Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги тизим жорий этилади

29069 24 Июл, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 114 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда муҳим омилдир. Ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида охирги икки ярим йилда Президентнинг элликдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. 

Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари соддалаштирилди. Бу борада қулайлик яратиш учун Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий қилинди. 

Барча ҳудудларда тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиб, ҳал этишга кўмаклашадиган Бош вазир қабулхоналари ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолияти йўлга қўйилиб, унга 200 миллиард сўм ва 50 миллион доллар маблағ ажратилди. Тижорат банклари томонидан тадбиркорларга ажратилаётган кредитлар ҳажми ошди. 

Бундай амалий чоралар ўз натижасини бермоқда. Кичик бизнес мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 60 фоизини, саноат маҳсулотлари ҳажмининг учдан бирини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 98 фоизини, инвестицияларнинг ярмини таъминламоқда. Кўпгина вилоятларда экспортнинг 70-90 фоизи айнан кичик бизнесга тўғри келади. Жорий йилнинг 6 ойида тадбиркорлик субъектлари сони 60 мингтага ортган. 

Йиғилишда ушбу кўрсаткичлар ислоҳотларнинг дастлабки натижалари экани таъкидланиб, асосий эътибор ҳанузгача учраётган муаммоларни ҳал этишга қаратилди.

Давлатимиз раҳбари вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари мутлақо янгича ишлаб, 70 фоиз вақтини ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга сарфлаши кераклигини таъкидлади. 

Барча даражадаги ҳокимлар ва уларнинг биринчи ўринбосарлари фаолиятига янги ташкил этилган ёки фаолияти қайта тикланган кичик корхоналар ва уларда яратилган иш ўринлари сонидан келиб чиққан ҳолда баҳо бериб, рағбатлантириш бўйича янги тизим жорий этиш вазифаси қўйилди. 

Баҳо беришда корхоналарнинг яшовчанлик кўрсаткичи асосий мезонлардан бири бўлиши кераклиги белгиланди. Яъни, ташкил этилаётган корхоналарнинг камида 50 фоизи кейинги 3 йил давомида ишласа, ҳоким ва унинг тадбиркорлик бўйича биринчи ўринбосари, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлимлари раҳбарларини қўшимча моддий рағбатлантириш назарда тутилмоқда. 

Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ушбу янги тизимни жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Йиғилишда Президентнинг Сирдарё вилоятига ўтган ҳафтадаги ташрифи доирасида Ховос туманини "Тадбиркорлик ҳудуди"га айлантириш бўйича таклиф этилган ташаббусни амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Иқтисодиёт ва саноат вазири бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи ҳар бир туманнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, кичик бизнесни ривожлантириш йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиши зарурлиги қайд этилди. Ушбу таклифлар асосида тадбиркорларга уларни амалга ошириш, кредит, ер ва бино ажратиш, инфратузилмага улаш каби барча масалаларда кўмаклашилади. 

Видеоселектор йиғилишида саноат соҳасидаги кичик бизнес субъектлари ва йирик корхоналар ўртасида кооперацияни кенг йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. 

Масалан, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоқлари ўрганилганда тадбиркорлик субъектлари ва йирик саноат корхоналари ўртасида кооперация деярли йўқлиги, оқибатда юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва бутловчи қисмлар импорт қилинаётгани маълум бўлган. Ачинарлиси, айрим саноат корхоналари кичик ишлаб чиқарувчилар у ёқда турсин, харидорлар талаби билан ишлашни ҳам билмайди. 

Шу боис Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ўнта йирик саноат тармоғи, жумладан, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, электротехника, қурилиш материаллари, кимё, автосаноат корхоналари билан кичик бизнес ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди. 

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда кооперация ярмаркалари ўтказиш, маҳсулот ва хизматлар ўз эгасини топиши учун "Ягона электрон кооперация биржа портали"ни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. 

Йиғилишда тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо – лойиҳаларни жойлаштириш учун ер ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 

Бу тизим ҳанузгача очиқ-ошкора ишламаётгани кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, 3 минг 500 гектар майдон "Ер-электрон" ахборот тизимига тақдим этилган бўлса-да, шундан 1 минг 300 гектари ёки 37 фоизи савдога қўйилган, холос. 

Шу боис, мутасаддиларга ер ажратиш масаласини идоралар билан келишиш, бинони рўйхатдан ўтказиш жараёнларини тубдан соддалаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Банкларнинг тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишини яхшилаш ва ажратилаётган кредитлар самарадорлигини ошириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. 

Ҳозирда кредит олиш истагидаги тадбиркорнинг мурожаати 3 босқичда, яъни туман – вилоят – республика даражасида кўриб чиқилади. Банкнинг марказий идораси розилик бермаса, тадбиркор кредит ололмайди. Оқибатда бу жараён айрим ҳолларда ойлаб чўзилиб кетяпти. 

Шу боис, банкларда кредит ажратиш масалаларини бир ва икки поғонага ўтказиш, 70-100 нафар ходим ишлайдиган филиаллар ўрнига 10-15 нафар штатдан иборат ихчам банк хизматлари марказларини кўпайтириш лозимлиги таъкидланди. 

Тадбиркорларнинг кредит фоиз ставкаларига оид фикрлари муҳокама қилинар экан, кредитлар бўйича кафолат бериш ва фоизларни қисман қоплаш мақсадида ташкил қилинган Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини кучайтириш муҳимлиги айтилди. 

Тадбиркорларнинг бино-иншоотларини бузиш ва бунинг учун компенсация тўлаш борасида тизимли ёндашув йўқлиги танқид қилинди. 

Албатта, жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари давомида айрим биноларнинг бузилиши табиий ҳол. Бироқ, аҳоли пунктларини истиқболда ривожлантириш режаларини ҳисобга олмасдан, катта ҳудудларда жойлашган иншоотлар бузиб юборилаётгани оқибатида жуда кўп миқдорда компенсация тўловлари келиб чиқмоқда. Ҳокимликлар бузиладиган биноларнинг ўрнида янги корхоналарни қуриш бўйича инвесторларни топиб, компенсация тўлови уларнинг ҳисобидан тўланишини таъминламаётгани сабабли ушбу харажатлар давлат бюджети зиммасига тушмоқда. 

Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман – асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт, деди давлатимиз раҳбари. 

Адлия ва молия вазирликлари, Савдо-саноат палатасига Бизнес-омбудсман иштирокида мол-мулкни бузиш ва компенсация тўлаш тартибларини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф киритиш вазифаси қўйилди. 

Йиғилишда суд тизимининг кичик бизнес субъектлари мурожаатларига ёндашуви хусусида ҳам сўз борди. 

Маълумки, хорижий тажрибада 70 фоиз низолар судгача ҳал этилади. Чунки ишларни судда кўриб чиқиш катта харажат ва кўп вақт талаб этувчи жараён ҳисобланади. 

Шу нуқтаи назардан тадбиркорлар билан бевосита ишлайдиган давлат идораларида низоларни судгача ҳал этиш тузилмаларини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Адлия вазирлиги, Олий суд ва Савдо-саноат палатасига муқобил ҳакамлик судлари фаолияти ва медиация институтини кенгайтириш масалаларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. 

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тизимида Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш агентлиги ташкил этиш таклифи билдирилди. Янги агентлик мазкур соҳани юксалтириш бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул бўлади. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини ҳам мувофиқлаштириб боради. 

Фақат катта корхоналар қуриб, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, бюджет тушумларини кўпайтириш масалаларини тўлиқ ҳал эта олмаймиз. Турмуш даражасини юксалтиришнинг энг муҳим йўли тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришдир, деди Шавкат Мирзиёев. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимлар сўзга чиқди.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали