Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БМТ Бош котиби билан учрашди
Кеча, 15 январь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда БМТ Бош котиби Антониу Гутеррешнинг 2017 йил 10 июнь куни мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши кун тартибидан ўрин олган "Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик: ишонч чоралари" номли тадбир ва вазирликлар даражасидаги "Хавфсизлик ва тараққиётнинг ўзаро боғлиқ модели сифатида Афғонистон ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш" мавзуидаги очиқ мунозаралар юзасидан ўзаро фикр алмашишди.