Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг учрашуви

9281 29 Апрел, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 225 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни Жанубий Қозоғистон вилоятига ташриф буюрди ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан амалий учрашув ўтказди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик, қардошлик ва ўзаро ҳурмат руҳида изчил ривожланмоқда. Ўзаро алоқалар барча соҳаларда фаоллашмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 22-23 март кунлари Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифалар очди. Ушбу ташриф чоғида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда. 

Жанубий Қозоғистон вилоятидаги учрашувда Президентимизнинг шу йил март ойида Қозоғистонга давлат ташрифи давомида мамлакатларимиз ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзаро учрашувлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 

– Жорий йил март ойидаги Қозоғистонга ташрифимиздан сўнг ўзаро ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқдик. Вазирлар ва ҳудудлар раҳбарларининг учрашувлари фаоллашди, – деди давлатимиз раҳбари. 

Президент Нурсултон Назарбоев олдинги учрашувдан кейин мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янада фаоллашганини қайд этди. 

– Шу йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар сезиларли даражада ошди. Транспорт-логистика, автосаноат соҳаларидаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни алоҳида таъкидлаш жоиз. 2017 йилнинг дастлабки уч ойида ўзаро товар айирбошлаш 37 фоизга кўпайди, – деди Қозоғистон Президенти. 

Президент Шавкат Мирзиёев Президент Нурсултон Назарбоевга бугунги учрашув учун самимий миннатдорлик билдирди. 

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигидаги ижобий суръатлар барқарор сақланиши ва янада ривожланишига ишонч билдирдилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари Жанубий Қозоғистон вилоятидаги "Caspian Food" ширкатига ташриф буюрдилар.


Ташриф чоғида Президентларга корхонанинг узумчилик ва виночиликни ривожлантириш соҳасидаги фаолияти ҳақида маълумот берилди. 

Давлат раҳбарлари узумни қабул қилиш технологик линияси, ферментация жараёни билан танишдилар, маҳсулотларни дистилляциялаш ва қадоқлаш цехини кўздан кечирдилар. 

Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев токзор ва ёнғоқзорни бориб кўрдилар.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали