Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот
2017 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев олиб борди.
Сенаторлар ишни "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108 ва 109-моддаларига)"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.
Муҳокама давомида таъкидланганидек, Қонун 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, судьялар лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирларини кучайтириш вазифаларини рўёбга чиқаришга қаратилган принципиал қоидалардан иборатдир.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони билан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди ҳамда у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши белгилаб қўйилди.
Асосий Қомусимизнинг 80-моддасига киритилаётган ўзгартишларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этишни, шунингдек Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитишни Олий Мажлис Сенатининг ваколатларидан чиқариш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Асосий Қомусимизнинг 108 ва 109-моддаларига киритилаётган тузатишларда конституциявий қонунларнинг, халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларнинг имзолангунига қадар Конституцияга мувофиқлигини текшириш, Олий суднинг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатларини кўриб чиқиш, шунингдек ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш борасидаги Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар экология ва атроф муҳит соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга, шунингдек Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг Конституциявий суднинг ваколатларини кенгайтиришга, уни шакллантириш тартибини янада демократлаштиришга қаратилган "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни кўриб чиқилди.
Қонунда судьялар ваколатларининг муддати ва судьяликка номзодларга қўйилган талаблар аниқ белгилаб қўйилган, шу жумладан Конституциявий суд аъзоларининг икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги, амалдаги 5 йиллик ваколат муддати сақланиб қолиши белгиланмоқда. Судьяликка номзодларга нисбатан ёш цензини 30 дан 35 ёшга кўтариш ва судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши етмиш ёшни ташкил этиши назарда тутилмоқда. Судьяларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш асослари кенгайтирилмоқда.
Конституциянинг устуворлиги, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги каби принциплар қўшилганлиги ҳисобига Конституциявий суд фаолиятининг асосий принциплари кенгаймоқда. Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторига киритилди.
Ҳуқуқий ҳужжатда Конституциявий суд фаолиятининг ташкилий масалалари батафсил очиб берилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда "Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонун кўриб чиқилди. Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ва 2017 йил 19 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.
Низомга киритилган ўзгартишларга мувофиқ судларнинг, Судьялар олий кенгашининг, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот марказининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларининг ходимларига махсус унвонлар – мансаб даражалари берилишини назарда тутувчи тартиб ўрнатилмоқда.
Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар суд ҳокимияти фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини оширишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 2017 йил 21 апрелдаги "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги Конституциявий Қонунга, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида"ги, "Парламент назорати тўғрисида"ги, "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги, "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.
Қонунда ўрнатилган тартибга кўра Олий Мажлис Сенати ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотини, ташқи ишлар вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ахборотини йилига икки марта эшитади, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотини Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда йилига икки марта эшитади.
Қонунда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бундан буён Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ҳамда уни лавозимидан озод этишни, шунингдек Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитишни Олий Мажлис Сенатининг ваколатларидан чиқариш назарда тутилмоқда. Олий Мажлиснинг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори ўз кучини йўқотган деб топилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганларидек, ўзгартиш ва қўшимчалар давлат бошқаруви органлари фаолиятининг тизимлилигини оширишга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга кўмаклашади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилмоқда. Ушбу ўзгартишлар ерлардан хўжасизларча фойдаланганлик ёки уларни яроқсиз ҳолга келтирганлик, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини, сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини, саноат, рўзғор чиқиндилари ва ўзга чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утиллаштириш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик, шу жумладан ушбу ҳуқуқбузарликларни такроран содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги Қарори билан тасдиқланган "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурига мувофиқ "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги ҳамда "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар тоифасини аниқлашни ва васий ёки ҳомий этиб тайинланишига тўсқинлик қиладиган касалликларга чалинган шахсларни васий ёки ҳомий этиб тайинлашга тақиқ ўрнатишни назарда тутмоқда.
Туманларнинг маҳаллий бюджетлари учун қўшимча манбаларни шакллантириш ва маҳаллий бюджетларнинг республика бюджетига қарамлигини босқичма-босқич камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг бошқа даромадлари таркибига акцияларнинг давлат улуши (пайи) бўйича дивидендларни (даромадларни) ҳам киритиш, бундан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) мустасно, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг бошқа даромадлари таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендларни (даромадларни) ҳам киритиш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама муҳофаза қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар дастурига мувофиқ "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Қонунга, Хўжалик процессуал кодексига, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар давлат солиқ хизмати органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни янада кенгайтиришга, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғишга сарфланадиган харажатлар камайишини таъминлайдиган маъмуриятчилик ишларини такомиллаштиришга, масофавий (камерал) назоратни кенг жорий этишга ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, судлар ва жараён иштирокчилари ўртасида ҳужжатлар айирбошлаш механизмини соддалаштиришга ва тезкорлигини оширишга қаратилган.
Хўжалик ишларини, шу жумладан электрон шаклда шакллантириш тартиби белгиланмоқда. Бу эса дастурий таъминот ишлаб чиқишни, шунингдек суд мажлислари залларида замонавий компьютерлар, сканерлар ва бошқа ускуналар ўрнатишни назарда тутади.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур тузатишларнинг киритилиши солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғишга сарфланадиган харажатларнинг камайишини таъминлайди, жараён иштирокчиларининг молиявий харажатларини ва кетадиган вақтини қисқартириш, шунингдек солиқ органлари, судлар ва солиқ тўловчиларнинг вақтини тежаш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 январдаги "Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра хусусийлаштириладиган объектларни, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларига давлат мулкининг стратегик бўлмаган объектларини, шу жумладан давлатнинг кўчмас мулк объектларини инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда "ноль" қийматида сотиб олиш бўйича реализация қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилиши муносабати билан айрим объектларни давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатидан чиқаради.
Ўзбекистон Республикасининг "Прокуратура тўғрисида"ги Қонунига ҳам ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, Бош прокурор зиммасига юклатилган вазифаларнинг сифатли ижросини таъминлаш мақсадида алоҳида ҳолларда, прокуратура органларидаги хизматга иқтисодиёт, молия, социология, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ва бошқа соҳаларда олий маълумотга, зарур билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларни қабул қилиш ҳуқуқи берилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунини (янги таҳрири) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "Дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорини ижро этиш мақсадида Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилмоқда. Хусусан, дори воситалари, тиббиёт учун мўлжалланган буюмлар каби тушунчаларга янги таърифлар берилди, тиббий техника, доривор ўсимлик хом ашёси каби янги тушунчалар киритилди.
Бундан ташқари, фармацевтика фаолиятининг турини – дори воситаларини ва тиббиёт учун мўлжалланган буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш бўйича ваколатларни Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказиб берилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни кўриб чиқдилар. "Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани (Ашхобод, 2017 йил 6 март) ратификация қилиш ҳақида"ги, "Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга икки томонлама тўқимачилик Шартномасининг амал муддати тугаганини ҳисобга олиб Битим қоидаларининг тўқимачилик маҳсулотларининг икки томонлама савдосига кенгроқ кўламда қўллаш мақсадида Битимга ўзгартириш киритиш тўғрисида Баённомани (Тошкент, 2011 йил 7 апрель) ратификация қилиш ҳақида"ги, ҳамда "Қайта тикланувчи энергия бўйича Халқаро Агентлик уставини (Бонн, 2009 йил 26 январь) ратификация қилиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари шулар жумласидандир.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу ҳужжатларнинг ратификация қилиниши мамлакатимизнинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан муносабатларини янги стратегик босқичга олиб чиқади, кенг қамровли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини кучайтиришга, янги бозорларни ўзлаштиришга, тўқимачилик маҳсулотлари савдосини халқаро кўламда янги босқичга олиб чиқишга, шунингдек энергия тежовчи технологияларни ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Шундан сўнг сенаторлар Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ва Хива туманининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Хива шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, Шаҳрисабз шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, шунингдек Жиззах вилоятининг Зомин ва Зарбдор туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, мамлакат ҳукумати томонидан киритилган ушбу таклифларнинг маъқулланиши Жиззах, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларининг маъмурий-ҳудудий тузилишини, ҳудудлар батартиб жойлашишини ва уларни бошқариш самарадорлигини такомиллаштиришга, маҳаллий аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашади, туризм соҳасининг янада илдам ривожланишига туртки беради.
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар ва муҳокама қилдилар. Бу соҳада катта ишлар амалга оширилганлигини таъкидланди.
Охирги 9 ой давомида юксак даражадаги 10 та ташриф ва ҳукумат делегацияларининг 460 та сафари уюштирилди, улар доирасида кўплаб инвестицион ва савдо битимлари имзоланди.
Шу билан бирга сенаторлар ўз нутқларида Ташқи ишлар вазирлигининг ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналарининг фаолиятида жиддий камчиликлар, ўз ечимини топишни кутаётган муаммолар ва фойдаланилмаган имкониятлар борлигини қайд этдилар.
Хусусан, мамлакатимиз минтақаларига хорижий инвестицияларни ва илғор технологияларни жалб қилиш, мамлакатимиз экспортчиларининг маҳсулотларини янги бозорларга олиб чиқиш бўйича ишлар етарли даражада фаоллашмади. Кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашда камчиликлар мавжуд, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг хорижнинг етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги лозим даражада йўлга қўйилмаган.
Муҳокама чоғида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг фаолиятини янада такомиллаштиришга ва ҳисоботни эшитиш чоғида қайд этилган мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таъсирли чоралар кўришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги Конституциявий Қонунга, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида"ги ва "Парламент назорати тўғрисида"ги қонунларга мувофиқ сенаторлар давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларининг таъминотчи, хизмат кўрсатувчи ҳамда бошқа ташкилотлар олдидаги қарздорлигини келтириб чиқарувчи сабаблар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаевга парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилдилар.
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг раисини ва раиси ўринбосарини сайлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва аъзоларини сайлаш, Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисини лавозимга тайинлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисини лавозимга тайинлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурини босқичма-босқич ижро этишга қаратилган 21 та масала, шу жумладан 7 та қонун кўриб чиқилди. Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида қабул қилинган қарорлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашнинг, аҳоли турмуш даражасини оширишнинг, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиши таъкидланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.