Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш – халқимиз фаровонлигини оширишнинг муҳим омили

7680 7 Август, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 111 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 август куни 2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган йирик ва муҳим аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва йил якуни бўйича кутилаётган натижалар, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Андижон вилояти ва пойтахтимизнинг Чилонзор туманига ташрифлари чоғида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди. Видеоконференция алоқаси орқали Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари, корхоналар раҳбарлари, тадбиркорлар ва инвесторлар қатнашди. 

Давлатимиз раҳбари инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ортиб боришини таъминлаш, юқори қўшимча қийматли, чуқур қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи янги замонавий корхоналарни ишга тушириш – мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлаш, аввало, аҳоли ҳаёти ва фаровонлиги даражасини янада оширишнинг энг муҳим омилларидан бири эканини таъкидлади. 

Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ташкил этилгани иқтисодиётимизга инвестиция жалб этиш масаласи нечоғли муҳим стратегик вазифалардан бири эканини яққол намоён этди. Йиғилишда ушбу Агентлик фаолиятини оқилона ташкил қилиш, аввало, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш самарадорлигини оширишга, барча жараёнларнинг очиқ бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. 

2017 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ, жорий йилда 552 лойиҳа доирасида 7,2 миллиард АҚШ долларини ўзлаштириш ва 67 йирик лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Жумладан, 2017 йилнинг ўзида умумий қиймати 2,4 миллиард долларга тенг 170 лойиҳа, жумладан, 16 йирик лойиҳа ижроси якунига етказилади. 

Фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттириш натижасида ўтган 7 ойда 32 лойиҳа ижроси якунланди, йил охиригача яна 138 лойиҳани амалга ошириб, объектларни ишга тушириш юзасидан барча зарурий чора-тадбирлар белгиланди. 

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат миқёсида ва жойларда айрим раҳбарлар инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш ва уларни кафолатланган молиявий манбалар билан таъминлашга юзаки, масъулиятсизлик билан ёндашаётганига эътибор қаратди. 

Ўтган 7 ой мобайнида 27 лойиҳа бўйича маблағларни ўзлаштириш режадан ортда қолаётгани, 8 лойиҳа бўйича ҳужжатлар ҳалигача тасдиқланмагани каби танқидий мисоллар келтирилди. 

Шу муносабат билан тармоқлар раҳбарлари ва лойиҳалар ташаббускорлари зиммасига мавжуд муаммоларни тезлик билан ҳал қилиш, сусткашлик ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан аниқ вазифалар юкланди. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда юзага келаётган асосий камчиликларга тегишли ҳужжатлар пухта ишлаб чиқилмагани, кўплаб раҳбарлар тегишли тармоқлар ва соҳалар келажаги тўғрисида муайян тасаввурга эга эмаслиги, яъни ўзи бошқараётган соҳанинг бир неча йилдан кейинги ривожланиш истиқболи ҳақида аниқ ҳисоб-китоб юритмаётгани сабаб бўлаётганини қайд этди. 

Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳудудий ҳокимликлар раҳбарларига инвестиция лойиҳалари ижроси устидан ҳафталик назоратни янада кучайтириш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва камчиликка йўл қўйган масъул шахслар фаолиятини баҳолаш юзасидан кўрилаётган аниқ чоралар тўғрисида ҳар ой якунида ҳисобот бериб бориш вазифаси топширилди. 

Яна бир муаммо шундан иборатки, инвестиция лойиҳалари бўйича объектлар ишга тушгани ҳақида тегишли ҳужжат қабул қилингандан сўнг янги қувватлар қай даражада ишлаётганини таҳлил қилиш тизими мавжуд эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз раҳбари Иқтисодиёт вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишга туширилган янги объектлар фаолиятини мониторинг қилиш тартибини ишлаб чиқиш вазифасини юклади. 

Йиғилишда Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлигига йирик хўжалик бирлашмалари ва ҳудудий ҳокимликлар билан бирга 2018 йилги Инвестиция дастурини шакллантиришда фақат лойиҳалаштириш ҳужжатлари тайёр бўлган ва қиймати камида 5 миллион долларга тенг лойиҳаларни киритиш, сармоядорларнинг дастурга лойиҳа киритишини рағбатлантириш учун уларга солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар бериш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди. 

Бунда келаси йил учун Инвестиция дастурига фақат пухта ишлаб чиқилган, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёр ва молиялаштириш манбалари аниқ бўлган инвестиция лойиҳаларини киритишга алоҳида эътибор бериш зарурлиги таъкидланди. 

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбариятига хорижий ҳамкорлар билан тенг шериклик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида ишлаш учун аниқ йўналишларни белгилаш, шунингдек, импорт шартномаларини тизимли равишда ва ўз вақтида кўриб чиқиб, хулоса бериш юзасидан алоҳида тартиб-қоидалар ишлаб чиқишни тезлаштириш вазифаси топширилди. 

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш учун тузилган қатор ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини яна бир бор танқидий таҳлил қилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ҳамда 12 апрель куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманига ташрифлари натижасига биноан расмийлаштирилган баённомалар ва қабул қилинган дастурларда белгиланган топшириқлар ижросининг бориши ҳам муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида мазкур баён ва дастурларни амалга оширишнинг жорий ҳолатини босқичма-босқич кўриб чиқиб, ижрочилар ҳисоботини тинглаш ва баҳолаш бўйича янги назорат тизими жорий этилиши таъкидланди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарларига Андижон вилояти ва Чилонзор туманини, умуман, барча ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини тизимли равишда ўрганиб, бирорта ҳам муаммоли масала қолдирмаслик юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди. 

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар ва ҳокимликлар раҳбарларининг ҳисоботлари ва таклифлари тингланиб, муҳокама қилинди ҳамда инвестиция лойиҳалари ижросини жадаллаштириш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали