Иқтисодий салоҳиятимиз кўзгуси
"Халқ сўзи" газетасининг 2015 йил 18-июн сонида "Ўзавтойўл" Давлат аксиядорлик компанияси Бошқарув раиси ўринбосари Ш.Назаровнинг "Иқтисодий салоҳиятимиз кўзгуси" мақоласи эълон қилинди. Унда ўтган йиллар давомида йўлсозлик борасида амалга оширилган ишлар, соҳада эришилган натижалар ҳамда яқин йилларда амалга ошириладиган режалар хусусида сўз боради.
Қуйида ана шу мақола билан танишишингиз мумкин: Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан транспорт-коммуникатсия соҳасини ривожлантиришга устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилгани бугун ўзининг юксак самараларини бермоқда. Негаки йўл-транспорт инфратузилмаси замон талаблари даражасида ривожланаётгани иқтисодиётимиз тараққиётида тобора ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти. Бунда Президентимизнинг соҳа истиқболига қаратилган қатор Фармон ва қарорлари дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Таъкидлаш керакки, йўл-транспорт инфратузилмаси равнақи юртимиздаги энг узун йўллар ҳисобланган автомобил йўллари қурилиши ва уларни жаҳон андозаларига мос равишда реконструктсия қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Бугунги кунда умумий фойдаланувда бўлган халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги 42654 километр автомобил йўли мавжуд бўлиб, шаҳар ҳамда туманларнинг ички йўллари бундан мустасно. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, йўл-транспорт инфратузилмасини тараққий эттириш саноатни жадал ривожлантириш ва унинг салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Шунинг учун 2014 йилда тизимда бунёдкорлик ишлари янада кенгайтирилиб, умумий фойдаланиш учун мўлжалланган 540 километр автомобил йўлини қуриш ва реконструктсия қилиш тадбирлари тўлиқ якунланди. 116 километрдан иборат икки тасмали йўл эса кенгайтирилиб, тўрт тасмали қилиб қайта қурилди. Бу, ўз навбатида, ушбу йўлларда қатновни 3 баробар ошириш имконини берди.
Дарҳақиқат, ўтган йили умумий фойдаланувдаги автомобил йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари олдинги йилдагига нисбатан 2,1 марта ўсиб, 946 километрни ташкил этди. Бундан ташқари, бевосита "Ўзавтойўл" давлат-аксиядорлик компанияси тизимидаги пудратчи ташкилотлар томонидан республикамизнинг 69 та объектида узунлиги 283 километрлик автомобил йўли қайта қурилиб, реконструктсия қилинди. Масалан, "Самарқанд — Қарши" йўналишидаги автомобил йўлининг 79 километрида тўрт полосали асфалт-бетон қопламаларни ётқизиш ишлари якунига етказилди. Фарғона вилоятида жойлашган 4Р-143 "Фарғона — Қувасой" йўлининг 0-5,5 километрлари оралиғини қайта қуриш ишлари сўнгги босқичга етди. Қолаверса, бугунги кунга қадар Жиззах вилоятида 38, Сирдарё вилоятида 11, Бухоро вилоятида эса 10 километр йўл қайтадан қурилди.Худди шунингдек, пойтахтдаги кичик ҳалқа йўлининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари ҳудудидан ўтган қисмида, Беруний ва Хуршид кўчаларини боғлайдиган, Форобий, Қорасарой, Сағбон, Себзор ва Лабзак кўчаларини ўзаро туташтирган 5,1 километр узунликдаги янги Нурафшон кўчаси бунёд этилгани Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайликлар яратди.Компания тизимидаги корхоналарнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани ишлар кўламини йил сайин кенгайтириш имконини бераяпти. Узоққа бормайлик, биргина 2014 йилда тизимдаги корхона ва ташкилотлар томонидан жами 536 дона замонавий йўл қурилиш техникаси харид қилинди. Уларнинг асосий қисми ўзимизда ишлаб чиқарилган "МАН", "Исузу" русумидаги махсус техникалар эканлиги диққатга сазовордир.
Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларни жиҳозлаш ишлари ҳам асло сусайтирилгани йўқ. Ўтган йили 24448 дона эскирган йўл белгиси алмаштирилгани, 25 минг километрдан зиёд йўлларда йўл чизиқлари қайтадан чизилгани, 608 та автобус тўхташ майдончаси ва 764 та автобус бекати, 804 километр узунликдаги пиёдалар йўлакчалари таъмирлангани бунга яққол далилдир.Шу ўринда айтиш жоизки, соҳада эришилаётган бу каби ютуқлар билан бирга, ҳали бажарилиши зарур бўлган вазифалар ҳам талайгина. Уларни амалга оширишда Президентимизнинг 2015 йил 6 мартдаги "2015 — 2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникатсион ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш дастури тўғрисида"ги қарори муҳим ўрин тутади.
Гап шундаки, ушбу қарорга мувофиқ, 2015 — 2019 йилларда Ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобил йўллари қисмлари ва умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструктсия қилиш ҳамда йўл ташкилотларининг ишлаб чиқариш базаларини техник ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан беш йил давомида Ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирувчи, умумий ҳисобда 1227,8 километр узунликдаги автомобил йўллари ва ундаги транспорт ечимлари, кўприклар ҳамда йўл ўтказгичларни қуриш ва реконструктсия қилиш кўзда тутилган. Натижада Ўзбекистон миллий автомагистралида олиб борилаётган қурилиш ва реконструктсия ишлари тўлиқ якунланиб, Андижондан Қўнғиротгача, Самарқанддан Термизгача бўлган автомобил йўллари жаҳон стандартлари талабларига мос даражада янгиланади.
Ўз навбатида, 4 минг километрдан зиёд хўжаликлараро йўллар, қарийб 2 минг километр шаҳар, қишлоқ ва туман марказлари кўчалари таъмирланиши ҳам режалаштирилган.
Мазкур ҳужжат "Ўзавтойўл" компанияси таркибига кирувчи саноат корхоналари ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида янги уфқларни очиб бермоқда. Сабаби, унга асосан, 28 жамланмада асфалт-бетон, тсемент-бетон заводлари, бетон қориш ускуналари, тош майдалаш ва саралаш линиялари ҳамда бошқа техникалар харид қилинади.
Умуман олганда, 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникатсия ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда модернизатсия қилиш дастурининг амалиётга жорий этилиши нафақат иқтисодий, балки ижтимоий самаралари билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир. Чунончи, биргина "Ўзавтойўл" ДАК тизимида 1,5 мингта янги иш ўрни яратилиши, 5,5 мингга яқин коллеж битирувчиларини тизимдаги корхона ва ташкилотларга жалб этиш имконияти пайдо бўлиши шундай дейишимизга асос бўла олади.
Буларнинг барчаси юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, энг аввало, инсон ва унинг манфаатларига қаратилганининг яна бир амалий тасдиғидир.Шуҳрат НАЗАРОВ,"Ўзавтойўл" давлат-аксиядорлик компаниясиБошқаруви раиси ўринбосари.
Шуҳрат НАЗАРОВ,
"Ўзавтойўл" давлат-аксиядорлик компанияси
Бошқаруви раиси ўринбосари.