Барча ишларимиз туб замирида халқимизни рози қилиш мақсади мужассам
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан пойтахтимизда улкан бунёдкорлик ишлари, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида стратегик аҳамиятга эга йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш, Тошкентни замонавий мегаполисга айлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Пойтахтимиз туманларига бу галги ташриф давомида ҳам асосий эътибор ана шу йўлдаги долзарб режа ва лойиҳалар ижросига қаратилди.
Президентимиз дастлаб "Тошкент-Шарқий" аэродроми базасида барпо этилаётган ишбилармонлик аэропорти қурилиш участкасига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 2 декабрь куни мазкур лойиҳа билан танишиб, бизнес-авиацияни ташкил этиш ва бундай турдаги барча хизматларни кўрсатишга қодир замонавий инфратузилмани барпо этиш борасида кўрсатмалар берган эди.
Ишбилармонлик аэропорти Марказий Осиё минтақасида мутлақо янги тизим бўлиб, якка тартибдаги ва корпоратив парвозларга ихтисослашади. Лойиҳа мамлакатимиз транспорт ва транзит имкониятларини янада оширишда муҳим ўрин тутади. Айни пайтда олий даражадаги меҳмонлар, хорижий делегациялар, ишбилармонлар, сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатади.
Ҳозирги вақтда эски учиш-қўниш йўлаги ўрнига 4 километрлик замонавий йўлак қурилмоқда. Соатига 250 йўловчини ўтказиш имкониятига эга терминал барпо этиш, кейинги босқичда қўшимча инфратузилма объектлари, меҳмонхона мажмуаси қуриш режалаштирилган.
Шу кунга қадар бу ерда қарийб 20 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Қурилиш-монтаж ишларига 100 дан ортиқ махсус техника жалб этилган.
Аэродром ҳудудида бир вақтнинг ўзида 20 та самолётга хизмат кўрсатадиган перрон қурилади. Шунингдек, қўриқлаш, алоқа ва хавфсизлик пунктлари бунёд этилиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳа доирасида ҳаво лайнерларига техник хизмат кўрсатиш маркази, самолёт ва вертолётларни сақлаш учун замонавий ангар, ёнғин хавфсизлиги депоси қурилади. Шу билан бирга, диспетчерлик маркази ва йўловчилар учун овқатланиш биноси барпо этилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичи 2020 йилда якунланиши белгиланган.
– Бизнес-аэропортда хорижий ишбилармонларга ҳар томонлама маъқул бўладиган хизматларни йўлга қўйиш учун лойиҳаси мукаммал бўлиши керак. Самолётдан тушган одам халқимизнинг нечоғли бағрикенг ва меҳмондўст эканини ҳис этиши керак. Шу боис замонавий лойиҳа институти ташкил этиб, Япония, Германия каби мамлакатлардан малакали мутахассисларни ишга жалб этиш лозим. Ана шундай қилсак, бу аэропорт халқимизга, фарзандларимизга кўп йиллар хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз пойтахтимизнинг Махтумқули ва Оҳангарон кўчалари кесишмасида барпо этилаётган уч қаватли замонавий кўприк лойиҳасини кўздан кечирди.
Энг гавжум чорраҳалардан бири бўлган мазкур ҳудудда уч қаватли янги кўприк қурилиши тирбандликни камайтириб, ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлайди.
Кўприкнинг Паркент кўчасидан Оҳангарон шоссесига ўтувчи қисмида узунлиги 500 метрдан зиёд тунель қурилади. Иккинчи босқичда Қорасув даҳасидан Махтумқули кўчасига чиқувчи йўлнинг мазкур тунель устидан ўтган қисмида айланма кўприк бунёд этилади. Иккала кўприк устидан ўтувчи учинчи қават Махтумқули ва Темур Малик кўчаларини туташтиради. Шунингдек, Тошкент механика заводида таъмирланган самолётларни ишбилармонлик аэропортига олиб бориш учун йўл ўтказгич барпо этиш режалаштирилган.
Таъкидлаш жоизки, шу чоққача юртимизда уч қават кўприк қурилмаган эди. Эндиликда Ўзбекистон эстакада бунёд этиш тажрибасини ҳам ўзлаштирмоқда.
Қурилиш ишларини 2019 йил август ойида тўлиқ якунлаш режалаштирилмоқда.
– Бу кўприк келгусида Тошкент шаҳрининг ўзига хос ташриф қоғози бўлади, – деди Президентимиз. – Ўзбекистон учун янгилик бўлган ушбу маҳобатли иншоот Чорвоқ ва Чимён ҳудудини ривожлантиришга замин яратади. Кўприк қурилиши жараёнида автомобиллар ҳаракати тўхтатилмайди.
Янги транспорт боғламаси Тошкент шаҳридан Чорвоқ ҳудудига борувчи йўлни 22 километрга қисқартирмоқда. Айни пайтда пойтахт аҳолиси ва хорижлик сайёҳларнинг Чорвоқ ҳамда Чимён ҳудудига тез ва осон етиб олиши учун Чирчиқ дарёси устидан кўприк бунёд этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев янги кўприкни замонавий технологиялар асосида сифатли бунёд этиш, коммуникация тармоқларини жойлаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.
– Асосийси, ёз жазирамасида бу ерда қурилиш ишлари транспорт қатновига ноқулайлик туғдирмаслиги зарур. Буни ҳозирдан ўйлаб пухта ечим топиш, қурилишни 3 сменада ташкил этиш лозим, – деди Президентимиз.
Шу ерда давлатимиз раҳбарига Тошкент ерусти ҳалқа метро линиясини қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари Чилонзор туманининг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишувидаги ҳудудда барпо этилаётган кўп тармоқли "Ҳумо Арена" муз саройи қурилишини кўздан кечирди.
Ушбу мажмуа дизайнида замонавий қурилиш ечимлари ва илғор технологиялар миллий маданият элементлари билан уйғунлашиб кетган. Мажмуа кўкда парвоз этаётган бахт ва ҳурлик рамзи – Ҳумо қуши шаклида барпо этилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 февраль куни "Ҳумо Арена" лойиҳаси билан танишиб, бу каби замонавий спорт иншоотларининг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган, мутасадди раҳбарларга қурилишни юқори сифат билан амалга ошириш бўйича зарур кўрсатмалар берган эди.
Иншоот икки қисмдан иборат бўлиб, унда асосий ва машқ муз ареналари жой олади. Умумий майдони 82 минг 250 квадрат метрдан иборат 6 қаватли иншоотнинг энг баланд нуқтаси 40 метрни ташкил этади.
Мобиль ўриндиқлар билан жиҳозланадиган саройда хоккей ўйинларини 12 минг 500, бошқа спорт мусобақаларини 14 минг, турли концерт ва дам олиш дастурларини 10 минг томошабин кузатиш имконига эга бўлади. Дам олиш маскани ва ижтимоий марказ сифатида барпо этилаётган муз саройида турли тадбирларни ўтказиш мумкин бўлади. Хусусан, аренада халқаро хоккей ўйинлари, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек бўйича мусобақалар, баскетбол, волейбол, гандбол, футзал, бокс, таэквондо, қиличбозлик баҳсларини ўтказиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, мажмуада умумхалқ байрамлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш мумкин.
Мажмуада муҳандислик тармоқлари, ёнғинни ўчириш, совутиш тизимлари, ёритиш, вентиляция, иссиқлик манбаи тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда, тежамкор технологиялар қўлланилади. Унинг ёнида 1 минг 375 автомобилга мўлжалланган 5 қаватли автотураргоҳ қурилмоқда.
Президентимиз ушбу мажмуада шуғулланадиган хоккей, фигурали учиш ва бошқа спорт турлари бўйича жамоаларни ҳозирдан шакллантириш, бу ерда йирик халқаро мусобақаларни ташкиллаштириш масаласини ўрганиб чиқиш лозимлигини таъкидлади.
Мазкур мажмуани йил охирига қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Бугунги кунда Тошкент шаҳри маркази улкан қурилиш майдонига айланган. 80 гектар ҳудудда барпо этилаётган "Tоshkent City" халқаро ишбилармонлик марказига нафақат юртимиз тадбиркорлари, балки хорижлик инвесторлар ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Президентимизнинг мазкур ҳудудга ташрифи ва қурилиш ишлари билан танишуви чоғида бу ҳақда алоҳида сўз юритилди.
Ҳозирги кунда мазкур замонавий марказ ҳудуди 7 қисмга бўлиниб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтгача 42 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилган, "Конгресс холл" ва беш юлдузли меҳмонхонанинг ерости монолит қопламаларини мустаҳкамлаш якунланган.
Давлатимиз раҳбари "Tоshkent City" қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Қурувчи-муҳандислар, хорижлик мутахассислар билан суҳбатлашди.
Бугунга қадар "Tоshkent City" маъмурияти томонидан Буюк Британия, Германия, Италия, Жанубий Корея компаниялари билан замонавий турар жойлар, офис ва савдо мажмуалари, таълим муассасалари, 2 та 20 қаватли савдо-кўнгилочар марказ, 40 қаватли мультифункционал бино ва иншоотлар қурилишига инвестиция киритиш бўйича лойиҳалар имзоланди.
Президентимиз меҳмонхона ва "Конгресс-холл"нинг ички дизайни, кириш қисмлари ҳамда нуфузли халқаро анжуманларни ўтказишга мўлжалланган заллар интерьерлари лойиҳаси билан танишиб, уларни миллий услубда безаш ва жиҳозлаш юзасидан зарур тавсиялар берди.
Пойтахтимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликнинг олдини олиш мақсадида кўплаб кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этилмоқда. Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида қурилаётган замонавий йўл ўтказгич шулардан биридир.
Янги кўприкнинг умумий узунлиги 676 метр, шундан эстакада қисми 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8 метр, кенглиги 24,5 метрга тенг. Транспортлар 6 қаторда ҳаракатланади. Шунингдек, 124 метрлик иккита пиёдалар ўтиш кўприги ҳам қурилаяпти. Ногирон ва кексаларга қулайлик яратиш мақсадида уларда махсус лифт, эскалатор ўрнатиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди, қурувчилар билан мулоқот қилди.
– Янги кўприклар сифатли, жуда пухта бўлиши керак. Бунинг учун ўз ишимизга фидойилик билан ёндашиб, кўприксозлик бўйича илғор хориж тажрибасини ўрганиб боришимиз зарур, – деди Президентимиз.
Янги иншоотни лойиҳалаштиришда ёритиш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, кўприкка жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган энергия тежамкор жиҳозлар ўрнатилади. Қурилишда Германиядан келтирилган замонавий техникадан фойдаланилаётгани иш унумдорлигини оширмоқда. Бугунги кунгача 256 та тўсиндан 234 таси ўрнатилган, 276 та призматик қозиқнинг барчаси қоқилган, шунингдек, пиёдалар ўтиш йўлагидаги таянч устунлар тўлиқ ўрнатилган.
Шу ерда янги кўприклар қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва эксплуатация қилиш борасидаги ишлар тақдимоти ўтказилди. Тошкент шаҳрида яна ўн бешта жойда йўл ўтказгичлар қурилиши маълум қилинди.
Давлатимиз раҳбари кўприкларни сақлаш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш масаласи ҳам ғоят долзарб эканини қайд этди. Соҳа учун махсус мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган коллежлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.
Юртимизда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, одамларимиз учун замонавий шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, "Обод қишлоқ" дастури амалга оширилмоқда. Энди шаҳарлар учун "Обод маҳалла" дастури ишлаб чиқилмоқда.
Чилонзор туманидаги Хирмонтепа маҳалласи тажриба тариқасида ушбу концепция асосида обод қилинмоқда. Ҳудудда жойлашган 24 та кўп қаватли уй таъмирланди. Маҳалла идораси ходимлари, профилактика инспекторлари учун бино, коммунал тўловлар шохобчаси, болалар ва спорт майдончалари барпо этилмоқда.
Президентимиз шу ерда маҳалла фаоллари, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ва болалар билан суҳбатлашди, уларнинг ўй-ташвишлари билан қизиқди.
– Ҳар бир маҳаллани Жиззахдаги Манасга ўхшатиб обод қилишимиз керак. Барча ишларимиз туб замирида халқимизни рози қилиш мақсади мужассам. Бунинг учун барча имкониятларни ишга соламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги Тирсакобод маҳалласида ҳам бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишди.
"Тирсакобод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 9 кўп қаватли уй ва 864 ҳовли мавжуд. Бу ерда яшаётган 5 минг 200 дан ортиқ аҳоли орасида турли миллат вакиллари бор.
Маҳаллада Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
"Sherobod building" масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда маҳалла марказида чойхона, новвойхона, гўзаллик салони, дўконлар, спорт ва болалар майдончаларининг замонавий қиёфада қад ростлаши маҳалла аҳли ва унга ёндош ҳудуд аҳолиси учун айни муддао бўлмоқда.
Бу ерда "Обод маҳалла" лойиҳаси асосида маҳалла раиси, котиби, маслаҳатчилар, профилактика инспектори, нуронийлар учун хоналар, кутубхона, мажлислар зали, болалар майдончаси, ёшлар учун спорт иншоотлари, фавворалар қурилиши, ўриндиқлар, соябонлар, тунги ёритгич мосламалари ўрнатиш каби ишлар жадал кетмоқда.
Давлатимиз раҳбари маҳалла фаоллари билан мулоқотда бўлди.
Пойтахтимиз ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий маҳалла марказлари бунёд этиш, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, унинг фаровонлиги ва тинчлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри ва туманлари ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда пойтахтимизда саноат ва кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, муҳандислик коммуникация тармоқларини яхшилаш бўйича долзарб чора-тадбирлар белгилаб берилди.