Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ўзбегимнинг йўллари

18753 8 Июл, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 1023 Kb)


Ўзбегимнинг йўллари: кеча, бугун, эртага 
ёхуд
 Отабекнинг армони 

 Орамизда ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг машҳур "Ўткан кунлар" асарини ўқимаган, Отабекнинг севгисига ҳавас қилиб, Кумушнинг тақдирига ачинмаганлар бўлмаса керак. Муҳаббат учун вақту-масофа муҳим эмас деганларидек, хуржунини отининг эгарига осиб, жазирама ёзу, изғирин аёзда Тошкенту Марғилон орасида қатнайвериб, чарчамаган Отабекка раҳми келганлар ҳам етарли бўлгандир. Ахир йўл азоби, гўр азоби деб бежизга айтилмаганку?...


Замонавий талқин

Энди бир ўйлаб кўринг, Отабек XXI асрда, шу мустақиллик замонида яшаганида аҳвол қандай кечарди? Табиийки табиатан хушхулқ ва тадбиркор Отабекнинг шахсий автоулови бўларди. Президентимиз, ўз маърузаларидан бирида таъкидлаганидек, "бугунги кунда деярли ҳар икки оиладан бири шахсий транспорт воситасига эга ва бу машиналар айнан юртимизда ишлаб чиқарилгани барчамизга мамнуният ва ғурур бағишлайди". Қолаверса, мамлакатимизда юк ва йўловчи ташишда автотранспорт ҳиссаси 90 фоиздан ошиғроқни ташкил этади. Шундай экан, қаҳрамонимиз - Отабекнинг узоқ йўлдан тезда ҳорийдиган оти ўрнига замонавий Каптивами ёки жуда бўлмаганда, бир Ласеттиси бўлиши табиий ҳол, назаримизда. Энди тартиб бўйича машиналаримиз таърифини кўкларга кўтаришимиз керак эди. Лекин биз ундан-да муҳим бир жиҳатга эътиборингизни қаратишни истадик. Отабекнинг оти йўрғалаган йўллар эсингиздами? Кўз олдингизда ўнқир-чўнқир, паст-баландликлардан иборат сўқмоқ йўл гавдаланган бўлса, ажаб эмас. Узоқ, чанг-тўзонли, устига устак кимсасиз йўллар... Ушбу йўл азобидан чўчиш ҳисси, йўлнинг ўзи тугул, тараддудию хавотири қанча вақт ва куч талаб қилишини бир эслаб кўринг-а? Аслида инсониятнинг ривожланишига ҳам турмуш тарзини яхшилаш зарурати, қулайликка интилиш туртки бўлган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шундай экан олис манзилларни яқинлаштириб бераётган йўл қурилиши соҳасидаги бунёдкорликни амалга ошираётган йўлчиларимиз шаънига қанча мақтовларни айтсак шунча кам.


Кеча...

Отабеклар яшаб, Қодирийлар ижод қилган даврни қўя турайликда, шу яқин ўтмишга бир назар солайлик. Кўп эмас, бундан бор-йўғи чорак аср аввал йўловчи юртимизнинг олис ҳудудидан, дейлик пойтахтга келгунга қадар тинка-мадори қуриб, автобус ойнасидан кўзга ташланаётган бир хилдаги зерикарли йўл манзараларидан кўнгли хира тортарди. Йўл атрофидаги инфратузилма, тўғрироғи унинг мавжуд эмаслиги дилларни хира қилиб, бир талай ноқулайликларга сабаб бўларди. Йўлларнинг равонлигию, хавфсизлиги масаласини гапирмаса ҳам бўлади. 

Собиқ иттифоқ даврида йўл қуриш ишлари фақат марказ манфаати кўзланган лойиҳаларга кўра амалга оширилган ва иқтисодчилар томонидан мамлакатимиз автомобиль йўллари тармоғини самарасиз тармоқлар қаторига қўшиб келинган. Шунинг учун ҳам автомобиль йўлларини қуришда, Ўзбекистондаги иқлим шароити, аҳолининг турмуш тарзи масалалари индивидуал тарзда ўрганилмаган.


 Натижада:

ҳаво-ҳароратининг кескин ўзгаришлари йўллар сифатининг пасайишига (колея ҳосил бўлиши) олиб келган;  

автомобиль йўллари қурилишида йўл бўйи инфратузилмасини барпо қилиш кўзда тутилмаган (автомобилга ёқилғи қуйиш шахобчалари, кемпинглар ва х.к.);

Автомобиль йўллари тор қилиб яъни, асосоан 2 тасмалик қилиб қурилган.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг, мамлакатимиз миллий иқтисодиётида автомобиль йўллари муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътиборга олиб, йўлсозлик соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар даври бошланди. Хусусан, 1992 йил Ўзбекистон Республикасида МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб, "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги қонун қабул қилинди ва автомобиль йўлларини сақлаш, қуриш ва таъмирлаш ишларини амалга оширишнинг қонуний асоси тартибга солинди.


Бугун...

Мустақиллик йиллари давомида Ўзбекистонда замонавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, жаҳон талабларига жавоб бера оладиган янги йўллар қуриш, комплекс реконструкция қилиш ва таъмирлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизнинг шимолий-ғарбий ҳудудини шарқий ҳудуд билан, жанубий ҳудудини шимолий ҳудуд билан боғлаб берувчи замонавий талабларга тўла мос келадиган "Ўзбек миллий автомагистрали"ни қуриш лойиҳаси илгари сурилди. Лойиҳа ягона миллий транспорт тизимини яратиш, унинг негизида автотранспортда юк ташиш ҳажмларини кўпайтириш ва самарадорлигини ошириш, янги иш жойларини шакллантириш ҳамда аҳолининг бандлиги оширилишини таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистон миллий магистрали таркибига кирадиган, халқаро стандартларнинг юқори талабларига жавоб берадиган, замонавий цемент-бетон ва асфальт-бетон қопламалар билан таъминланган тўрт тасмали йўл участкаларини қуриш ва реконструкция қилишни кенгайтириш, Қамчиқ довонидан ўтадиган автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ушбу лойиҳанинг асосий вазифаларидандир ва бу каби вазифалар шубҳасиз, мамлакатимиз автомобиль йўллари тизими ривожи учун хизмат қилади.

Бугунги кунда мамлакатимиз автомобиль йўллари тизими 184 000 километр узунликдаги йўллардан ташкил топган. Ўзбекистон Республикасининг "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги қонунига мувофиқ узунлиги 42 676 км бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари махсус ваколатли орган сифатида "Ўзавтойўл" компанияси томонидан сақланади. Таъкидлаш ўринлики, ушбу йўлларнинг асосий қисми мустақиллик йилларида тубдан таъмирланди, реконструкция қилиниб, янгидан барпо этилди. Тарих қаричида арзимаган бўлиб туюладиган чорак асрлик бу даврда, йўлсозлик соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бироқ, бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами шу қадар кенг-ки, уларнинг кўлами собиқ мустабид тузум даври тугул,  мустақилликнинг илк йилларида йўлсозлик соҳасида амалга оширилган ишлар кўламидан ҳам бир неча барорбарга ошиқроқдир.


Хусусан: 

Мустақилликнинг чорак асрлик даври давомида 4867 км автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 24854 км таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Сўнгги 5 йил ичида  юзлаб километр тор йўллар кенгайтирилди. Шу давр ичида жами 2224 км умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш амалга оширилиб, 458 км автомобиль йўллари 2 тасмаликдан 4 тасмаликка ўтказилди, 87 км автомобиль йўли янгидан қурилди. Бу кўрсаткич, 90-йилларга нисбатан 14 баробарни ташкил этади. 

Республикамизнинг қайси вилоятида бўлишидан қатъий назар, автомобиль йўллари қурилган ёки реконструкция қилинган ҳудудда, халқаро талабларга жавоб берадиган йўл ёқасида шундай йўлга арзигулик инфратузилма ҳам барпо этилмоқда. 

Автомобиль йўлларини қуриш соҳасида жаҳон тажрибаси ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида халқаро аҳамиятдаги А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 440-490 км, 490-581 км. қисмларини реконструкция қилиш объектларида йўл қопламаси цементобетондан қурилди. М-39 "Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз" автомобиль йўлининг Сурхондарё вилояти ҳудудидан ўтган 100 километрлик қисмида қоплама қуриш ишлари янги технологиялар қўллаган ҳолда амалга оширилди.

"Ўзбек миллий автомагистрали"ни қуриш лойиҳаси доирасида транзит транспорт воситаларини йирик шаҳарларни айланиб ўтиши орқали ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва вақтни тежашга, масофаларнинг қисқаришига, шаҳарлар экологик муҳитини яхшиланишига эришилди. Ўтган даврда Қўқон, Бухоро, Каттақўрғон, Гулистон, Қарши каби йирик шаҳарларни айланиб ўтишда 108 км янги йўллар барпо этилди. Йирик шаҳарларни айланиб ўтишда янги йўлларнинг барпо этилиши тажрибаси, 90-йилларда ҳали амалга тадбиқ этилмаган. 

Ҳозирда бутун Ўзбекистон бўйича йилига ўртача 500 км автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ва 1500-1600 км автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Бугунги кунда, автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш кўрсаткичи, 90-йилларга нисбатан 12 баробарни ташкил этади. 

"Ўзавтойўл" АК тизимида бугунги кунга келиб, 23082 нафар ишчи ва ходимлар фаолият юритади. 

Қайд этиш жоизки, йўл қурилиш ва таъмирлаш ишларида бор техникаларни таъмирлаб, 2013-2015 йиллар давомида бир ярим мингга яқин замонавий йўл қурилиш техникаларини харид қилинди. Бу эса қурилаётган йўлларнинг сифатини ошириб, қурилиш муддатларини янада қисқартиришга ҳамда автомобиль йўлларидан фойдаланиш муддатининг узайишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Йўл қурувчиларни "Фарҳод ва Ширин" қиссасидаги паҳлавон Фарҳодга ўхшатиш мумкин. Тоғни талқон қилгувчи шаҳдга эга шундай Фарҳодлар бугун ўз куч-ғайратларини дунёдаги энг савоб ишлардан бири - йўл қуришга бағишламоқда. Айниқса тоғ ёнбағридаги текис ва равон автомобиль йўлларидан юрганингизда, баҳайбад тоғлар орасида бири енг шимариб, тошларни олиб ташлаётган, бошқаси унинг ўрнини теккислаётган Фарҳоддек паҳлавонларнинг  меҳнати кўз олдингизда гавдаланади. Саодатли инсонлар қурган бу йўлларнинг саодатга олиб боришида ҳеч шубҳа йўқдек гўё... Отабекларнинг Кумуши васлига тезроқ етишида манзиллларни қалблар каби яқинлаштирувчи шу йўллар равонлигигина лозимдек...


Эртага...

Мустақиллик йилларида Республика раҳбарияти томонидан коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар қабул қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 мартда қабул қилинган "2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида"ги ПҚ-2313-сонли қарори ҳам мамлакатимиздаги йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун хизмат қилади. Жорий йилда, Ўзбек миллий автомагистралини модернизация қилиш ишларини якунига етказиш борасида қарийб 513 километрга яқин автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади, бунинг учун 1379,4 млрд. сўм миқдоридаги инвестиция маблағлари ажратилиши белгиланган. Қайд этиш жоиз, бу вазифалар кўлами 2000 йилларга нисбатан 10 баробарга кўпдир. 

Яқин йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини янада оширадиган улкан миллий автомагистраль фойдаланишга топширилади. Натижада йўл-транспорт тизимида қуйидаги ижобий ўзгаришлар амалга ошади: 

автомобиль транспортининг республика ичида юк ва йўловчи ташишини 60-70% га ошиши;

халқаро ва транзит автоташишларни ўртача 45-55% га кўпайиши;

ривожланган йўл атрофи инфратузилмасининг барпо этилиши;

аварияларни ва республика йўл-транспорт мажмуининг атроф муҳитга нохуш таъсирини камайтириш;

мамлакат автотранспорт коммуникацияларининг ягона, яхлит ва самарали тармоғини шакллантиришнинг навбатдаги босқичини тугаллаш. 

Қолаверса, йўлларнинг юқори сифати туфайли вақт ва ёқилғи тежалишига эришилади. "Ўткан кунлар"даги Отабек бир неча куну-тунлар давомида босиб ўтган Тошкент ва Марғилон ўртасидаги 350 км масофани босиб ўтиш учун яқин келажакда атиги 2,5-3 соатгина вақт талаб қилинади холос.


Хулоса ўрнида

Бугун биз ахборот асрида ёки машҳур олим Тоффлер башоратида айтганидек "учинчи тўлқин" - постиндустриал  жамиятда яшаяпмиз. Бундай жамиятда барча қадриятлар вақт тушунчаси билан тўқнашади, барча соҳаларда тезкорлик тамойилига амал қилина бошлайди ва шу жамиятнинг ҳар бир аъзоси замоннинг бу хусусияти билан эртами-кечми, ҳисоблаша бошлайди. Қодирийнинг "Ўткан кунлар"идаги бош қаҳрамоннинг онаси – Ўзбек ойимнинг Юсуфбек ҳожига кўз ёш қилишию, Кумушдан гинаси замирида ҳам узоқ масофа сабаб, уни ўғли – Отабекдан айираётган шу вақт ётгандек гўё. Агар "Ўткан кунлар" асаридаги воқеалар тасмаси XXI асрда, шу кеча кундузда рўй берганида эди, Тошкент ва Марғилон ўртасидаги атиги 350 км.ни ташкил этадиган масофа Ўзбек ойимнинг жаҳлига, Отабекнинг азобларию, Кумушнинг аянчли тақдирига сабаб бўлмасди, чунки бир неча кунда босиб ўтиладиган узоқ йўлни атиги бир неча соатда босиб ўтиш имконияти ҳижронга йўл қуймас ва уларнинг ҳаётида Зайнабнинг пайдо бўлишига зарурат туғилмас эди. Зеро, Отабеклар Кумушидан айрилмаслиги, Фарҳодлар ўз Ширинига етишиши учун йўллар равон, масофалар ҳам қалблар каби яқин бўлиши керак. 

Минглаб Отабекларни Кумуши висолига етказишига бел боғлаган Фарҳод каби йўлчиларнинг эзгу ишида ҳамиша зафарлар ёр бўлишини тилаймиз! 

Гулноза Алимова, "Ўзавтойўл" АК

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали