Музаффар паралимпиячиларимиз тантанали кутиб олинди
Ўзбекистон спортчилари Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза медални қўлга киритди.
Тошкент халқаро аэропортида 21 сентябрь куни ушбу нуфузли мусобақа ғолиблари, совриндорлари ва иштирокчиларини тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, паралимпиячиларимизнинг ота-оналари, журналистлар йиғилди.
Жорий йилги спорт мавсумида Ўзбекистон фарзандлари дунёнинг нуфузли мусобақалари – XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида бутун жаҳонга мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини намоён қилди. Аждодлари буюк миллатнинг авлодлари ҳам буюк ишларга қодирлигини, юртимиз ёшларининг мардлик ва жасоратда, шижоат ва матонатда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан устун эканини исботлади.
Спортчиларимизнинг ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида халққа улашган, элнинг қаддини, ғурур-ифтихорини тоғдек кўтарган музаффар онларининг ҳовури босилмай туриб, яна ғалаба нашидаси, бахтиёр лаҳзалар шукуҳи қалбларимизни чулғаб олди.
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган натижалар ана шундай туйғуларни бахш этди. Дунё миқёсидаги нуфузли спорт анжуманида бир юз олтмишдан зиёд давлатдан тўрт мингдан ортиқ спортчи ғолиблик учун баҳслашди.
Ўзбекистон паралимпиячилари ушбу нуфузли мусобақага пухта тайёргарлик кўрди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил 25 февралдаги "Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида"ги қарори асосида паралимпиячиларимиз замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириши, Паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган нуфузли мусобақаларга тайёрланиши ва уларда муносиб қатнашиши учун барча шарт-шароит яратилди.
XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 32 спортчиси дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза, жами 31 медалга сазовор бўлди. Бу кўрсаткич билан Ўзбекистон спорт делегацияси 160 дан ортиқ давлат орасида ўн олтинчи, МДҲ давлатлари ўртасида иккинчи, Осиё мамлакатлари ичида учинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.
Тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов, Ўзбекистон халқ артисти М.Азизов, ота-оналар номидан Р.Қўчқорова паралимпиячиларимизнинг бу юксак ғалабаси халқимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаганини, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизда мустақиллик йилларида спортни ривожлантиришга, бу жараёнда жисмоний имконияти чекланган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратган эътибор ва ғамхўрликнинг улкан самарасини бутун дунёга намоён қилганини алоҳида таъкидлади.
Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан Ш.Намозов, Ҳ.Олимова, М.Турсунхўжаев халқимизнинг ишончи, давлатимизнинг ёшларга қаратаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирди. Келгусида бундан-да юксак ғалабаларни қўлга киритишга ваъда берди.
Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва яқинлари усти очиқ автобусга ўтириб йўлга чиқди. Тошкент халқаро аэропортидан Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси биносига қадар музаффар спортчиларимизни кутиб олиш учун йиғилганлар уларни қутлади: "Баракалла, қудратли юртнинг муносиб фарзандлари! Ғалабангиз муборак бўлсин!".