Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди.
Ушбу нуфузли халқаро спорт анжуманини юксак савияда ўтказиш учун Туркманистон пойтахтида пухта тайёргарлик кўрилган. Олимпия шаҳарчасида иштирокчи давлатлар делегациялари, мураббий ва спортчиларнинг яшаши, мусобақага тайёрланиши, машғулотлар ўтказиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилган.
Давлатимиз раҳбари Ашхобод Олимпия стадионига ташриф буюрди. 45 минг томошабинга мўлжалланган муҳташам иншоотга кўплаб мамлакатлардан келган давлат ва ҳукумат раҳбарлари, Осиё олимпия кенгаши раҳбарияти, фахрий меҳмонлар, минглаб спорт ишқибозлари тўпланди.
Ашхобод Олимпия стадионида Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими бошланди.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Осиё ўйинларини расман очиқ, деб эълон қилди.
Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ас-Сабоҳ барчани ушбу спорт байрами билан қутлади.
Осиё ўйинлари мадҳияси янграб, Осиё Олимпия кенгашининг байроғи кўтарилди. Ўйинлар машъаласи ёқилди.
...Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида 60 дан ортиқ мамлакатдан спортчилар иштирок этмоқда. Анъанага мувофиқ, стадионга иштирокчи давлатлар спорт делегациялари кириб келади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини баланд тутган спортчимиз – оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Улуғбек Алимов ва Ўзбекистон делегациясини мухлислар олқишлар билан кутиб олди.
Делегация таркибида 189 спортчи – жаҳон ва қитъа чемпионатлари, турли нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришган тажрибали спортчиларимиз билан бирга, ёш иқтидор эгалари спортнинг 20 тури бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Мамлакатимиз бу каби йирик халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишга қодир спортчиларни тайёрлаш борасида бой тажриба тўплаган. Жумладан, Биринчи Президентимиз томонидан асос солинган ва мунтазам ўтказиб келинаётган "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва Универсиада спорт ўйинлари ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш баробарида улар орасидан халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир истеъдодларни саралаб олишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Спортчиларимизнинг Ашхободда ўтказилаётган нуфузли мусобақага муносиб тайёргарлик кўришида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори муҳим омил бўлди.
Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида иштирок этаётган спортчиларимизга омад тилаймиз.