Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Оқсаройда қабул

8634 20 Май, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 122 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 20 май куни Оқсаройда Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Анни қабул қилди. 

Давлатимиз раҳбари ушбу ташриф мунтазамлик касб этган олий даражадаги самарали мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлиб, ўзаро савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. 

Президент Пак Кин Хэнинг 2014 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикасига ва Президент Ислом Каримовнинг 2015 йил май ойида Корея Республикасига давлат ташрифлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга кўтарди. Ташрифлар якунига кўра юздан ортиқ ҳужжат, жумладан, умумий қиймати 9,5 миллиард АҚШ долларидан зиёд савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорлик ҳақидаги битимлар имзолангани бунинг тасдиғидир. 

Корея Республикаси мамлакатимизнинг асосий инвестициявий ва технологик ҳамкоридир. Жанубий Кореянинг "Хундай", "Самсунг", "Эл-Жи", "ЖиЭм-Корея", Корея газ корпорацияси, "Лотте Кемикал", "ЖиЭс", "Поско-Дэу", "Кореан Эйр", "Шингдонг", "Колон" каби етакчи компаниялари кўп йиллардан буён Ўзбекистон билан ҳамкорликда мамлакатимизда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Корея Республикасининг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган тўғридан-тўғри инвестициялари 7 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистонда Жанубий Корея инвестицияси иштирокида ташкил қилинган 449 корхона фаолият юритмоқда, 79 компаниясининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган. 

Корея Республикаси Бош вазирининг ташрифи муҳим воқеа – Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилишининг якунланиши ва унинг ишга туширилишига тўғри келгани янада аҳамиятлидир. "Самсунг Инжиниринг", "Хундай Инжиниринг" ва "ЖиЭс" компанияларини жалб этган ҳолда, Корея газ корпорацияси ва "Лотте Кемикал" компанияси таркибидаги Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилган қиймати 4 миллиард долларга тенг ушбу лойиҳа Ўзбекистон – Жанубий Корея инвестициявий ҳамкорлигининг яққол намунасидир. 

Муваффақиятли инвестициявий ҳамкорликка доир яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик соҳаларида, янги турдаги қурилиш ва пардозлаш материаллари, юқори самарали фармацевтика препаратлари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қатор муҳим қўшма лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан ҳам биридир. 2015 йил якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 1,7 миллиард доллардан ошди. Айни пайтда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида Жанубий Кореянинг муҳим савдо шеригидир. Корея Республикасининг минтақамиз давлатлари билан савдо айланмасининг ярмидан кўпи мамлакатимиз ҳиссасига тўғри келади. 

Учрашув чоғида нефть-газ соҳаси, транспорт инфратузилмаси, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича истиқболли инвестициявий лойиҳаларни биргаликда тайёрлаш ва амалга оширишга доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Томонлар кимё, озиқ-овқат, фармацевтика, машинасозлик саноати ва бошқа соҳаларда янги корхоналар ташкил этиш, Ўзбекистонда давлат корхоналари ва активларини хусусийлаштириш жараёнида Жанубий кореялик инвесторлар иштирокини кенгайтириш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар. 

Хван Гё Ан самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро манфаатли ва кенг кўламли савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ҳамда молиявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

ЎзА

Ҳавола:http://uza.uz/oz/politics/o-saroyda-abul---20-05-2016

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали