Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратиш – бош мақсадимиз

6343 14 Январ, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 125 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. 

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 17-18 март кунлари вилоятга ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишган, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифалар белгилаб берган эди. 

Ўтган вақт мобайнида мазкур топшириқлар ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида умумий қиймати 1 минг 142 та лойиҳа ишга туширилиб, 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 

2018 йилда Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш дастури доирасида саноат йўналишида жами 88 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 триллион 322 миллиард сўмдан инвестициялар ўзлаштирилди. Тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 58 миллион 267 минг долларни ташкил этди. 

Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифини Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Қуръон тиловат қилинди. 

Маълумки, 2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида давлатимиз раҳбари Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илгари сурган эди. Кейинчалик давлатимиз раҳбари ушбу марказ лойиҳаси ва қурилиши билан бир неча бор танишди, муҳим тавсиялар берди. Бугунги кунда қурилиш ва пардозлаш ишлари ниҳоясига етказилди. 

Шавкат Мирзиёев ушбу марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди. 

Марказ Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади. Бу ерда аждодларимизнинг бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш, етук мутахассислар тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. 

Марказнинг биринчи қаватида музей ташкил этилган. Унда Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий сафарлари акс этган. Музей марказига "Саҳиҳи Бухорий" китобининг қадимий қўлёзма нусхаси қўйилган. 

Музей билан танишар экан, Президентимиз бу жой зиёратчиларга Имом Бухорий ҳақида кенг тасаввур беришини, билимини бойитишини таъкидлади. 

Дунё харитасида яна бир илмий марказ пайдо бўлди. Бу марказ мамлакатимизга илм, барака олиб келади. Ёшларимизга билим, куч беради. Бу ерда ўқиганлар, зиёратга келганлар катта маънавият, маърифат олади, деди Шавкат Мирзиёев. 

Марказ томонидан ўтган вақт мобайнида буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш, нуфузли халқаро марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Европа ва Шарқ мамлакатлари, дунёдаги етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан алоқалар ўрнатилди. Жумладан, Буюк Британиянинг Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Кембриж университети, "Ал-Фурқон" фонди, Британия музейи, Франциянинг Араб дунёси институти, Франция миллий кутубхонаси ва бошқа илм-фан масканлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. 

Марказ илмий ходимлари томонидан "Имом Бухорий таърифи", "Алоуддин Усмандий Самарқандий ҳаёти ва илмий мероси", "Лубобул ҳадис" асари каби 17 та китоб нашрга тайёрланди. Хорижий мамлакатларнинг кутубхона фондларида сақланаётган 535 та қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхалари олинди. Марказда сақланаётган 1 минг 168 асарнинг каталоги тайёрланди. 

Давлатимиз раҳбари қўлёзма китобларни авайлаб сақлаш, таржима қилиб халққа етказиш бўйича кўрсатмалар берди. 

Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази билан бирга олий диний таълим муассасаси – Ҳадис илми мактаби ҳам бунёд этилган. Шавкат Мирзиёев ушбу мактаб билан ҳам танишди. 

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 10 нафар иқтидорли битирувчиси саралаб олинган. Мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим берилади. 

Буюк аждодларимиз асос солган Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади. Ташкил этилган муассаса олдига ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта ўрганиш, хорижий тилларни чуқур ўргатиш, машғулотларни "Устоз – шогирд" анъаналари асосида ташкил этиш, дунёвий давлатда диний қадриятларни асраб-авайлаш, ҳадис илми уламолари асарларининг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини тайёрлаш, ўзбек ва хорижий тилларда нашр этиш, илмий семинарлар, конференциялар ташкил этиш, энг муҳими, "Жаҳолатга қарши – маърифат" шиори асосида муросасизлик, экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига илм-маърифат, юксак одоб-ахлоқ билан қарши туришдек катта вазифалар қўйилган. 

Келажакда Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида таълим бериб, диний ташкилотларда имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаши, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида илмий ходим сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган. Битирувчилар таълимни ўз ихтисослигига кўра, Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратурасида, таянч докторантура ва докторантура босқичларида давом эттириши мумкин. 

Президентимиз мактабда ўқитиш услубларини такомиллаштириш, халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев Самарқанд тумани Қорасув массивида қурилаётган замонавий уй-жойларни бориб кўрди. 

Президентимиз ҳудудларга ташрифи чоғида энг муҳим ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар қатори аҳоли учун қулай турмуш шароити яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Самарқанд вилоятида ҳам кейинги йилларда бу борада салмоқли ишлар қилинмоқда. 

Жумладан, Самарқанд шаҳри аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи юқорилигини инобатга олиб, 2018 йилги дастурга қўшимча равишда кўп қаватли арзон уйлар қуриш киритилган эди. Шунга мувофиқ, Самарқанд тумани Қорасув массивидан Самарқанд шаҳри учун 50 гектарга яқин ер ажратилиб, кенг кўламли бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. 

2018 йилнинг ўзида "Ўзшаҳарқурилишинвест" инжиниринг компанияси буюртмаси асосида жами 1 минг 344 хонадондан иборат 7 қаватли 32 та арзон уй барпо этилди. Бундан ташқари, "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси томонидан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган 5 қаватли 12 та турар жой қуриб, фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, ҳудудда хусусий боғча, ички ишлар бўлими биноси, савдо ва маиший хизмат мажмуаси, "Регистон" супермаркети қуриб битказилди. 540 ўринли мактаб қурилиши якунланмоқда. 

Шу тариқа бу ерда қисқа фурсатда замонавий массив қад ростлади. Янги уйларда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча қулайликлар эътиборга олинган. Ҳар бир хонадон индивидуал иситиш қозонлари билан таъминланган. Уйлар олдида болалар ўйин майдончалари барпо этилган. 

Давлатимиз раҳбари Жасур Турсунқулов ва Жамшид Каттақуловлар оилалари кўчиб ўтган хонадонларни кириб кўрди, уй соҳиблари билан суҳбатлашди. 

Шу ерда Қорасув массивида 2019 йилда фойдаланишга топшириладиган уйлар, жумладан, "Агромир билдингс" компанияси томонидан Туркиянинг замонавий технологияси асосида монолит усулида барпо этилаётган 16 қаватли турар жойлар, коммунал соҳа инфратузилма объектларининг лойиҳа кўринишидаги тақдимотлари ўтказилди. 

Янги массивда "Ўзшаҳарқурилишинвест" инжиниринг компанияси томонидан 12 та, "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси томонидан 7 та уй қурилиши жадал олиб борилмоқда. 

Президентимиз турар жойлар қурилишининг одамлар ҳаётидаги, ҳудуд инфратузилмасидаги аҳамияти ҳақида тўхталди. 

Самарқанд туризм маркази бўлиши керак. Шунинг учун бу ерда кўп қаватли уйлар қурилишини кўпайтирамиз. Шаҳарда энг замонавий талабларга жавоб берадиган уйлар қуриб, аҳолини таъминлаймиз. Уйларни қуришдан олдин унинг эгаси, қайси қаватда, неча хонали уйда яшашигача аниқ бўлиши лозим, деди давлатимиз раҳбари. 

Самарқанд сейсмик жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашгани боис келажакда Каттақўрғон, Ургут, Пахтачи, Нарпай, Қўшработ туманлари марказларида ҳам кўп қаватли уйлар қурилиши зарурлиги таъкидланди. 

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, тармоқ корхоналарида замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Тойлоқ туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва қадоқлашга ихтисослаштирилган "Pet Agro Oil" қўшма корхонаси 2017 йилда Шимолий Ирландиянинг "Nortec Estate LLP" компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг "Tony Green" фирмаси томонидан ташкил этилган. 

Айни пайтда корхона фаолиятини кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Италия, Австрия, Туркия, Швейцария, Ҳиндистон, Болгария ва Хитойдан 7 миллион долларга замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. 

Корхона тўлиқ қувват билан иш бошлагач, 800 кишининг бандлиги таъминланади. Кунига 350 тонна ўсимлик ёғи, 3 минг тонна томат пастаси, 2 минг 500 тонна олма концентрати ишлаб чиқарилади. 

Шу ерда Самарқанд вилоятига бириктирилган Ўзбекистон Республикасининг Туркия, Хитой ва Испания давлатларидаги элчихоналари ҳамда Афина шаҳридаги Бош консуллиги кўмагида амалга ошириладиган лойиҳалар, вилоятда интенсив боғлар, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этиш, сув тежайдиган технологиялар, паррандачиликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари тақдимотлари ўтказилди. 

Давлатимиз раҳбарига Хитойнинг "Henan Wanbang Selected Supply Chain Management Co.LTD" компанияси томонидан чорвачилик кластери қуриш лойиҳаси, Булунғур, Жомбой ва Пайариқ туманларида чорвачилик кластерига танланган ер майдонлари, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш ва "Томорқа хизмати" МЧЖ фаолиятини кенгайтириш вазифалари ҳақида маълумот берилди. 

Самарқанд туманидаги "Afrosiyob Parranda" МЧЖ Самарқанд, Тошкент, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида омихта ем ҳамда премикс ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган. Сурхондарёда 2019 йилнинг тўртинчи чорагида 6,6 миллион евро эвазига йилига 50 минг тонна омихта ем тайёрлайдиган корхона барпо этилади. 

Президентимиз Туркиядаги элчихона томонидан қишлоқ хўжалиги учун дори воситалари ва ўғитлар, томчилатиб суғориш ускуналари, трактор, полипропилендан ип-калава, сендвич панель ишлаб чиқариш, Самарқанд шаҳрида 130 ўринли меҳмонхона қуриш лойиҳалари билан танишди. 

Испания қироллигидаги элчихона вилоятда замонавий қурилиш материаллари, иссиқхона қуриш учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, пахта учун томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини тайёрлаш заводи қуриш лойиҳаларини амалга оширади. 

Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳаларнинг асоси, самарадорлиги билан қизиқди. Улар юзасидан тегишли кўрсатмалар бериб, хорижий тажрибани ўрганиш, керак бўлса, чет элдан консультантлар жалб этиш зарурлигини таъкидлади. 

Самарқанд вилоятида 37 минг гектардан зиёд лалми ер майдонларидан фойдаланилмаётгани, уларни ишга солиб, аҳолини иш ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мумкинлиги қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрининг Университет хиёбонида қурилаётган Конфуций майдонида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. 

Конфуций эрамиздан олдинги 551 йилда туғилган. Хитой маданияти асосларининг яратилиш даврини бошлаб берган. Конфуций таълимоти асосчиси, сиёсий арбоб сифатида танилган. 

2014 йилда Шанхай хорижий тиллар университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, чет тиллар институти қошида Конфуций институти ташкил этилган эди. 

Президентимизнинг аввалги ташрифи чоғида берилган топшириқларга мувофиқ, Самарқанд давлат университети ёнида буюк мутафаккир Конфуций ҳайкали ўрнатилди. Ҳайкал атрофидаги майдонда қадимги Хитой анъаналарига хос айвонлар барпо этилди. 

Самарқанд давлат университетига қарашли 9 қаватли ўқув ва маъмурий бинода қурилиш ишлари амалга оширилиб, унинг ҳар бир қавати ривожланган мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари андозаларига мослаштирилди. 

Бу ерда халқаро таълим дастурлари маркази ташкил этилмоқда. Унда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи давлатлари университетларидаги энг яхши тажрибалар ўрганилади. Мамлакатимиз тармоқлари учун зарур малакали мутахассислар тайёрланади. Талабалар икки йил ушбу марказда таълим олса, кейин хорижда ўқишни давом эттиради. 

Президентимиз марказ лойиҳаси билан танишиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. 

Шу ерда Самарқандда туризмни ривожлантириш, конгресс-холл ва меҳмонхоналар қуришга оид ва бошқа лойиҳалар намойиш этилди. 

Ўн тўрт гектардан зиёд майдонда бунёд этиладиган конгресс-холлда йирик халқаро анжуманлар ўтказиш учун барча шароит яратилади. Унинг атрофида беш юлдузли иккита замонавий меҳмонхона, бизнес марказлар ва бошқа объектлар қурилади. 

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 540 дан зиёд туристик объект, 119 та меҳмонхона, 23 та уй меҳмонхона, 127 та туроператор фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили вилоятга 2 миллион 400 мингдан зиёд маҳаллий ва хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Айни пайтда вилоят туризм салоҳиятини янада ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Индонезиянинг "Sahid group" компанияси билан ҳамкорликда иккита замонавий меҳмонхона қурилмоқда. Ургут, Самарқанд, Нуробод каби қатор туманларда янги туристик маршрутлар ташкил этиш ишлари бошланган. 

Давлатимиз раҳбарига туризмни ривожлантириш бўйича "Smart Chain" компанияси томонидан "Nazzar" инновацион иловаси ҳақида маълумот берилди. Ушбу инновацион илова исталган материални тўлдирилган воқелик элементлари билан бойитиши мумкин. Смартфон "Nazzar" белгисига йўналтирилса, мобиль қурилма экранида реал объектнинг тасвири чиқиб, у турли эффектлар билан тўлдирилади. 

"Smart Chain" компанияси мутахассислари таклиф этаётган инновацион иловалар орқали мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда тарихий обидалар ва музейларни ёшлар ўртасида янада оммалаштириш мумкин. Ушбу карточкаларга смартфонни яқинлаштириш орқали тарихий объектларни "гавдалантириш", лавҳа фонида аудиоматнни эшитиш ёки уни 3D реаллигида томоша қилиш имконияти мавжуд. Президент мамлакатимиз туризм салоҳиятини янада ривожлантриш учун, аввало, малакали мутахассислар тайёрлаш зарурлигини қайд этди. Мутасаддиларга туризм ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, Самарқанддаги "Ипак йўли" туризм халқаро университети фаолиятини янада кучайтириш бўйича топшириқлар берди. 

Шу куни Самарқанд шаҳрида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев юртимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилаётган Самарқанд аҳлига чуқур ҳурматини билдириб, иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, халқимиз ҳаётини яхшилаш бўйича вилоятда ҳам кўп ишлар қилинаётганини таъкидлади. 

Жумладан, "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасида 29 та қишлоқ, 4 та маҳаллада қарийб 200 миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган. Ўтган йили 1 минг 500 квартирали 36 та кўп қаватли уй, 2 минг 349 та арзон уй-жой барпо этилиб, эгаларига топширилган. 60 га яқин давлат болалар боғчаси қурилиб, 356 та хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилган. Соғлиқни сақлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, коммунал тармоқларни реконструкция қилиш бўйича ҳам аниқ манзилли ишлар бажарилган. 

Давлатимиз раҳбари Германиянинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиб, Самарқандда "рақамли иқтисодиёт" учун кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига биноан Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди. 

Сўзга чиққанлар Президентимиз томонидан Самарқанд вилоятини жадал ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифаларни бажариш йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишини таъкидладилар. 

Вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, инвестиция жараёнини фаоллаштириб, янги корхоналар қуриш ва иш ўринларини кўпайтириш энг муҳим ва устувор йўналиш ҳисобланади. Ўтган йили вилоятда 448 та объект ишга туширилган. Лекин Самарқанддек катта салоҳиятга эга ҳудуд учун бу етарли эмас, деди Шавкат Мирзиёев. 

Шу мақсадда 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган 968 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилгани, хорижий давлатлар билан ҳамкорликда йирик саноат корхоналари ташкил этилиши маълум қилинди. 

Самарқанднинг туризм салоҳиятидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди. 

Шу билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали