Қаршида Ислом Каримов ҳайкали ва Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов мақбараси очилди
Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг атоқли фарзанди Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.
Истиқлол йилларида мамлакатимиз эришган барча ютуқ ва марралар Биринчи Президентимиз номи ва фаолияти билан боғлиқ. Ислом Каримов мамлакатимизни жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган, мустақил ва мустаҳкам давлатга айлантирди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Ислом Каримов Қашқадарё вилоятининг иқтисодиётини кўтариш, одамларни рози қилиш йўлида тиним билмай меҳнат қилди. Вилоят аҳли, ёши улуғлар у кишининг меҳнасеварлиги, эзгу ташаббуслари ва беминнат ёрдамларини ҳамон унутишмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Биринчи Президентимиз рафиқаси Татьяна Каримова Ислом Каримов ҳайкалини очди. Буюк Юртбошимиз ҳайкали пойига гуллар қўйилди, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Ислом Каримов бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиққан ва уни амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида мамлакатимизда ва халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонди.
Биринчи Президентимиз бошлаб берган оламшумул ислоҳотлар бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида изчил давом эттирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарори халқимизнинг ўзининг буюк фарзандига чексиз ҳурмат ва садоқатининг амалий ифодаси бўлди. Қарорда кўзда тутилганидек, Биринчи Президентимиз номини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент шаҳар, Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасидаги жомъе масжидга "Ислом ота" номи берилди. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейини ташкил этиш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Қарор ижроси доирасида Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларида у кишининг ҳайкали ўрнатилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан мамлакатимиз бўйлаб маданий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари ўтказилмоқда.
Маросимда Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг раиси Эсонбой Ражабов, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, Қарши давлат университети доценти Абдураҳим Эркаев, Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова сўзга чиқиб, Ислом Абдуғаниевич Каримов Қашқадарё халқини чексиз муҳаббат билан севгани, бу воҳани саноати ривожланган ҳудудга айлантиргани, қолаверса, умрининг сўнгги кунларига қадар бутун ҳаётини Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлагани, унинг сўнмас хотираси миннатдор юртдошларимизнинг, бутун халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолишини таъкидлади.
Шу куни Ислом Каримов ҳайкали пойи гулларга бурканди.
30 январь куни шунингдек, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов мақбара мажмуаси очилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Манба: president.uz