Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Президентимиз Наманган шаҳри Уйчи кўчасидаги уй-жойлар қурилиши билан танишди

15696 10 Июл, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 200 Kb)


Мамлакатимизнинг барча шаҳарлари каби Наманганнинг ҳам қиёфаси йилдан-йилга гўзаллашиб, замонавий турар жой бинолари, маданият ва истироҳат боғлари барпо этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари шаҳарнинг Уйчи кўчасини ободонлаштириш, инфратузилмасини такомиллаштириш, реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур кўчада ўн бешта кўп қаватли турар жой биноси ва ўндан зиёд инфратузилма объекти қурилмоқда. Ўтган йилнинг кузида ушбу кўчада Наманган шаҳар 2-болалар ва ўсмирлар мактабининг замонавий биноси фойдаланишга топширилган. Иккита ёпиқ спорт зали ва бошқа зарур хоналарга эга бўлган мажмуада спортнинг кўплаб тури билан шуғулланиш учун имконият яратилган. 

Президентимиз кўп қаватли турар жойларни белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш, аҳоли учун зарур шароитлар яратиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. 

Шу ерда Наманган шаҳрида намунавий лойиҳа асосида бунёд этилаётган 8 та етти қаватли арзон турар жой биноси, Фарғона водийси темир йўлларини электрлаштириш концепцияси, Наманган темир йўл вокзалини янгидан қуриш, Республика ихтисослаштирилган кардиология ва эндокринология илмий-амалий марказлари Наманган филиаллари биноларини реконструкция қилиш, уларни малакали кадрлар ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, Косонсой туманида ёшлар ва ўсмирлар технопарки бунёд этиш лойиҳалари тақдимоти бўлди. 

Давлатимиз раҳбари Наманган шаҳрида келаси йили намунавий лойиҳа асосида 18 та кўп қаватли турар жой қурилишини таъкидлади. Квартираларни тақсимлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш лозимлигини қайд этди. 

Президентимиз Ўзбекистон Бадиий академияси Наманган вилояти бадиий ижодкорлар уюшмаси галереясининг реконструкция қилинган биноси ва бу ердаги кўргазма билан танишди. 

Галереяни ёшларимиз учун чин маънодаги маърифат масканига айлантириш, миллий анъаналаримизни давом эттирадиган "устоз-шогирд" мактабини яратиш, бундай галереяларни барча вилоятларда ташкил қилиш керак, деди давлатимиз раҳбари. Ёшларимиз кўп асрлик тасвирий ва амалий санъатимиз анъаналарига ҳурмат руҳида камол топсин. 

Президентимиз Наманган шаҳар 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида машғулотларда қатнашаётган бадиий гимнастикачи қизлар ва боксчи ёшлар билан мулоқот қилди. 


Бугун ўзбек бокс мактаби вакилларига бутун дунё спортчилари тан бермоқда, ҳавас қилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган ёзги Олимпия ўйинларда жаҳонда тенгсиз эканини исботлади. Бундай ютуқларга эришиш учун нафақат замонавий шароит, балки тинимсиз меҳнат, фидойилик, ватанпарварлик ҳам талаб этилади. Сизларга ҳам келгусида катта спортда юксак парвозлар тилайман, деди давлатимиз раҳбари. 

Президентимиз ёш спортчиларга совғалар топширди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали