Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси

9396 28 Ноябр, 2015 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 119 Kb)


26 ноябрь куни халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади. 

Мажлисда кун тартибидаги асосий масалага ўтишдан олдин Наманган вилоятидаги бугунги аҳвол, турли соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган муҳим ўзгаришлар ҳақида атрофлича фикр юритилди. 

Наманган вилояти, бутун юртимиз қатори, сўнгги йилларда катта ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бу фикрнинг тасдиғи сифатида кўп-кўп рақам ва мисолларни олиб келиш мумкин. 

Агар фақатгина жорий йилнинг 9 ойлик якунларини таҳлил қиладиган бўлсак, ялпи ҳудудий маҳсулот 9 фоиз, саноат 17 фоиз, қишлоқ хўжалиги 5 фоиздан зиёд, қурилиш ишлари қарийб 12 фоиз, чакана ва пуллик хизматлар 13 фоиздан ортиқ ўсгани албатта эътиборга лойиқ. 

Айтиш жоизки, Наманган вилоятини ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан ривожлантириш масаласи давлатимиз, ҳукуматимизнинг эътибор марказида бўлиб келмоқда. 

Бу ҳақда сўз юритар эканмиз, 2009 йили қабул қилинган, Наманган шаҳрининг меъморий қиёфасини тубдан яхшилаш, ижтимоий инфратузилма ва коммуникация тармоқларини ривожлантириш ва шу асосда шаҳар аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган дастур доирасида бажарган улкан ишларимиз барчангизга яхши маълум, деб ўйлайман, деди Ислом Каримов. Ушбу дастурга мувофиқ 140 га яқин янги объектлар ишга туширилиб, барча манбалар ҳисобидан қарийб 325 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди. Энг муҳими, бундай кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида жадал амалга оширилмоқда. 

Сессияда Наманган вилоятида ўтган давр мобайнида эришилган ютуқ ва марралар қаторида кўпгина йўналишларда, соҳа ва тармоқларда камчиликлар, айтиш мумкинки, оқсоқлик ҳолатлари мавжуд экани қайд этилиб, уларнинг сабаблари кенг таҳлил этилди. 

Вилоят аҳолисининг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, катта умид билан ҳаётга қадам қўяётган ёшларимизнинг йўлини очиб бериш, вилоят ва туманларда бошқарув ишларининг самарасини ошириш нуқтаи назаридан кўзга ташланадиган нуқсонлар, хулоса чиқарадиган масалалар ҳақида очиқ фикр алмашиб олинди. 

Айни вақтда вилоятда мавжуд бўлган жуда катта имкониятлар ишга солинмаётгани, энг ташвишли томони – кўп йўналишлар бўйича Наманган бошқа вилоятлардан орқада қолаётганини кўриб, афсусланишга тўлиқ асослар борлиги айтиб ўтилди. 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида вилоятда охирги йилларда иқтисодий ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши натижасида субвенция, яъни марказ бюджетидан ёрдам улуши камайган бўлса-да, унинг ҳажми ҳалигача юқори даражада сақланиб қолаётганига алоҳида эътибор қаратди. Бугунги кунда маҳаллий харажатларнинг 41 фоизи мамлакатимиз бюджети ҳисобидан қопланиб келаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Энг ачинарлиси, вилоятдаги 11 та тумандан 10 тасида бу кўрсаткич 60 фоиздан ошиб кетган. Айниқса, Косонсой, Тўрақўрғон, Уйчи, Янгиқўрғон туманларида бу масала ўта долзарб бўлиб қолмоқда. 

Мажлисда вилоятда маъмурий-ҳудудий тузилиш масаласида юзага келган жиддий муаммолар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Баъзи жойларда қаерда шаҳар, қаерда туман бошланадию қаерда тугашини аниқ билиб бўлмайди. Бу борада, айниқса, Наманган тумани ва Наманган шаҳрининг маъмурий чегарасини қайтадан кўриб чиқиш талаб этилади. 

Амалдаги чегаралар шундай ўтказилганки, шаҳарнинг ривожланиши учун захира ерлар назарда тутилмаган ва бунинг оқибатида туман ва шаҳарнинг ерлари туташиб кетган. Энг ёмони, шаҳар ва туманлар раҳбарларининг ҳудудларни ривожлантириш масаласидаги масъулияти ва жавобгарлиги аниқ эмас. Бу масалани атрофлича кўриб чиқиб, унинг амалий ечимини топишимиз керак. 

Жорий йилда вилоятдаги 10 та йирик саноат корхонасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 36 миллиард сўмга камайган, аҳоли жон бошига истеъмол товарлари ишлаб чиқариш эса мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан 1,7 баробар орқада қолган. 

Энг ёмони, мавжуд корхоналарнинг аксарияти тўла қувват билан ишламаяпти. Бунга эса ишлаб чиқаришга корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, менежмент ишини тўғри йўлга қўйиш, бу борада замонавий усуллардан фойдаланиш бўйича деярли силжиш йўқлиги сабаб бўлмоқда. Натижада буюртма портфели номига шакллантирилмоқда, бир қатор корхоналарнинг молиявий аҳволи йилдан-йилга ёмонлашмоқда, уларнинг техника ва технологиялари эскилигича қолмоқда. 

Бугунги кунда вилоят бўйича 327 та ёки жами саноат корхоналарининг 10 фоизи фаолият кўрсатмаётгани, 16 фоизи эса паст қувват билан ишлаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади. 

Бу борадаги аҳволни холисона таҳлил қилиб айтадиган бўлсак, вилоятнинг кўпгина туманларида хомашё ва ишчи ресурслари, тегишли инфратузилмалар етарли бўлишига қарамасдан, замонавий саноат корхоналари барпо этиш бўйича ташаббус ва амалий ҳаракатлар деярли сезилмаяпти. 

Шу муносабат билан илгари ҳам кўп бор айтган гапни яна такрорлашга тўғри келади – фақат пахта, ғалла ва сабзавот етиштириш, фақат аграр соҳа ҳисобидан янги корхоналар, уй-жойлар қуриш, пенсия, нафақа ва стипендияларни ўз вақтида тўлаш, ижтимоий эҳтиёжларни бажариш, кўпайиб бораётган аҳолимизни боқиш мумкинми, деди Юртбошимиз. 

1991 йилда мамлакатимиз аҳолиси 20 миллион 500 минг киши бўлган бўлса, мустақиллик йилларида халқимиз 1,5 карра ўсиб, 31 миллиондан ошди. 

Ҳаммамизга маълум, бизнинг ер ва сув бўйича имкониятларимиз чекланган. Агар мамлакатимизда ер ва сув ресурслари етарли бўлса, Ўзбекистоннинг бугунги ҳолати бутунлай бошқача бўларди. Ер ҳам, сув ҳам танқис бўлиб, экин майдонларининг аксарият катта қисми шўрланган, тупроқ унумдорлиги пасайиб бораётган ҳозирги мураккаб бир шароитда Ўзбекистон деҳқонларининг қаҳрамонона меҳнати, матонати, чидамига тан бериб, уларнинг олдида ҳар қанча таъзим қилсак, арзийди, деб таъкидлади Президентимиз. Лекин такрор ва такрор айтишни зарур деб биламан. Бизнинг энг устувор вазифамиз – бу таркибий ўзгаришлар сиёсатини олиб бориш, саноатни диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини оширишдан иборат. 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида айни шу мақсадда Наманган вилоятининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини кескин ривожлантириш бўйича 2016-2019 йилларга мўлжалланган махсус дастур устида бошланган ишлар ўз якунига етаётганини маълум қилиб, кенг кўламли бу дастур ҳақида тўхталиб ўтди. 

Мазкур дастур 5 та асосий йўналишдан иборат бўлиб, биринчи йўналиш Наманган вилоятида янги саноат объектларини барпо этишга қаратилган 16 та йирик инвестиция лойиҳасини ўз ичига олади. Бу ҳақда гапирганда, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини бунёд этиш лойиҳаси ҳақида алоҳида сўз юритиш ўринлидир. Биринчи босқичда, яъни, 2017 йилда ҳар бири 450 мегаватт қувватга эга иккита энг замонавий буғ-газ турбинасини ишга тушириш бўйича бугунги кунда жадал иш олиб борилмоқда. Иккинчи босқичда, яъни, 2020 йилда яна иккита ана шундай турбинани ишга тушириш кўзда тутилмоқда. 

Ана шу улкан лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан биз нафақат Наманган вилояти, балки бутун Фарғона водийсининг иқтисодиёти ҳамда аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, шу асосда янги-янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш имкониятига эга бўламиз. 

Дастурнинг иккинчи йўналиши вилоятда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича 25 та инвестиция лойиҳасини қамраб олади. Уларнинг орасида Наманган шаҳридаги "Электр қурилмалари" акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш қувватини оширишга қаратилган лойиҳа муҳим ўрин тутади. Шу аснода металл конструкциялар ва қуйи вольтли электр асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Учинчи йўналиш – маҳаллий ҳокимият идоралари ва тадбиркорлик тузилмаларининг саноат салоҳиятини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича ташаббуслари асосида тузилган бўлиб, унда 177 та лойиҳа ўрин олган. Уларнинг орасида Уйчи туманида хорижий инвесторлар билан биргаликда ташкил этиладиган ипак-трикотаж маҳсулотлар корхонаси, Наманган шаҳридаги "Камол-медфарм" масъулияти чекланган жамиятида маҳаллий шифобахш ўсимликлардан дори-дармон ва инъекция воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, "ФТ текстиль груп" масъулияти чекланган жамиятида эса пахта хомашёсидан ип-калава ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа истиқболли лойиҳалар диққатга сазовордир. 

Дастурнинг яна бир муҳим йўналиши – муҳандислик коммуникациялари ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини қуришга доир бир қатор лойиҳалардан ташкил топган. Шулар қаторида Поп туманида электрлаштирилган "Ангрен – Поп" темир йўли подстанцияларини электр билан таъминлайдиган иншоотларни барпо этиш кўзда тутилмоқда. 

Шунингдек, вилоятдаги фойдали қазилма конларини аниқлашга қаратилган геология-қидирув ишларини босқичма-босқич амалга ошириш ва ривожлантиришга оид чора-тадбирлар ҳам мазкур ҳужжатнинг узвий бир қисмини ташкил этади. Бу борада фойдали қазилма конларини топиш эҳтимоли бўлган Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон, Чортоқ туманларида геология-қидирув ишларини давом эттириш ва уларнинг ҳудудида янги корхоналар қуриш мўлжалланмоқда. 

Мухтасар қилиб айтганда, ушбу дастур доирасида келгуси 4 йилда умумий қиймати 5 миллиард доллар бўлган 250 дан зиёд лойиҳани жорий этиш ва шунинг ҳисобидан 16 мингдан ортиқ иш ўрнини яратиш мўлжалланаётгани, ўйлайманки, бу соҳада амалга оширадиган ишларимизнинг кўлами ва миқёсидан далолат беради, деди Президентимиз. 

Бугунги кунда ҳар қандай давлатнинг тараққиётини иқтисодиётнинг қон томири бўлган замонавий транспорт-коммуникация тармоқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада Наманган вилоятида, бутун Фарғона водийсида қандай улкан ишларни амалга ошираётганимиздан сизлар яхши хабардорсиз, албатта, деди давлатимиз раҳбари. Айниқса, 123 километр узунликдаги "Ангрен – Поп" электрлаштирилган темир йўлининг қурилиши Ўзбекистонимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлиши шубҳасиз. Денгиз сатҳидан қарийб 1,5 минг метр баландликда жойлашган, мураккаб тоғ тизмаларини кесиб ўтадиган, 19 километрдан зиёд тоннелни ўз ичига оладиган, хитойлик шерикларимиз билан ҳамкорликда барпо этилаётган ушбу ноёб лойиҳа бўйича ҳозирги вақтда 104 километр йўл қуриб битказилди. 

Бу замонавий коммуникация тармоғи Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали ишончли боғлаш имконини беради. Айни вақтда у Европа ва Осиё қитъаларини бир-бири билан боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг энг муҳим бўғинига айланиши билан ҳам муҳим стратегик аҳамиятга эгадир. 

Шунингдек, вилоятда яқин 5 йил ичида 130 километрдан ортиқ автомобиль йўллари, қатор йўл ўтказгичлар, транспорт инфратузилмаси объектлари қуриш режалаштирилмоқда. 

Бугунги кунда Наманган вилоятининг аҳолиси қарийб 2 миллион 600 минг кишини ташкил этмоқда. Кейинги 5 йилда вилоят аҳолисининг сони 10 фоизга ўсди. Табиийки, ҳаёт ўзгариши билан ана шу инсонларнинг талаб ва эҳтиёжлари, орзу-ниятлари, керак бўлса, ташвиш-муаммолари ҳам ортиб боради. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, вилоятда аҳолининг реал даромадлари 2009 йилга нисбатан жон бошига икки баробар кўпайгани, шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи қарийб икки ярим марта, пенсия ва ижтимоий нафақалар салкам уч марта ортганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Айни пайтда аҳолига хизмат кўрсатадиган ижтимоий инфратузилмалар тармоғини кенгайтириш бўйича ҳам эътиборга лойиқ ишлар қилинмоқда. Масалан, жорий йилда вилоятда 89 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объекти фойдаланишга топширилди, кўплаб мактаблар, болалар спорти иншоотлари, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Шунингдек, вилоятнинг 34 та қишлоқ аҳоли пунктини ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланди. Ана шу ишларни изчил давом эттириш мақсадида Наманган шаҳрида келгуси йилда 40 километр узунликдаги иккинчи сув тармоғини қуриш ва ичимлик суви тармоқларини модернизация қилиш кўзда тутилмоқда. 

Кейинги йилларда вилоятнинг қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар асосида 4 мингдан ортиқ уй-жой қуриб фойдаланишга топширилди. Мазкур массивларда 216 километр ичимлик суви тармоғи, қарийб 100 километр электр, 186 километр газ тармоқлари ва 78 километр йўл ҳамда 114 та инфратузилма объекти барпо этилгани бу уйларда яшаётган одамлар учун қулай ҳаёт шароитларини туғдирмоқда. 

Келгуси йилда вилоятда яна 911 та ана шундай замонавий уй-жойларни тегишли муҳандислик ва коммуникация тармоқлари билан бирга барпо этиш режалаштирилган бўлиб, бу қишлоқ аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Б.Юсупов Наманган вилояти ҳокими вазифасидан озод қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тавсиясига кўра, вилоятнинг Мингбулоқ тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Хайрулло Бозоров Наманган вилояти ҳокими этиб тасдиқланди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали