Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ишонч ёрлиқлари топширилди

8615 11 Декабр, 2015 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 107 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 10 декабрь куни Оқсаройда Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги, Швейцария Конфедерацияси, Эрон Ислом Республикаси, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, Кувайт Давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Солиҳ Аҳмад ал-Жаварнеҳ, Штефан Клёцли, Баҳман Оғаразий Дўрмоний, Кристофер Аллан ва Аҳмад Холид Абдулла ал-Жийрондан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. 

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналарнинг янги тайинланган раҳбарларини самимий қутлар экан, Ўзбекистон ушбу давлатлар билан ўзаро муносабатларни изчил ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади ва уларнинг масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади. 

Иордания элчиси билан суҳбатда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда ўрнатилган ҳамкорликка юксак баҳо берилди, ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришдан томонлар манфаатдор экани, бу кўп қиррали ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имконини бериши таъкидланди. 

Элчи Солиҳ Аҳмад ал-Жаварнеҳ Иордания Подшоҳи Абдуллоҳ Иккинчининг самимий саломи ва эҳтиромини етказди, мамлакатимиз бутун минтақада муҳим ўрин тутишини ва Иордания раҳбарияти Ўзбекистон билан муносабатларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. 

Швейцария Конфедерацияси элчиси Штефан Клёцли нафақат тажрибали дипломат, балки Марказий Осиёнинг экологик муаммолари бўйича мутахассис сифатида ҳам яхши маълум. У мамлакатимизда бошлаётган фаолиятида Швейцария билан Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий алоқаларни янада кенгайтиришга эътибор қаратишини қайд этди. 

Швейцария Президенти Дидье Буркхальтернинг ўтган йилнинг охирида Ўзбекистонга ташрифи ва олий даражадаги самарали музокаралар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаш имконини берди. 

Мамлакатимизга яқин қўшни ва истиқболли ҳамкор ҳисобланган Эрон билан муносабатлар ўзаро манфаатли барча йўналишларда мустаҳкамланиб бормоқда. Томонлар, айниқса, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантирмоқда. 

Элчи Баҳман Оғаразий Дўрмоний Эрон ва Ўзбекистон, халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада чуқурлаштириш, давлатлараро битимлар ва эришилган келишувларни амалга оширишда ўзининг билим ва дипломатик тажрибасини ишга солишини таъкидлади. 

Ўзбекистонда Буюк Британияга дунёдаги кучли сиёсий, иқтисодий, гуманитар имкониятга эга, глобал ва минтақавий жараёнларга таъсир кўрсата оладиган етакчи давлатлардан бири сифатида қаралади. Айни пайтда турли соҳаларда алоқаларни босқичма-босқич ривожлантириш имконини берадиган ўзаро англашув ва амалий ёндашув Ўзбекистон – Британия ҳамкорлигининг асосини ташкил этади. 

Элчи Кристофер Аллан Буюк Британия раҳбарияти Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга тайёр эканини ва ушбу вазифани амалга оширишда у бор куч-ғайратини ишга солишини таъкидлади. 

Кувайт Давлати элчиси билан суҳбат чоғида бугунги кунда икки томонлама алоқалар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Ўзбекистон ва Кувайт турли соҳаларда, жумладан, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа ташкилотлар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

Ўзбекистон Президентининг 2004 йил январда Кувайтга ташрифи ва Кувайт Амирининг 2008 йил июль ойида мамлакатимизга ташрифи ўзаро муносабатларимизни янги босқичга кўтарди, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш имконини берди. 

Элчи Аҳмад Холид Абдулла ал-Жийрон ўзаро манфаатли муносабатлар бўйича тўпланган тажрибани янада бойитиш, Ўзбекистон ва Кувайт манфаатларига мос келадиган янги қўшма лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишига ҳисса қўшишни ўзининг асосий вазифаси, деб билишини таъкидлади. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали