Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикаси Президенти билан учрашуви
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 март куни Кўксарой қароргоҳида "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида иштирок этиш учун амалий ташриф билан мамлакатимизга келган Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанини қабул қилди.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, савдо, трансорт ва энергетика соҳаларидаги лойиҳалар, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа йўналишлардаги дастурларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Президент Муҳаммад Ашраф Ғани мамлакатларимизнинг Афғонистон бўйцича Тошкент халқаро конференциясини ўтказишга оид биргаликдаги ташаббусини рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатлар учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдирди, ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.
Манба: president.uz