Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига келди

13962 2 Июн, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 463 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 июнь куни Андижон вилоятига ташриф буюрди. 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Андижон вилояти ҳам изчил ривожланмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси ўзгариб, одамларнинг турмуш фаровонлиги ошиб бормоқда. 

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Йирик саноат корхоналари, коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлар, кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Андижон шаҳридаги Ўзбекистон, Мустақиллик, Истиқлол, Бобур кўчаларининг замонавий қиёфаси вилоятнинг бугунги тараққиёти ифодасидир. 

Андижонда саноат, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, савдо, хизмат кўрсатиш, санъат, спорт каби соҳалар изчил ривожланмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,5 фоиз ўсган. 

Вилоятда беш мингга яқин саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Маҳсулотларнинг 95 фоиздан ортиғи автомобилсозлик, енгил саноат, кимё, нефть-кимё, озиқ-овқат саноати тармоқларида ишлаб чиқарилмоқда. 

Асака шаҳридаги "Женерал моторс Ўзбекистон" қўшма корхонаси бу борада алоҳида ўринга эга. Бу завод мамлакатимизда янги тармоқ – автомобилсозлик саноатига асос бўлди, у билан боғлиқ инфратузилмалар, хизмат соҳалари шаклланди. Заводда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, экспорт географиясини кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда. 

Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Уларнинг сафи кенгайиб, товар ва хизматлар тури ортиб бормоқда. Меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоизи шу соҳада фаолият кўрсатиб, даромад топмоқда. 

Андижонликлар миришкорлиги, изланувчанлиги билан машҳур. Вилоят деҳқонлари мамлакатимиз пахта ва ғалла хирмонининг 8-9 фоизини, мева-сабзавотнинг 11,5 фоизини етиштирмоқда. 

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 1 ноябрь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашувда вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли режа ва мақсадларни баён қилган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифини "Боғи Бобур" истироҳат боғи билан танишишдан бошлади. 

Мазкур истироҳат боғи Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилган. Бобур халқаро жамоат фонди тасарруфидаги сўлим маскан 357 гектар майдонни эгаллаган. Боғда Бобур Мирзонинг рамзий қабри ва ҳайкали, "Бобур ва жаҳон маданияти" музейи барпо этилган. Бобур ҳаёти ва меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий экспедиция томонидан олиб келинган ноёб қўлёзмалар, китоблар ва тарихий ашёлар ўрин олган музей мамлакатимиздаги диққатга сазовор масканлардан бирига айланган. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан истироҳат боғини янада обод қилиш, музейни таъмирлаш ва фаолиятини кенгайтириш режалаштирилган. 

Ҳар бир ҳудудга борганда ўша ернинг тарихини ўрганиш ва тиклашга эътибор қаратмоқдамиз. Бобур Мирзо халқимизнинг буюк фарзанди. Адабиёт, илм, маърифат нуқтаи назаридан у ҳамон яшаяпти. Бу масканни янада обод қилиб, тарбия ўчоғига айлантириш зарур. Ўзлигимизни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз, деди Шавкат Мирзиёев. 


Президентимиз музей экспонатлари билан танишди. Олимлар ва нуронийлар билан мулоқотда бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Андижон биокимё заводи" акциядорлик жамияти томонидан Хўжаобод туманида ташкил этилган боғни бориб кўрди. 

Халқимиз фаровонлиги, юртимиз бозорлари тўкинлигига Андижон фермер ва деҳқонлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Кейинги йилларда пахта майдонлари қисқартирилиб, қишлоқ хўжалиги таркибий ўзгартирилаётгани натижасида мева-сабзавот етиштириш кўпаймоқда, экспорт ҳажми ошмоқда. 

Хўжаобод туманидаги лалми майдонда ташкил этилган ёнғоқзор ва токзор ҳам шу мақсадга қаратилган. Бу ерда 20 гектарга Калифорния ёнғоғи, 23 гектарга ток навлари экилган. Келгусида экин майдони кенгайтирилиб, мева турлари кўпаяди. Қатор ораларига булғор қалампири, пиёз, картошка, ловия, мошнинг харидоргир навлари ва бошқа сабзавотлар экилади. 

Президентимиз ўрмон хўжалигини ривожлантиришга оид қарор мазмун-моҳиятига тўхталди. Андижоннинг илмий ва меҳнат салоҳиятидан фойдаланиб, бу йўналишда илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этиш, харидоргир маҳсулотлар етиштириш орқали халқимизнинг даромадини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Андижон қишлоқ хўжалиги институти ва коллежларда ўрмончилик соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Шу ерда Қўрғонтепа туманидаги "Боғи Фурқат" фермер хўжалиги базасида қишлоқ хўжалиги уруғчилиги ва кўчатчиликни ривожлантириш лойиҳаси намойиш қилинди. Бу ерда замонавий биотехнология (In vitro технологияси) асосида лаборатория ташкил этилиб, вируссиз уруғ ва кўчатлар етиштириш йўлга қўйилади. Бундай ўсимликлар касалликларга чидамли бўлади, уларни йил бўйи экиш мумкин. Қиймати 1,6 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа самарасида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғ ва кўчатлари етиштирилади, агросаноат тармоқлари ва аҳолига етказиб берилади. 38 иш ўрни яратилади. 


Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада ошириш мақсадида барча ҳудудларда гидропоника усулида иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, минглаб иш ўринлари яратиш имконини беради.

Президентимиз Андижон вилоятига ташрифи давомида Хўжаобод туманидаги "Навигул" қўшма корхонаси ҳудудида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қайта ишлаш, музлатиш ва сотишга ихтисослаштирилган йирик логистика комплекси лойиҳаси билан танишди. 

"Навигул" Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасида жаҳон бозори конъюнктураси талабадан келиб чиқиб, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, ички бозорни йил давомида мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун бу ерда тайёрланаётган томат пастаси, қуритилган булғор қалампири, бақлажон, олма, олча, ўрик қоқиси сингари маҳсулотлар нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам харидоргир. 

"Ўзвиносаноат-холдинг" компанияси негизидаги "Тошкент вино комбинати" акциядорлик жамияти ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан ҳамкорликда қўшма корхона ҳудудида "Fruit industries" масъулияти чекланган жамияти ташкил этиш режалаштирилган. Янги корхона мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, шарбат тайёрлаш ва экспорт фаолияти билан шуғулланади. 6 гектар майдонда кўчат етиштириладиган иссиқхона, 255 гектар майдонда томчилатиб суғориладиган интенсив боғ ташкил этилади, 615 гектар майдонда сабзавот етиштирилади, 7 минг тонна мева-сабзавотни сақлашга мўлжалланган музлатгич қурилади. 

Давлатимиз раҳбари корхонанинг дастлабки босқичи – мева-сабзавотларни қуритиш линиясининг иш бошлашига бағишланган рамзий тугмани босди. Карам ва лавлаги мисолида технологик линиянинг иш жараёнини кузатди. Қуритилган маҳсулотлар намуналари билан танишди. 


Лойиҳанинг умумий қиймати 24 миллион доллар бўлиб, шундан 14 миллион доллари Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, қолгани корхона маблағлари ҳисобидан қопланади. 

Корхонани шу йилнинг учинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган. Бу ерда йилига 30 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари қайта ишланади, 1 минг 250 иш ўрни яратилади. 

Асака туманидаги "Обод турмуш орзуси" фермер хўжалигида ташкил этиладиган мева-сабзавотларни қуритиш ва музлатгич ташкил этиш, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси ва тижорат банклари ҳамкорлигида 2017-2018 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш дастури лойиҳалари намойиш этилди. 

Президентимиз мазкур лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, янги корхоналарни малакали мутахассислар билан таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Янги ташкил этилаётган корхоналарга хомашёни вақтида етказиб бериш лозимлиги таъкидланди. 

Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига "Ўзбекчармпойабзали" уюшмаси ва тижорат банклари ҳамкорлигида вилоятда 2017-2018 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган чармпойабзал соҳасини ривожлантириш дастури ва соҳага доир бошқа лойиҳалар, бозорлар инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича режалаштирилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди. 

Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳалар билан танишар экан, тайёрланадиган маҳсулотларни нафақат ички бозорга етказиш, экпортга ҳам чиқариш чораларини кўриш зарурлигини қайд этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хонободдаги "Хонобод" санаториясини бориб кўрди. Ушбу дам олиш зонаси тоғ ён бағрида жойлашган. 

Давлатимиз раҳбари санатория ҳудудини ободонлаштириш, қурилиш ишларини охирига етказиб, оромгоҳни келгуси йили Наврўз байрамига фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатмалар берди. Санаторий ҳудудини Андижон шаҳри ва туманларга ажратиб бериш, вилоят аҳолиси дам олиши учун замонавий шароит яратиш зарурлигини таъкидлади. 

Хонободни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали