфалт қатламга ўтказиш ҳисобига капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш;
     тиғиз транспорт тугунлари ва сув иншоотлари бўлган ҳудудларда 50 дан ортиқ транспорт ечимлари қурилди, бу ишларни давом эттириш;
     2 минг километрга яқин пулли автомагистраллар ва тезюрар йўллар қурилиши кўзда тутилмоқда;
Асосий эътибор ҳудудлардаги маҳаллий автомобил йўлларини янада ривожлантиришга қаратилади. 
Автотранспорт воситаларининг транзит қатновларини кўпайтириш мақсадида қуйидаги йўналишларда халқаро йўлаклар ҳолати яхшиланади:
     Россия Федератсияси, Украина ва Европа мамлакатларига чиқиш учун шимолий ва шимолий-ғарбий йўналишларда;
-    Кавказ, Эрон, Туркия ва Европа давлатларига чиқиш мақсадида ғарбий ва жанубий-ғарбий йўналишларда;
-    Афғонистон, Эрон ва Чаҳбаҳор, Бандар Аббос денгиз портларига чиқиш, шунингдек, муқобил йўналиш сифатида      Афғонистон, Покистон орқали Карачи, Қосим, Гвадар каби денгиз портларига чиқиш мақсадида – Трансафғон халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш;
-    Хитой Халқ Республикасига чиқиш мақсадида шарқий йўналишларни кенгайтириш.
Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар минтақадаги йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш баробарида – мамлакатдаги, шу билан бир вақтда халқаро транспорт йўлакларини янада тараққий эттириш имконини беради.
      Бугунги анжуман ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга, шу баробарда, ўзаро алоқаларимизни бундан буён йўлга қўйиш стратегиясини белгилашда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига умид билдираман.


Анжуман қатнашчиларига – кунни сермазмун ва муваффақиятли ўтказишларини тилайман!
Эътиборингиз учун раҳмат!!

   Ўзбекистон Республикаси Автомобил йўллар давлат қўмита раиси: А. Абдувалиевнинг маърузаси

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали