Президентимиз Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 март куни Навоий вилоятига келди.
Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Навоий вилоятида бетимсол бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Навоий вилояти ҳақида гап кетганда, аввало, унинг меҳнаткаш халқи, ер ости ва ер усти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳияти кўз олдимизда намоён бўлади. Мамлакатимизнинг йирик саноат ҳудуди ҳисобланган ушбу вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, пахта тозалаш, озиқ-овқат саноати изчил ривожланмоқда.
Ҳозирги кунда вилоятда 17 йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати, "Навоийазот", "Қизилқумцемент", "Навоий иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамиятлари ва "Электркимёзаводи" қўшма корхонаси шулар жумласидандир. "Навоий" эркин иқтисодий зонасида 18 корхона фаолияти самарали йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан 100 дан ортиқ турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
2016 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган изчил ишлар самарасида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10 триллион 5 миллиард сўмни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 5,9 фоиз, жумладан, ҳудудий саноат маҳсулотлари 15,4 фоиз, халқ истеъмоли моллари 12, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,1, қурилиш ишлари 9,3, чакана савдо айланмаси 15,1, умумий хизматлар 15,5 фоизга ошди.
Вилоятда ўтган йили 866 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 611,9 миллиард сўм кредит ажратилди. 2,8 триллион сўм капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 229 миллиард сўмликдан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиб, 9 минг 500 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Давлатимиз раҳбари ўзининг сайловолди дастурида Навоий вилоятини ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди. Президентимиз Навоий вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан бевосита мулоқот қилиш кўзда тутилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Навоий иссиқлик электр станциясини кенгайтириш лойиҳаси билан танишди.
Қуввати 450 МВт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш Навоий тоғ-кон металлургия комбинати, "Навоийазот" акциядорлик жамияти ва ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги истеъмолчиларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконини беради.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида 1 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғининг сарфи камайиши ҳисобидан бир йилда ўртача 330 миллион куб метр табиий газ тежалади.
Бугунги кунда вилоятда амалга оширилаётган йирик иқтисодий лойиҳалар кўламини кенгайтиришда электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади, деди давлатимиз раҳбари.
Япониянинг "Mitsubishi Corporation and MHPS" консорциуми ва Навоий иссиқлик электр станцияси ўртасида 2016 йил октябрь ойида мазкур лойиҳани амалга оширишга доир шартнома имзоланган эди. Ҳозирги кунда "Mitsubishi Corporation and MHPS" консорциуми қурилиш майдонида мобилизация ва ер ишларини олиб бормоқда.
Бу ерда 112 иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Президентимиз Қизилтепа туманидаги Тошработ маҳалласига ташриф буюриб, вилоятда енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар билан танишди.
Навоий вилоятида пахта толасини чуқур қайта ишлаш ва жаҳон бозори талабларига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, аҳоли учун янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Миллий банк кредити ҳисобига Навоий шаҳрида "Бахт текстиль", "Бахт Навоий", Қизилтепа туманида "Тошработ текстиль" ва Навбаҳор туманида "Навбаҳор текстиль" масъулияти чекланган жамиятлари томонидан замонавий ва энерготежамкор технологик ускуналар асосида сифатли ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Умумий қиймати қарийб 70 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторлар ҳам жалб этилмоқда. Корхоналарга Швейцариянинг "Ритер" компаниясида ишлаб чиқарилган юқори самарадорликка эга замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилади.
Лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, вилоятдаги пахта толаси тўлиқ қайта ишланади, ип-калавадан тайёр мато ишлаб чиқариш 70 фоизга, турли матолардан трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқариш 50 фоизга етади. Йилига 7,6 минг тонна сифатли ип калава ишлаб чиқариш қувватига эга "Бахт текстиль" корхонаси маҳсулотларининг 80 фоизини экспортга йўналтириш мўлжалланмоқда.
Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишар экан, ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида қайта ишлаш тадбиркорларга кенг қулайликлар яратиб, харажатларнинг қисқариши, аҳолининг даромади ошишига хизмат қилишини таъкидлади.
Пахта толасидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш, тармоқдаги мутахассислар салоҳиятини кучайтириш, шу билан бирга, коллеж битирувчиларини ишга жалб этиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари Кармана туманидаги "Камилла груп" масъулияти чекланган жамиятида Италия технологияси асосида тайёр чарм ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини кўздан кечирди.
Ушбу лойиҳа ишга тушгач, йилига 20 миллион квадрат дециметр тайёр чарм ишлаб чиқариш ва 3,2 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш имкони пайдо бўлади. Корхонада 40 иш ўрни яратилади.
Президентимиз ушбу лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Вилоятда саноат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уни қайта ишлашни кенгайтириш пировард натижада халқимизнинг турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Президентимиз Кармана туманидаги Мустақиллик массивида барпо этилаётган қулай, арзон ва замонавий уй-жойлар, профилактика инспекторлари учун яшаш жойи, давлат идоралари раҳбарлари учун қурилган хизмат уйлари билан танишди.
Қишлоқ жойларда қурилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий массивлар мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Жорий йилда Навоий вилоятида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 1 минг 185 уй-жой қурилиши режалаштирилган.
Навоий вилояти Кармана тумани "Талқоқ" маҳалла фуқаролар йиғинида янгиланган лойиҳалар асосида 32 хонадонга мўлжалланган икки қаватли ва 46 оила учун 2 сотихли уйлар барпо этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарори асосида қурилаётган уйлар аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Бугун мазкур маҳаллада 1 минг 23 хонадон бўлиб, аҳоли сони қарийб 5 мингга етди. Замонавий уйларда истиқомат қилаётганларнинг аксарияти ёш оилалардир.
Президентимизнинг 2016 йил 22 декабрдаги "Маҳаллий ҳокимликлар ва давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари учун хизмат уй-жойларини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан Навоий вилоятида 2017-2018 йилларда 105 хизмат уйи қурилиши белгиланган бўлиб, жорий йилда 60 уй-жой учун пудратчилар танланиб, қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Кармана тумани раҳбарлари учун Мустақиллик массивида 9 хизмат уйидан 4 тасида қурилиш тугалланиб, коммуникация тармоқларига уланди. Қолган 5 уй мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади.
Президентимиз янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар билан давлат идоралари раҳбарлари учун хизмат уйлари ёнма-ён қурилаётгани халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
2017 йилда профилактика инспекторлари учун 2 сотих бўлган ер участкаларида 3 хонали 94 уй-жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу уй-жойларни қуриш учун 12,2 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Бугунги кунда намуна сифатида Кармана тумани Мустақиллик массивида битта уй қуриб битказилди.
Шавкат Мирзиёев Нурота туманидаги Чашма зиёратгоҳи ёнидаги музей биноси, "Ҳунармандчилик маркази" мажмуаси, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона лойиҳалари билан ҳам танишди.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳаларни сифатли ва вақтида амалга ошириш, Чашма зиёратгоҳи майдонини янада кенгайтириш ва ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.