Президент Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимидаги нутқи
Муҳтарам халқаро анжуман иштирокчилари!
Қадрли дўстлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Бугун бағрикенг, меҳмондўст, санъатсевар ўзбек диёрида катта байрам, катта шодиёна.
Жонажон Ватанимизнинг гўзал ва бетакрор масканларидан бири Шаҳрисабз заминида, буюк Амир Темур бобомиз бунёд этган муаззам Оқсарой майдонида Халқаро мақом санъати анжумани тантанали равишда очилмоқда. Шу муносабат билан сиз, азизларни, ўз ҳаётини ноёб мусиқа дурдонаси бўлмиш мақом санъатига бағишлаган фидойи инсонларни чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бугунги тантанамизда иштирок этаётган юқори мартабали меҳмонларимиз ЮНЕСКО, Осиё фольклор ижодиёти ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар вакилларига алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Россия Федерацияси Президентининг маслаҳатчиси, Владимир Ильич Толстойга, Қирғизистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Султанбай Райевга, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Арстанбек Муҳаммед ўғлига, Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Ўрумбекзодага, Озарбайжон Республикаси маданият вазири Абульфас Гараевга, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Аҳмат Халук Дурсунга ўз ташаккурларимизни билдирамиз. Уларнинг юртларида ҳам мана шундай санъат байрамлари кўп бўлсин ва уларда қатнашиш бизга ҳам насиб этсин.
Яна бир қатор давлатларнинг маданият соҳаси раҳбарларини, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги муҳтарам элчиларини самимий қутлаб, чуқур миннатдорлик билдиришга рухсат этгайсиз.
Биз сизларнинг тимсолингизда тинчлик ва эзгулик намояндаларини, халқимиз ва маданиятимизнинг ҳақиқий дўстларини кўрамиз.
Хуш келибсиз, Ўзбекистонга, хуш келибсиз, Шаҳрисабзга!
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу санъат байрамида дунёнинг 73 та давлатидан келган 300 га яқин иштирокчилар ва меҳмонлар қатнашмоқда. Уларнинг орасида нафақат ўз юртида, балки жаҳон миқёсида ҳам машҳур хонанда ва созандалар, маданият ва санъат арбоблари, мусиқашунос олимлар борлиги барчамизга катта мамнуният бағишлайди.
Бугун Шаҳрисабзнинг мовий гумбазлари остида жаҳондаги кўплаб халқлар ва мамлакатларнинг мусиқий хазинасига айланган, ўзининг теран фалсафаси, илоҳий қудрати билан минг-минглаб қалбларни мафтун этадиган мақом садолари баралла янграмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, биз учун бебаҳо бадиий қомус бўлган мақом санъати асрлар, неча юз йиллар давомида инсон руҳини, унинг дарду армонларини, эзгу интилишларини юксак пардаларда ифода этиб келмоқда.
Шарқ мумтоз адабиёти, тасвирий санъати, илму маърифат, исломий қадриятлардан озиқланган мақом санъатига – ана шундай буюк маданий мерос ривожига ўзбек халқи ҳам муносиб ҳисса қўшгани билан биз ҳақли равишда фахрланамиз.
Бу ноёб бойликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ундан дунё аҳлини баҳраманд қилиш, келгуси наслларга безавол етказиш турли қитъа ва мамлакатлар вакилларини бу гўзал масканда мужассам этган анжуманимизнинг асосий мақсадидир.
Қадрли дўстлар!
Бугунги санъат форумини айнан Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этганимиз бежиз эмас, албатта.
Бу шаҳар ўзининг 2700 йиллик кўҳна тарихи давомида оғир ва машаққатли синовларни, таҳликали замонларни ўз бошидан кечирди. Аммо ҳар қандай мураккаб даврлар, уруш ва босқинлар, табиий офатлар ҳам уни тарих саҳифасидан ўчира олмади.
Шаҳрисабз буюк саркарда ва давлат арбоби, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур бобомиз камолга етган мўътабар маскан сифатида ҳам дунёга маълум ва машҳурдир.
Бу шаҳар қадим-қадимдан улуғ аллома ва шоирлари, санъат ва маданият аҳли, қўли гул усталари, моҳир ҳунармандлари билан шуҳрат қозониб келади. Унинг бағридаги ноёб меъморий обидалар, нодир ёдгорликлар бу ҳақиқатни яққол тасдиқлайди.
Бугунги кунда халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, фидокорона меҳнати билан Шаҳрисабз юртимизнинг энг обод масканларидан бирига, замонавий маданият ва туризм марказига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Муҳтарам меҳмонлар!
Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон замини қадимий цивилизация, маданият ва санъат бешикларидан бири бўлиб келаётгани, ўйлайманки, сизларга яхши маълум.
Самарқанд вилоятининг Мўминобод қишлоғидан топилган 3 минг йиллик най чолғуси, Термиз яқинидаги Айритом археологик ёдгорлигида акс этган созандалар тасвири ва бошқа кўплаб мисоллар миллий мусиқа санъатимиз, ҳеч шубҳасиз, бой ва қадимий тарихга эга эканидан далолат беради.
Буюк шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомизнинг айнан "наво", яъни, мусиқий оҳанг, деган сўзни ўзларига тахаллус қилиб, бутун дунёда шуҳрат топганини барчамиз яхши биламиз.
Халқимиз бадиий тафаккурининг маҳсули бўлган "Шашмақом", яъни, олти мақомни, таъбир жоиз бўлса, олти азим дарёга қиёслаш мумкин. Бу дарёлар асрлар давомида жаҳон маданият уммонига қуйилиб, уни ҳар томонлама тўлдириб, бойитиб келмоқда. Шунинг учун ҳам бу муаззам мусиқий дурдона ЮНЕСКО томонидан жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани чуқур маъно ва аҳамиятга эга, деб ўйлайман.
Азалдан санъатни, мусиқани бутун қалби билан севадиган, ижод аҳлини муносиб қадрлайдиган эл-юртимиз бугунги анжуманни катта қувонч ва ҳаяжон билан кутиб олмоқда.
Бугун биз ана шундай улкан маънавий бойликнинг шаклланиши ва тараққиётида, бу умрбоқий санъатнинг бизгача етиб келишида беқиёс хизмат кўрсатган улуғ шоир ва мутафаккирлар, бастакор ва созандалар, буюк ҳофизларнинг хотирасини ҳурмат-эҳтиром билан ёд этамиз.
Азиз дўстлар!
Бугунги замонда барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштириш, ёшларни юксак гуманистик идеаллар руҳида тарбиялашда мусиқа санъатининг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак.
Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак.
Мақом оҳанглари, мақом руҳи ва фалсафаси ҳар бир инсон қалбидан, аввало, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг онги ва юрагидан чуқур жой олиши учун бор имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур.
Мақом санъатининг маданий ҳаётимиздаги ана шундай беқиёс таъсирини инобатга олиб, мамлакатимизда бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, сизлар анжуман кунларида ҳамкасб дўстларингиз, санъат мухлислари билан мулоқотда бўлиб, ана шундай ишлар билан атрофлича танишиш имконига эга бўласизлар.
Ўйлайманки, бугунги анжуман олдимизда турган муҳим назарий-амалий муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш, бу борада халқаро тажриба, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет имкониятларидан кенг фойдаланиш, турли маданий ва ижодий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро борди-келдиларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши айни муддао бўлур эди.
Шу маънода, анжуман доирасида ўтказиладиган "Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бу йўлда муҳим қадам бўлиши табиий.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги санъат ва нафосат байрамини юксак савияда ўтказиш учун ўзини аямасдан, фидокорона меҳнат қилган барча инсонларга, меҳмондўст ва олижаноб Қашқадарё вилояти ва Шаҳрисабз аҳлига анжуман иштирокчилари номидан, халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдиришга ижозат бергайсиз.
Муҳтарам дўстлар!
Азиз меҳмонлар!
Сизларнинг бевосита иштирокингизда бошланаётган бугунги халқаро анжуман бардавом бўлиб, узоқ ва яқин минтақаларда мақом санъати ривожини янги босқичга кўтариш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Барчангизни халқаро мақом анжуманининг очилиши билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Дилларни дилларга, элларни элларга пайванд этадиган мақом санъатимиз ҳамиша гуллаб-яшнасин!
Унинг фидойилари доимо бор бўлсин, омон бўлсин!
Барчангизга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда янги ижодий ютуқлар, анжуман ишига муваффақиятлар тилайман.
Катта раҳмат сизларга, яна бир бор хуш келибсиз Ўзбекистонга!
Эътиборингиз учун ташаккур.
Манба: prezident.uz