Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ўзбекистон – Германия: янги мазмун касб этган ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида

6529 22 Январ, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 282 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Федерал канцлери Ангела Меркелнинг таклифига биноан 2019 йил 20 январь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди. 

21 январь куни Берлин шаҳридаги Бельвю саройида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Шавкат Мирзиёевни Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер кутиб олди. 

Давлатимиз раҳбари фахрий меҳмонлар китобига имзо қўйди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Германия давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтди. 

Учрашувда Президентлар Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли соҳалардаги алоқаларни икки ва кўп томонлама асосда ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. 

Томонлар бундан буён ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашда давом этажагини билдирди. 

Президентлар Германия ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси асосида муносабатларни мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди. 

Бугунги кундаги хавф ва таҳдидлар, биринчи навбатда, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда янада яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Афғонистонда тинчлик жараёнини тезроқ бошлаш бўйича ёндашувлар бир хил экани тасдиқланди. 

Ўзбекистон иқтисодиёти тубдан модернизация қилинаётган ҳозирги жараёнда Германиянинг илғор тажрибаси ва технологияларини жалб этиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. 

Маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ҳам муҳокама қилинди. Мактаб таълимида самарали немис технологияларидан фойдаланиш, жумладан, "Мактаблар: келажак шериклари" (PASCH) ташаббусини амалга ошириш, Ўзбекистонда Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини очиш, халқларимиз ўртасида маданий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари эътибор марказида бўлди. 

Учрашув сўнггида Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф билан боришини яна бир бор тасдиқлади. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркелнинг музокаралари олдидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. 

Ангела Меркель Ўзбекистон Президентининг ташрифи узоқ танаффусдан кейинги муҳим воқеа экани, икки томонлама ҳамкорлик ривожига катта туртки беришини таъкидлади. 

– Биз Ўзбекистоннинг ишончли шериги бўлишни хоҳлаймиз. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун кўплаб имкониятлар борлигини кўрмоқдамиз, – деди Германия канцлери. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган юксак ҳурмат учун чуқур миннатдорлик билдириб, немис халқини жорий йил май ойида нишонланадиган Германия Федератив Республикаси ташкил этилганининг 70 йиллиги билан табриклади.

Сўнгги йилларда алоқалар жадал ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бораётгани, сиёсий мулоқотлар фаоллашаётгани мамнуният билан қайд этилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Германия Ўзбекистоннинг ишончли ва истиқболли шериги эканини, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга интилишини алоҳида таъкидлади. 

Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида янада яқиндан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор экани қайд этилди. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси асосида Европа Иттифоқи – Марказий Осиё йўналишида ҳамда Германия – Марказий Осиё форматида муносабатларни мустаҳкамлашда давом этишларини таъкидлади. 

Бўлажак учрашувда замонавий таҳдид ва хатарлар, аввало, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши айтиб ўтилди. Афғонистонда тинчлик жараёнини тез фурсатда бошлаш ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан экани қайд этилди. 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида конструктив мулоқот, шунингдек, давлат бошқаруви тизимининг шаффофлигига ҳамда коррупцияга тўлиқ барҳам берилишига эришиш мақсадида ҳамкорлик учун очиқ экани таъкидланди. 

Томонлар инвестиция ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Ўзбекистон Президенти ташрифи арафасида ўтказилган бизнес-форумда 8 миллиард евродан зиёд қийматдаги янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани, бошқа битимлар бўйича ишлар давом этаётгани маълум қилинди. 

Шунингдек, немис тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиладиган мактаблар тармоғини кенгайтириш, Германиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Германия Федерал канцлери Ангела Меркелнинг учрашувида асосий эътибор савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди. 

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик асосий масалалар бўйича позициялар ўхшаш ва яқинлиги қайд этилди. Самарали мулоқотни икки ва кўп томонлама шаклда, жумладан, нуфузли халқаро тузилмалар доирасида изчил давом эттиришга интилиш муштарак экани тасдиқланди. 

Германия канцлери Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида иқтисодиётни модернизация қилиш ва жамиятни янада демократлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва ўзаро ишонч муҳитини яратиш, кўп йиллик баҳсли масалаларни тинчлик йўли билан ҳал этиш ва минтақани глобал иқтисодиётга интеграция қилиш бўйича янги минтақавий сиёсатини олқишлади. 

Томонлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Давлатимиз раҳбари Германия ҳукуматига Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишдаги кўмаги учун миннатдорлик билдириб, Берлинни Оролбўйи учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятида фаол иштирок этишга чақирди. 

Мулоқотда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масаласига, жумладан, Афғонистон муаммосини ҳисобга олган ҳолда эътибор қаратилди. Бу масалани барча томонлар иштирокида, афғонлар раҳбарлигида тинч йўл билан ҳал этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. 

Германия Ўзбекистоннинг технология ва инвестициялар соҳасидаги асосий шерикларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасида савдо соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тизими жорий этилган. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 700 миллион евродан ошган. 

Музокарада бу кўрсаткични 1 миллиард еврога етказиш учун барча имкониятлар борлиги таъкидланиб, бу борадаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди. 

Ўзбекистонда германиялик инвесторлар иштирокида 132 та фирма ва компания фаолият юритмоқда. Шундан 33 таси юз фоиз немис капитали асосида тузилган, 31 таси юртимизда ўз ваколатхонасини очган. Ўзбекистон миллий банки Германиянинг 57 та банки билан алоқа ўрнатган. Тошкентда "Дойче-банк" бўлими ташкил этилган. 

Мамлакатимизда дунёга машҳур немис компаниялари билан амалга оширилган йирик лойиҳалар муваффақияти ўзаро манфаатли инвестициявий ҳамкорликка мисол бўла олади. "МАN" концерни билан шерикликда замонавий юк автомобиллари, "Claas" ва "Lemken" компаниялари билан қишлоқ хўжалиги техникалари, "Knauf" билан қурилиш материаллари, "Deutsche Kabel" билан кабель-ўтказгич маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Германиялик мутахассислар иштирокида "Қарши – Термиз" темир йўли электрлаштирилмоқда. 

Ўзбекистон – Германия ишбилармонлар кенгаши ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини кўпайтириш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Молиявий-техникавий ҳамкорлик борасида маслаҳатлашувлар, савдо ва инвестициялар, қишлоқ хўжалиги бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар мажлислари ўтказилмоқда. 

Учрашувда савдо, саноат, газ-кимё, қурилиш соҳаларида ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, молиявий-техник кўмак ва тажриба алмашишни кенгайтиришга келишиб олинди. 

Ташриф доирасида кимё, қурилиш, энергетика, металлургия ва озиқ-овқат соҳалари етакчилари – "Siemens", "Тyssеn Krupp", "Claas", "МАN", "Knauf", "Linde", "Papenburg", "Humana", "Volkswagen" каби халқаро миқёсдаги немис концернлари билан шерикликда янги кўп миллиардлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилгани мамнуният билан қайд этилди. 

Илм-фан, таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, маданий алоқалар ва туристлар алмашувини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. 

Ўзбекистонда 8 мингдан зиёд немис миллатига мансуб юртдошларимиз яшамоқда. Маданияти ва анъаналарини сақлаб, ривожлантириши учун барча шароит яратилган. 400 мингдан ортиқ ўқувчи немис тилини ўрганмоқда. Яқинда Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги мактабларга буюк немис олим ва ёзувчилари номлари берилди. 

Тошкентдаги Гёте институти, Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар, Германия академик алмашинувлар хизмати (DAAD) ваколатхоналари ва бошқа ташкилотлар халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Пойтахтимиз ва бир неча вилоятларда бўлимлари бўлган "Видергебурт" немис маданият маркази, "Ўзбекистон – Германия" дўстлик жамияти фаолият юритмоқда. 

Ўзбекистонда Германия фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим жорий этилгани муҳим воқеа бўлди. Бу мамлакатимизни кўришга қизиқадиган туристлар, бизнесини йўлга қўядиган инвесторлар ва бошқаларга катта қулайлик яратди. 

Ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, илм-фан ва инновация соҳаларига оид ҳукуматлараро ва идоралараро 9 та ҳужжат имзоланди. Томонлар мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаати йўлида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишини билдирдилар. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Бундестаги Раиси Вольфганг Шойбле билан ҳам учрашди. 

Бундестаг Германиянинг бир палатали парламенти бўлиб, қонунлар қабул қилишдан ташқари Федерал канцлерни сайлаш ҳамда ҳукумат фаолиятини назорат қилиш каби муҳим функцияларни ҳам бажаради. 

Ўзбекистон ва Германия парламентлари ўртасида яхши алоқалар йўлган қўйилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бундестаг билан ҳамкорлик бўйича "Ўзбекистон – Германия" гуруҳи, Бундестагда эса "Германия Федератив Республикаси – Марказий Осиё" гуруҳи ташкил этилган. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, халқларимиз манфаатини таъминлашда парламентлар муҳим ўрин тутишини таъкидлади. 

Бундестаг Раиси мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида рўй бераётган ўзгаришларни юқори баҳолади. 

Мулоқотда қонун устуворлигини таъминлаш, парламент назорати, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қабул қилинадиган "йўл харитаси"га асосан парламентлараро ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон Президентининг Германияга расмий ташрифи барча даражадаги, жумладан, парламентлар ўртасидаги алоқаларнинг янги йўналишларини белгилаб бергани қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари Бундестаг биносини кўздан кечирди. Мамлакатимиз делегациясига Бундестаг тарихи ва фаолияти ҳақида сўзлаб берилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев шу куннинг ўзида Мюнхен шаҳрига ташриф буюрди. Ўзбекистон делегацияси учун ажратилган қароргоҳ ёнида Баварияда ўқиётган, ишлаётган ўзбекистонлик ёшлар билан мулоқот қилди. 

22 январь куни Бавария Бош вазири Маркус Зёдер, Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали