Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш борасидаги ишлар таҳлили ва галдаги энг муҳим вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Илгари тадбиркорликни йўлга қўймоқчи, бирор фирма ёки корхона очмоқчи бўлган одам ҳужжат тўғрилаш жараёнида сарсон-саргардон бўларди. Нотариус, архив ёки кадастр идорасидан, газ, электр, сув таъминоти ташкилотидан ёки маҳалладан оддий бир маълумотнома олиш учун ҳам баъзан кун бўйи навбатда туришга тўғри келарди.
Бугун ҳам қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаси мавжуд эмаслиги давлат хизматлари кўрсатишда муайян қийинчиликлар туғдирмоқда. Ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишининг паст даражада экани ва қоғоз ҳужжатлар айланмасининг сақланиб қолгани асоссиз молиявий харажатларга, фуқароларнинг ортиқча кутиб қолиши ва навбатлар юзага келишига, бу эса, оқибатда баъзан коррупция ва бюрократия ҳолатларига олиб келмоқда.
Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида инсон манфаатлари бош мезон сифатида белгилангани ҳамда "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган улуғвор ғоя илгари сурилгани давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 декабрдаги "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. 2018 йил 1 январдан "ягона дарча" марказлари Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.
Бугунги кунда мазкур марказлар томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, лойиҳа ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга, якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсат бериш, сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсат бериш каби хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган. Президентимиз марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари турини янада кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.
Давлат хизматларининг ҳар бир тури "Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади" тамойилига кўра, ваколатли давлат органлари, ташкилотлар зарур ҳужжатлар ва ахборотларни бошқа тузилмалардан мустақил равишда олиши ҳисобига соддалаштирилади.
Албатта, одамларнинг мушкулини осон қиладиган, замонавий технологияларга асосланган бу тизим халқимизга катта қулайлик яратмоқда. Лекин ҳали жойларда айрим камчиликлар борлиги тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатишда қийинчилик туғдирмоқда.
Масалан, айрим ваколатли органларда давлат хизмати кўрсатиш бўйича электрон ахборот тизими тўлиқ жорий этилмаган, идоралараро электрон ахборот алмашуви йўлга қўйилмаган. Айрим Давлат хизматлари марказлари оптик толали интернет тармоғига уланмаган.
Йиғилишда бу муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идораларга 50 та давлат хизматлари бўйича электрон ахборот тизими ва электрон маълумотлар базасини яратиш, барча давлат хизматлари марказларини оптик толали интернетга улаш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, барча марказларда электрон навбат тизимини ишга тушириш, уяли телефонлар орқали давлат хизматларидан фойдаланиш имконини берадиган дастурлар яратиш зарурлиги таъкидланди.
Давлат хизматлари марказлари биносининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва давлат-хусусий шериклик асосида замонавий қилиб қуриш, бу борада инвесторларга имтиёзлар бериш вазифаси қўйилди.
Маълумки, тадбиркорликка доир 35 турдаги лицензия ва рухсатномалар ҳукумат томонидан берилади. Бундай ўта марказлашиш тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилади. Шу боис, "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастурига мувофиқ, лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-қоидаларини кескин қисқартириш ва соддалаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Кадастр ва қурилиш соҳаларида давлат хизматлари кўрсатиш қониқарсиз аҳволда экани жиддий танқид қилинди. "Ергеодезкадастр" қўмитасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда кўчмас мулк объектларининг кадастр ҳужжатларини электрон тартибда юритиш, кадастр гувоҳномаларини қоғозда эмас, балки электрон реестрдан кўчирма шаклида бериш амалиётини жорий этиш вазифаси топширилди. Шунингдек, барча рухсатнома ва лицензияларни электрон тизим орқали тақдим этиш имконини берадиган "Лицензия" ахборот комплексини жорий йил май ойига қадар тўлиқ ишга тушириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда таъкидланганидек, 2021 йилгача 5 миллиондан зиёд ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш зарур. Бироқ бу бўйича ҳар бир вилоятда 3-4 та, мамлакатимизда жами 49 та тузилма бор, холос. Эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириб беришни ҳам Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш, бунинг учун ушбу марказларга йўл ҳаракати хавфсизлиги вакили бириктириш режалаштирилган.
Сайёр қабулларда билдирилган таклифларни инобатга олиб, Адлия вазирлигига Тошкент давлат юридик университетининг бакалавр босқичига ҳужжатларни жойлардаги давлат хизматлари марказлари орқали топширишни тажриба тариқасида жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда соҳага масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди. Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Манба: ЎзА