Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Барча соҳаларда ислоҳотлар самарасини янада ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш – энг муҳим вазифа

7190 13 Июн, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 112 Kb)


Тошкент шаҳрида 12 июнь куни видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича кутилаётган натижаларни олдиндан таҳлил қилиш, мавжуд камчиликларни тезкорлик билан бартараф этган ҳолда, барча соҳа ва тармоқларда белгиланган прогноз кўрсаткичлари ва мақсадли параметрларга эришишни таъминлаш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди. 

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди. Видеоконференция алоқаси орқали йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, жойлардаги корхоналарнинг раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва тадбиркорлар қатнашди. 

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошқарди. 

Йиғилишда мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш бўйича белгилаб олинган стратегик вазифаларни амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг ўтган даврида эришилган ижобий натижалар эътироф этилиб, бугунги ислоҳотлар жараёнидаги камчилик ва муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари, ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича таҳлил қилинди. Жумладан, давлат бошқаруви органлари тизимида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш ва самарасини ошириш бўйича кейинги пайтда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бу борада, айниқса, 22 вазирлик, давлат қўмитаси, компания, уюшма ва бошқа тузилмалар янгидан ёки қайта ташкил этилгани, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари таркибидаги ўнлаб идоралар тузилмаси ўзгартирилиб, уларнинг асосий вазифа ва функцияларига аниқликлар киритилгани муҳим амалий қадам сифатида қайд этилди. 

Айни пайтда мазкур ўзгаришлар ҳамма соҳада ҳам кутилган натижаларни бермаётгани, баъзи янги вазирлик ва идоралар ўз фаолиятини ҳанузгача самарали йўлга қўймагани, бу эса 2017 йил учун белгиланган дастурлар ижросини таъминлашга салбий таъсир кўрсатаётгани танқид қилинди. Жумладан, ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганига бир неча ой ўтганига қарамасдан, "Ўзагроэкспортбанк" ва "Пойтахтбанк"нинг муассислари томонидан ушбу банкларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ҳалигача таъминланмагани сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. 

Йиғилишда, айниқса, иқтисодиётни бошқариш соҳасида эски қолипдаги, реал ҳаётдан узоқ, юзаки ёндашувларга йўл қўйиб бўлмаслиги, бугунги шиддатли тараққиёт ҳамма соҳаларда вазиятни танқидий баҳолаб, уларни ривожлантиришда янгича усул ва самарали тизимларни, замонавий бошқарув усулларини жорий этишни, юксак масъулият ва ташаббускорликни талаб этишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Давлатимиз раҳбари Ҳукуматнинг шу даврдаги фаолиятини таҳлил қилиб, ҳудудлар билан ишлаш, ҳар бир муаммони жойларга борган ҳолда, чуқур ва пухта ўрганиб, изчил ҳал этиш, самара ва натижадорлик Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари фаолиятини баҳолашда муҳим мезон бўлишини таъкидлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтисодиётнинг айрим соҳа ва тармоқларида биринчи ярим йиллик якуни бўйича кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритиб, бу борада қатор комплекслар, вазирлик ва тармоқлар раҳбарларига жиддий эътирозлар борлигини қайд этди. Масалан, "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компаниясининг қўшма корхоналарида газ қазиб чиқаришда қолоқликка йўл қўйилмоқда. Енгил, озиқ-овқат, чарм-пойабзал саноатининг айрим корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш етарли даражада таъминланмаган. 

Йиғилишда таъкидланганидек, жойларга бориб, ҳар бир вилоятнинг ўзида қўшимча резерв ва имкониятлар излаб топиш, шу асосда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш амалиёти ижобий натижа бермоқда. Бугунги кунгача умумий қиймати 23 триллион сўмдан ортиқ 1260 лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича янги имкониятлар мавжудлиги аниқланди. Шу билан бирга, ҳудудларни ривожлантириш, ички бозорни маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини кўпайтиришга, энг муҳими, одамларни иш билан таъминлаш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган ушбу муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ҳам, афсуски, оқсоқлик ва камчиликларга йўл қўйилмоқда. 

Президентимиз ҳудудларни ривожлантириш борасида давлат органларининг ўрни ва масъулияти ҳақида сўз юритар экан, ўтган ҳафтада Самарқанд вилоятига ташрифи давомида айрим раҳбарларнинг бефарқлиги ва ҳаракатсизлиги оқибатида бу ҳудудда жуда кўплаб жиддий муаммолар тўпланиб қолгани маълум бўлганини қаттиқ танқид қилди. Айниқса, вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, вилоят идоралари раҳбарлари ўртасида амалий ва соғлом муносабатга путур етгани Самарқанднинг бугунги тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Вилоят ҳокимининг жамоатчилик ва раҳбарлар фикрини инобатга олмасдан иш тутиши, ижрочилар олдига саёз ўйланган вазифа ва топшириқларни қўйиши, унда журъат ва ташаббускорлик, масъулиятни дадиллик билан ўзига олиш фазилатлари етишмаслиги ҳозирги вақтда вилоятда ўта жиддий ва долзарб вазифаларни ҳал этиш имконини бермаяпти. Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот мавжуд эмас, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларда узилиш пайдо бўлган. 

Мазкур ҳудудда барпо этилаётган объектларни қуриш, инвестиция маблағларини ўзлаштириш ишлари оқсамоқда, экспортга чиқариладиган маҳаллий маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш таъминланмаяпти. Шаҳар ва туманларда ободончилик, одамлар учун қулай, тоза-озода муҳит яратиш масалалари ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Вилоят молия ва солиқ идоралари солиқ базасини кенгайтириш имкониятларини излаш ва уларни тўлиқ ишга солиш ишлари билан етарли даражада шуғулланмаяпти. Ана шу муаммоларни ҳал этиш, бу йўлда бутун Самарқанд аҳлини бирлаштириш ва ўз ортидан эргаштириш учун вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаевда билим ва салоҳият, раҳбарлик тажрибаси етишмади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Самарқанд вилояти ҳокими Ҳ.Оқбўтаев иш фаолиятида йўл қўйган ана шундай жиддий камчилик ва нуқсонлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. 

Йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва давлат дастурларининг пировард мақсади аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга, уларнинг оғирини енгил қилиш ва халқ дастурхонининг тўкин-сочин бўлишини таъминлашга йўналтирилгани алоҳида таъкидланди. Шунинг учун ҳам жойларда халқ билан мулоқот, аҳолини ўйлантираётган ташвиш ва муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш асосида қабул қилинаётган ҳар бир қонун, фармон ва қарор ижроси қаттиқ назоратга олиниши ва сўзсиз бажарилиши лозимлиги уқтириб ўтилди. 

– Бу бизнинг доимий, қатъий сиёсатимиз ва уни албатта охирига етказамиз, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ҳисоботлари атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали