Ўзбекистон Президенти Афғонистон Миллий ярашув олий кенгаши Раисини қабул қилди
11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Миллий ярашув олий кенгаши Раиси Абдулла Абдуллани қабул қилди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик ҳамда Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини ривожлантиришда эришилган суръатни катта мамнуният билан таъкидлади. Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт ва логистика, энергетика, таълим ва бошқа муҳим йўналишларда устувор лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Афғонистонда минтақавий аҳамиятдаги инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр экани таъкидланди.
Абдулла Абдулла самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик музокараларини бошлашга ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича фаолиятини бирлаштиришга хизмат қилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
Меҳмон Ўзбекистон томонидан кўрсатилаётган доимий кўмак учун миннатдорлик билдирди ҳамда мамлакатимизнинг Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий жараёнларга жалб этишга қўшаётган ҳиссасини алоҳида қайд этди.
Музокаралар чоғида минтақавий ва халқаро сиёсатнинг томонларни қизиқтирган масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.