"Ўзавтойўл" АК фаолиятининг 2015 йил сарҳисоби ва истиқболдаги режалар
"Йўл-транспорт инфратузилмасини
тараққий эттириш саноатни жадал
ривожлантириш ва унинг салоҳиятини
оширишга хизмат қилади"
И.А.Каримов
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримов томонидан 2015 йилнинг 16 январида Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилишида белгилаб берилган – Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш дастуридаги устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, 2015 йилда "Ўзавтойўл" акциядорлик компанияси томонидан бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.
Бажарилган ишлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда йўл-транспорт инфратузилмаси кундан-кун тараққий этиб бормоқда. Бунда, Президентимизнинг "2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида"ги ПҚ-2313-сонли қарори дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Ушбу қарорни сўзсиз бажариш мақсадида 2015 йил Инвестиция дастури асосида автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.
Режага кўра, "Ўзавтойўл" компанияси тизимидаги корхоналар томонидан қурилиши белгиланган жами 143,4 км узунликдаги умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш учун пудратчи корхоналар ва Республика йўл жамғармаси ўртасида 35 та объект бўйича 580,1 млрд. сўмлик пудрат шартномалари имзоланди. Ушбу шартномалар бўйича жами 591,1 млрд. сўм миқдоридаги реконструкция ишлари бажарилиб, 149,7 км узунликдаги автомобиль йўллари тўлиқ реконструкция қилинди. Мазкур кўрсаткич тузилган шартномавий мажбуриятга нисбатан 102 % ни, 2014 йилга нисбатан 136 % ни ташкил этди.
Ўз навбатида, йўл корхоналари томонидан ўтган йил давомида 168,6 млрд. сўмлик капитал таъмирлаш ишлари бажарилди ҳамда 68 км узунликдаги йўл капитал таъмирланди ва белгиланган режа 102,2% га бажарилишига эришилди.
Шунингдек, 2015 йил давомида 670 км узунликдаги йўлда 112 млрд. сўмлик ташқи пудрат ишлари бажарилиб, шундан 310 км узунликдаги ички хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари ва 240 км шаҳар кўчаларида таъмирлаш ишлари олиб борилди, 120 км узунликдаги намунали уй-жой массивларига олиб борувчи йўллар қурилди.
Бундан ташқари, 2015 йилда 42676 км узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари учун ажратилган 528,5 млрд. сўмлик маблағлар тўлиқ ўзлаштирилди ва бу орқали 6500 кмдан ортиқ умумий фойдаланувдаги автомобиль йўллари ҳолати яхшиланишига эришилди.
Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасида ҳам 2015 йилда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Компания тизимидаги йирик саноат ва ёрдамчи ишлаб-чиқариш хўжалик корхоналари томонидан 2015 йил давомида 243 млрд. сўмлик, 2014 йилга нисбатан қиёсий нархларда 103,7 % га ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Жумладан, 2015 йил давомида 2 млн. тн асфальтбетон қоришмаси, 95,4 минг м3 темир бетон маҳсулотлари, 2,2 млн. м3 дан кўпроқ йўлбоп инерт материаллар ишлаб чиқарилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган тизимли ислоҳотлар натижасига кўра, 2015 йил давомида компания корхона ва ташкилотлари томонидан жами 293 та янги иш ўринлари яратилиши таъминланди ва белгиланган прогноз кўрсаткичи (180 та) 162,8% га бажарилишига эришилди.
Компания тизимидаги корхоналарнинг моддий-техника базасини ривожлантириш доирасида 2015 йил давомида 400 тадан ортиқ янги замонавий техника тизим корхоналарига етказиб берилди. Жумладан, ушбу техникаларнинг 362 донаси Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан, 48 донаси корхоналарнинг ўз маблағлари, лизинг ва кредит маблағлари ҳисобидан харид қилинди.
Ўз навбатида, янги технологияларни жорий этиш жараёнида энг аввало кадрлар малакасини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, жаҳон амалиётини ўрганиш ва мутахассисларимизнинг билимини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг Хитой Халқ Республикаси, Испания, Голландия, Белгия, Италия, Германия, Англия давлатларига юборилиб, автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш соҳасидаги илғор иш услубларини ўрганиб келишгани айниқса қувонарли.
2015 йил якунларини сарҳисоб қиладиган бўлсак, компанияда амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ, салмоқли ютуқ ва натижаларга эришилганлигини эътироф этиш баробарида, истиқболда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишимиз зарурлиги ҳам эътиборга моликдир.
Жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишларга тўхталадиган бўлсак, 2016 йил Инвестиция дастурига мувофиқ республикамиз бўйича жами 1379,9 млрд. сўмлик маблағлар ўзлаштирилиши кутилмоқда. Жумладан:
- автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига –899,9 млрд.сўм (512,9 км);
- шаҳар кўчалари ва хўжаликларга кириш автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига – 340 млрд.сўм;
- ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ишларига – 40 млрд. сўм.
Умуман, 2016 йилнинг Инвестиция дастурида жами 61 та объект киритилган бўлиб, шундан янгидан бошланувчи объектлар сони 24 та ни, ўтувчи объектлар сони 37 та ни ташкил этади.
Қилинган ҳисоб-китобларга мувофиқ 2016 йил давомида режадаги реконструкция ишларини бажариш бўйича тегишли тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан:
2016 йилнинг Инвестиция дастури доирасида "Ўзавтойўл" компанияси корхоналари томонидан 173,6 км узунликдаги автомобиль йўллари қурилиши режалаштирилган. Шундан жорий йилнинг I чорагида 10 км узунликдаги йўлнинг қурилиш ишлари якунланиши кутилмоқда.
Шунингдек, 2016 йилда компания корхоналари томонидан 98 км узунликдаги умумий фойдаланувдаги автомобиль йўллари капитал таъмирланиши режалаштирилган. Жорий йилнинг I чорагида 14 км узунликдаги йўлларда капитал таъмирлаш ишлари якунланади.
Компаниянинг асосий фаолият турларидан бири бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш ишлари учун 2016 йил давомида 853,6 млрд. сўмлик маблағлар ўзлаштирилиши кутилмоқда. Жорий йилнинг I чорагида эса сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари учун 169,8 млрд. сўмлик маблағлар йўналтирилиши кутилмоқда.
Йўлсозлик соҳасидаги барқарор иқтисодий ўсиш анъанаси баробарида аҳолини иш билан таъминлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишларни давом эттириш мақсадида, жорий йилда 180 та янги ишўринларини яратиш прогнозлаштирилган. Жорий йилнинг I чорагида 20 та янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Албатта, жорий йилда ҳам янги иш ўринларини яратиш бўйича белгиланган режани ортиғи билан бажариш мақсад қилинган. Бу юртимиз аҳолисининг бандлик даражаси кўтарилиши учун объектив шарт-шароитлар яратилаётганининг ёрқин мисоли бўла олади.
"Ўзавтойўл" компанияси томонидан автомобиль йўллари равонлиги, ҳаракат хавфсизлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг нечоғлик аҳамиятли эканлиги ҳеч биримиз учун сир эмас. Шуни инобатга олган ҳолда, компаниянинг жорий йилда ўз олдига қўйган режа ва мақсадлари халқимиз турмуш фаровонлигининг янада яхшиланишига хизмат қилишига ишончимиз комилдир.
"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати