Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Матбуот анжумани ҳақида

10264 20 Феврал, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 110 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги пресс-холлида – Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ҳамда Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан "Ўзбекистонда автомобиль йўллари қурилиши: ютуқ ва муаммолар" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан ташкил этилган ҳамда 2019 йил 1 февралга қадар расман фаолият юритган Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасига – автомобиль йўллари соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш, автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш, автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш ҳамда бошқа вазифалари ва фаолият йўналишлари юклатилган эди.

Мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 1 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси – Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси сифатида қайта ташкил этилди.

Ўзбекистондаги жами автомобиль йўллар тармоғи қарийб 184 минг км узунликда бўлиб, ундан 42.676 километри – умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, 116.560 км - ички хўжаликлараро, қишлоқ, шаҳар ва овулларнинг автомобиль йўллари, 24.750 км эса - идоравий инспекторлик йўллари тармоғи ҳисобланади.

Ўтган 2018 йил давомида мамлакатимизда Инвестиция дастурига асосан 280 км узунликдаги умумий фойдаланувда бўлган автомобиль йўлларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Мисол тариқасида халқаро аҳамиятдаги М-39 автомобиль йўлининг – Сурхондарё вилоятидан ўтувчи 100 км ва Жиззах вилояти ҳудудидаги 26 км қисмларида, А-380 автомобиль йўлининг – Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи 40 км ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи 24,5 км участкаларида, А-373 автомобиль йўлининг Андижон вилояти ҳудудидан ўтувчи 10,5 км қисмида амалга оширилган реконструкция ишларини санаб ўтиш мумкин. 

Тўла таъмирлаш дастурига асосан 145,1 км умумфойдаланувда бўлган автомобиль йўлларида капитал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари дастурига асосан 3 252 км умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ва сақлаш (эксплуатация) ишлари бажарилди.

Минтақавий автомобиль йўллари ҳолатини зарур даражага келтириш ва уларни эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш бўйича ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан 2018 йил давомида 3 245,1 км узунликда минтақавий автомобиль йўллари таъмирланди.

2018 йилда – "Обод қишлоқ" давлат дастури бўйича 2 538,5 км ички хўжаликлараро автомобиль йўллари, "Обод маҳалла" давлат дастури бўйича эса 416,5 км шаҳар кўчалари ва намунали уй-жойларга олиб борадиган янги йўлларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Бу ишларни амалга ошириш учун қўмита тизимидаги корхоналарнинг моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 448 дона янги турдаги йўл қурилиш техникалари харид қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги "Автомобиль йўлларининг архитектура-ланшафт қурилиши ва кўкаламзорлаштириш тизимини такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида Автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибида "Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" унитар корхонаси  ва унинг вилоятлардаги ҳудудий "Йўлкўкалам" унитар корхоналари ташкил этилди. Натижада, 2018 йилнинг ўзида автомобиль йўллари бўйлаб 606 726 дона турли манзарали дарахт ва буталар экилди, қўшимча равишда 137 та махсус техника ва автотранспорт воситалари сотиб олинди.

2019 йилда ҳам йўл хўжалигида амалга оширилаётган ишлар жадал давом эттирилади. Хусусан, 2019 йилги Инвестиция дастурига асосан Республика бўйича 100,5 км умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги "2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги Фармони билан 2019 йил давомида қуриладиган, таъмирланадиган ва реконструкция қилинадиган автомобиль йўллари ҳамда ушбу мақсадларга ажратиладиган маблағлар белгиланган. Унга кўра жорий йил ичида мамлакатимиздаги 46,2 км – халқаро, 18,7 км – давлат,  35,6 км – маҳаллий аҳамиятдаги, шунингдек, 65 км – шаҳар кўчалари, 60 км – намунавий қишлоқ аҳоли пунктлари ва хизмат уйларига, 65 км – эркин иқтисодий, кичик саноат, иқтисодий фарм зоналарга олиб борувчи йўлларни қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.

Йил давомида  2 200 км умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ва сақлаш (эксплуатация) ишлари бажарилади.

2019 йилда Республикадаги шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлаш ҳам кўзда тутилмоқда. Жумладан, "Обод қишлоқ" давлат дастури бўйича 5 200 км ички хўжаликлараро автомобиль йўллари, "Обод маҳалла" давлат дастури бўйича 400 км шаҳар кўчаларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб бориш кўзда тутилмоқда. Булардан ташқари, ҳукумат топшириқлари ва тасдиқланган "Йўл хариталари"га асосан 1 200 км ички йўллар таъмирланиши ҳам белгиланган.

Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берилди.

Автомобиль йўллари қўмитаси

матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали