"Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" давлат дастури бўйича қурилиб, таъмирланадиган йўллар
Маълумки, 2019 йилнинг 17 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Фармонга имзо чекилди.
Мазкур Фармоннинг 1-иловаси билан тасдиқланган Давлат дастурига кўра, мамлакатимизда 2019 йил давомида қуриладиган, таъмирланадиган ва реконструкция қилинадиган автомобиль йўлларининг узунлиги ҳамда ушбу мақсадларга ажратиладиган маблағлар белгиланди.
Демак, жорий йил ичида мамлакатимиздаги 46,2 км халқаро, 18,7 км давлат аҳамиятидаги, 60 км намунавий қишлоқ аҳоли пунктлари ва хизмат уйлари, шунингдек, 65 км эркин иқтисодий, кичик саноат, эркин саноат иқтисодий ва эркин иқтисодий фарм зоналар ҳамда 35,6 км маҳаллий йўлларни қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.
Ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан – 1,7 трлн сўм, Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари томонидан эса – 94,5 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, давлат дастурининг алоҳида бўлимида – Республикадаги шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлаш ҳам кўзда тутилган бўлиб, улар алоҳида манзилли дастурлар асосида олиб борилади.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати