Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Оқсаройда қабул

7861 17 Август, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 243 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 17 август куни Оқсаройда Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сукни қабул қилди. 

Давлатимиз раҳбари меҳмонни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон Корея Республикаси билан стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлашини ва бу муносабатларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. Ислом Каримов ушбу ташриф ўзаро манфаатли ҳамкорликни, айниқса, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ва "Электрон ҳукумат"ни жорий этиш соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди.


2.jpg 

Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг 2014 йил июнь ойида Тошкентга ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил май ойида Сеулга давлат ташрифлари мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг ҳар томонлама, аввало, иқтисодий соҳада изчил ривожланишига янги суръат бағишлади. Ушбу ташрифлар якунига кўра юздан ортиқ ҳужжат, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий соҳаларда ҳамкорликка оид умумий қиймати 9,5 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган битимлар имзоланган. 

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг асосий инвестициявий ва технологик ҳамкорларидан. Мамлакатимизнинг кўп йиллик ишончли шериклари – Жанубий Кореянинг "ЖиЭм-Корея", "Кореан Эйр", "КОГАЗ", "Лотте", "ЖиЭс", "Поско-Дэу", "Самсунг", "Шингдонг", "Колон" каби етакчи компаниялари билан ҳамкорликда нефть-газ, электротехника, тўқимачилик соҳалари, қурилиш материаллари ва фармацевтика препаратлари ишлаб чиқариш борасида йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилган ва бу ҳамкорлик изчил давом этмоқда. 

Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Мамлакатимизда Жанубий Корея инвестицияси иштирокида ташкил қилинган 440 корхона фаолият юритмоқда, 77 компанияси ваколатхоналари очилган. 

Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Аннинг жорий йил май ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуаси очилгани ва бу завод мамлакатларимиз ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликнинг амалдаги ифодаси бўлганини алоҳида таъкидлаш даркор. 

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Жанубий Кореянинг техник кўмагида Ўзбекистон Республикасида "Электрон ҳукумат" тизимини жорий этиш, ушбу соҳа мутахассисларини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. "LG CNS" компанияси билан 2014 йил июнь ойида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумга мувофиқ ташкил этилган "LG CNS Ўзбекистон" қўшма корхонаси "Электрон ҳукумат" тизими ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг реал сектори учун ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш борасида фаолият юритмоқда. 

Хон Юн Сук самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади. 


Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали