Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

9682 5 Декабр, 2015 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 116 Kb)


2015 йил 3 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар. 

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев олиб борди. 

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 23-бандига мувофиқ парламент юқори палатасига киритилган"Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги масалани кўриб чиқишдан бошладилар. 

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарорда аёлларни, вояга етмаганларни, 60 ёшдан ошган эркакларни, чет давлатларнинг фуқароларини, шунингдек, фуқароларнинг бир қатор бошқа тоифаларини жазодан озод этиш назарда тутилди. Шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарорнинг амал қилиши татбиқ этилмайдиган шахслар тоифалари ҳам белгилаб берилди. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларини ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқдилар. 

Бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, келгуси йилнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ялпи ички маҳсулотни 7,8 фоизга оширишни назарда тутади. 

Шунингдек, 2016 йилда иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичлари фаол инвестиция сиёсатини юритиш ҳисобига ҳам таъминланади. Жумладан, 2016 йилда барча капитал қўйилмалар ҳажмини 9,6 фоизга оширишни таъминлаш назарда тутилмоқда, шунингдек, иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жами 4,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,1 фоизи ажратилиши мўлжалланмоқда. 

Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларини ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқладилар. 

Шундан сўнг "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди. Ялпи мажлис иштирокчиларининг фикрича, ушбу қонуннинг амалга оширилиши 2016 йил учун қабул қилинган солиқ сиёсати асосий йўналишларининг ижро этилиши учун норматив-ҳуқуқий асос яратади ҳамда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали амалга оширилишини таъминлайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган 2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ҳам кўриб чиқилди ҳамда маъқулланди. Дастур параметрлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳукумат мажлисидаги 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилдаги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган маърузасида белгилаб берилган вазифалар асосида ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. 

Сенаторлар "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга, аҳолига, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларидан (АКТ) кенг фойдаланиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланди. 

Шундан сўнг сенаторлар "Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. 

Шундан сўнг "Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги,"Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида"ги, "Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилди. 

2015 йил 4 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди. 

Ялпи мажлиснинг иккинчи кунини сенаторлар "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. 

Мажлис давомида корпоратив бошқарув соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар кўриб чиқилди. 2015 йил 24 апрель куни "Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилинганлиги муносабати билан "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар акциядорлик жамиятлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, потенциал инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жалб этувчанлигини таъминлаш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, мамлакатимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган. 

Шундан сўнг сенаторлар "Ветеринария тўғрисида"ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Мажлисда таъкидланганидек, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимизда ветеринария хизматини янада ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини аниқ мустаҳкамлаб берди. 

Қонунда давлат ветеринария хизмати, профилактика, диагностика ва даволаш тадбирлари, ветеринария назорати ҳамда ҳайвонларнинг касалга чалинишининг, республика ҳудудига бошқа давлатлардан уларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган бошқа ишларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг ваколатлари белгилаб берилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

Сенаторлар "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. 

Мажлисда таъкидланганидек, мазкур қонуннинг мақсади дори воситалари айланиши ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан, аҳолини сифатли, хавфсиз дори воситалари, дори-дармонлар билан таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришдан иборат. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар. 

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқладилар. 

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқдилар. 

Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди. 

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади. 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали