Мирзиёев: "Бизни йўл қурилишидаги ишлар аҳволи ҳам қониқтирмайди"
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида шу каби фикрларни билдирди:
"Бизни йўл қурилишидаги ишлар аҳволи ҳам қониқтирмайди. Молия вазирлиги ва унинг Йўл жамғармаси айби билан маблағларнинг кескин етишмаслиги доим сезилиб турибди. Битумни барқарор етказиб бериш масаласи ҳал этилмаган. Ўғирликлар тугамаяпти. Кадрлар қўнимсизлиги юқори....
... Ҳаётнинг ўзи ва ўтган йиллар тажрибаси ҳудудларни комплекс ривожлантиришни ва инфратузилма фаолиятини тубдан ўзгартиришни таъминлашдаги жиддий камчиликларни бартараф этишни талаб қилмоқда. Шу сабабли Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари раҳбарлик қиладиган янги комплекс ва департамент ташкил этилди. Уларнинг бош вазифаси қуйидаги икки йўналиш бўйича барқарор ишлайдиган тизимни ташкил этишдир:
биринчи – туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги кечиктириб бўлмайдиган ва истиқболли вазифаларни амалга ошириш юзасидан ҳокимлик ва тармоқларни бошқариш органларининг куч ва ҳаракатини аниқ мувофиқлаштириш. Мақсад – иқтисодиёт ва ижтимоий соҳадаги, энг муҳими, одамларнинг ҳаёт даражасидаги жиддий тафовутни бартараф этишдир;
иккинчи – йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича дастурларнинг прогноз параметрларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назорат қилиш ҳамда уларга эришиш.
Якуний мақсад – иқтисодиёт тармоқлари учун ишончли инфратузилмани шакллантириш, шаҳар ва қишлоқ аҳолисига қулай шарт-шароит яратиб беришдир.
О.Раматовнинг эътиборини шахсан ундан ва иккита департаментдан талаб этиладиган қуйидаги вазифаларга қаратаман:
биринчидан, комплекс таркибига кирадиган барча идораларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш. Пала-партиш таклифларни бериш ва шошма-шошарлик билан қарорлар қабул қилиш керак эмас. Яқинда шу сабабларга кўра Оролбўйи муаммоларини ҳал этиш бўйича комплекс дастурни қайтаришга мажбур бўлдим. Бу каби хатоликлар такрорланмаслиги шарт;
иккинчидан, 14 та ҳудудда сайловчилар билан учрашувда кўтарилган йирик муаммоли масалаларни ҳал этишга доир қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни яқин вақт ичида якунлаш ва тақдим этиш зарур;
учинчидан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган 12 та ижтимоий ва инфратузилма дастурини амалда бажариш. Шундан 8 та дастур тасдиқланган. Яқин вақт ичида транспорт ва савдо хизматини яхшилаш, автомобиль йўлларини ва ичимлик сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш бўйича ҳужжатлар тўпламини қайта ишлаб чиқиб, тақдим этиш керак.
Кун тартибида Уй-жой ва коммунал хизмат вазирлигини ташкил этиш масаласи ҳам турибди. Ана шу лойиҳаларни тасдиқлаш жараёни сиз томонингиздан асоссиз равишда чўзиб юборилди;
тўртинчидан, мамлакатимиз ҳудудларига салмоқли инвестицияларни киритишга доир муаммоларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу сабабли тажриба лойиҳаси тариқасида Миллий банк мисолида қуйидаги тизимни жорий этиш бўйича таклиф киритаман.
Банк инвестиция фаолиятига ўз маблағлари билан бирга, ташқаридан молиялаштириш манбаларини жалб этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак. Банк раҳбари С.Раҳимов бугун ўз таклифларини бериши лозим ", - деди жумладан Шавкат Мирзиёев.