Наманганлик йўлсозларнинг байрам совғаси: Янгиқўрғон тумани марказида янгиланган кўприк
Мустақилликнинг қутлуғ 25 йиллик санаси арафасида Наманганнинг барча шаҳар ва туманлари бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари авжида. Ўзининг олмалари-ю, бетакрор табиати билан донг таратган Янгиқўрғонда ҳам бугун байрам шукуҳи устувор. Юртбошимиз раҳнамоликларида олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий йўналишдаги чора-тадбирлар ҳар бир туман аҳлини турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Умумий фойдаланишдаги давлат аҳамиятидаги 4П-118 "Жийдакапа-Уйчи-Чортоқ-Янгиқўрғон-Нанай-Қирғизистон Республикаси чегараси" автомобил йўлининг 32-километридаги, Янгиқўрғон шаҳарчаси марказида жойлашган кўприкнинг қайтадан барпо этилганлиги ҳам фикримиз далилидир. Ушбу ҳайрли иш учун жами 2 миллиард сўм маблағ сарф этилди.
Аслида объектнинг топширилиши 1 сентабрга режалаштирилган бўлса-да, қайта қуриш ишлари муддатидан олдин якунланиб, аҳолига байрам туҳфаси сифатида тақдим этилди. Кўприк аввалгидан кўра 4 метрга кенгайтирилди ва пиёдалар йўлакчаси янги, замонавий кўринишга келтирилди.
Мазкур объектнинг очилиш маросими туман фахрийлари, ёшлар, жамоатчилик вакиллари, йўлсозлар иштирок этди. "Наманганавтойўл" ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти директори Ў.Мурадов ҳамда туман ҳокими Т.Рапиқовлар очилиш маросими қатнашчиларини ушбу воқеа билан муборакбод этдилар. Таъмирлаш ишларида жонбозлик кўрсатган йўлсозларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати