Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Федерацияси мудофаа вазирини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 май куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгуни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани, шунингдек, амалий ҳамкорлик томонларни қизиқтирган барча йўналишларда жадал суръатлар билан ривожланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.
Икки мамлакат идоралари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар фаоллашгани, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада истиқболли кооперация дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилаётгани, маданий-гуманитар соҳада самарали ҳамкорлик қилинаётгани алоҳида таъкидланди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни, жумладан, вазирликлараро шерикликни янада кенгайтириш, икки томонлама тадбирлар ўтказиш, профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгу давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон Қуролли Кучларини модернизация қилиш ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар қўллаб-қувватланиши билдирилди. Мамлакатимизнинг минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга доир ташаббуслари юқори баҳоланди.
Россия мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр экани қайд этилди.