Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ўзбекистон Президенти АҚШ Давлат котиби ўринбосарини қабул қилди

6901 27 Март, 2018 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 106 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 март куни "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган АҚШнинг нуфузли делегацияси раҳбари, АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннонни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини ривожлантиришга янги суръат бағишлаганини  алоҳида таъкидлади. Олий ва юқори даражадаги икки томонлама мулоқотлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, уни амалий мазмун билан бойитмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилган мунтазам сиёсий мулоқотга юксак баҳо берилди. Савдо, инвестиция ва юқори технологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда АҚШнинг етакчи компаниялари ва банклари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашувда Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон ва АҚШ афғон можаросини тинч сиёсий йўл билан ҳал этиш бўйича жараённи тез фурсатда бошлаш тарафдори эканликлари таъкидланди.

Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик жараёнларига қўшилиш бўйича саъй-ҳаракатларини икки томон ҳам қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон бўйича Тошкент конференциясини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлагани ва унинг ишида АҚШнинг нуфузли делегацияси иштироки учун АҚШ Президенти Дональд Трампга миннатдорлик билдирди.

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шэннон ушбу анжуманда иштирок этиш таклифи учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий миннадорлик изҳор қилди. Мазкур муҳим халқаро тадбирнинг ўз вақтида ўтказилаётгани ва долзарблиги алоҳида таъкидланди.

АҚШлик дипломат мамлакатимизда давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти ва иқтисодиёт соҳаларида янги босқичда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.

Ўз мамлакати раҳбарияти номидан АҚШ давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.

Манба: president.uz

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали