Ўзбекистон ва Россия ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва РФ мудофаа вазирлари ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартномани имзолади.
Ўзбекистон ва Россия мудофаа вазирлари Қобил Бердиев ҳамда Сергей Шойгу сешанба куни Москвада Ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартнома ҳамда 2017 йилда мудофаа маҳкамалари ўртасида икки томонлама ҳамкорлик режасини имзолади. Бу ҳақда РФ Мудофаа вазирлиги сайтида хабар қилинди.
Ҳужжатларда икки мамлакат мудофаа маҳкамалари ҳамкорлигини фаоллаштириш ва уларга амалий йўналиш бериш кўзда тутилган. Хусусан, ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, қуролли кучларнинг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳарбий кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар белгиланган.
Қобил Бердиев Сергей Шойгу билан музокараларда Россия Ўзбекистон учун асосий стратегик ҳамкор ҳисобланишини таъкидлаб ўтди.
Хабарда келтирилишича, Россия томони 2012 йилда тўхтатилган РФ ҳарбий таълим муассасаларида Ўзбекистон офицер ва курсантларини ўқитишни қайта йўлга қўйган.
2017 йилда томонлар жорий йилга қараганда икки маротаба кўпроқ ҳамкорликдаги тадбирларни ўтказишни режалаштирмоқда.
Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон қуролли кучларини 2020 йилга қадар модернизация қилиш ҳамда Россия қуроллари ва ҳарбий техникалари билан таъминлаш дастурини амалга ошириш белгиланган.