GM Uzbekistan янгиланган Tracker автомобилини ишлаб чиқаради
Президент Андижон вилоятига ташрифи жараёнида GM Uzbekistan ишлаб чиқарувчи янги автомобиль билан танишди.
GM Uzbekistan қўшма корхонаси 2017 модель йилида Chevrolet Tracker автомобилини ишлаб чиқаради. Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи жараёнида миллий автоишлаб чиқарувчисининг янги автомобили билан танишди, деб хабар қилди "Ўзбекистон" телеканалининг "Ахборот" дастури.
Давлат раҳбари ихчам кроссовер рулига ўтириб, унинг дизайни ва имкониятлари билан танишди. Автомобиль экстерьери GM'нинг янгиланган Captiva, Malibu, Cobalt ва бошқа моделларида қўлланилган янги дизайн-концепция асосида яратилган. Машина интерьерига ҳам ўзгартишлар киритилган.
Янги моделнинг қачондан ишлаб чиқарилишига аниқлик киритилмади.
Эслатиб ўтамиз, GM Uzbekistan 2015 йилда Chevrolet Tracker автомобили маҳаллий шароитларда синовдан ўтказилиши тўғрисида хабар қилган эди.