Қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича дастур ишлаб чиқилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш ва соҳани замонавий техника билан таъминлаш борасидаги ишлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Президентнинг 2016 йил 17 ноябрдаги "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тизими қайта ташкил этилди.
2017 йилда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва лизинг хизматлари 1,7 марта, механизация хизматлари 2,5 баробар ортди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, сервис хизматини яхшилаш, импортни оптималлаштириш, экспортни кенгайтириш бўйича муайян камчиликлар мавжудлиги, қишлоқ хўжалиги техника билан 85 фоиз таъминлангани, уларнинг маълум қисми эскиргани, уларни ўз вақтида янгилаш чоралари кўрилмагани қаттиқ танқид қилинди. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижросини назорат қилмагани учун Бош вазир ўринбосари-"Ўзагротехсаноатхолдинг" акционерлик жамияти бошқаруви раиси Н.Отажоновга хайфсан берилди. Ишда йўл қўйган сусткашликлари учун "Ўзагротехсаноатхолдинг" акционерлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосарлари - "Ўзагросервис" акциoнерлик жамияти бош директори Р.Аҳмедов, "Ўзагролизинг" акционерлик жамияти бош директори Х.Имамов, Вазирлар Маҳкамаси Аҳборот таҳлил департаменти мудири А.Рафиқов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, соҳани ривожлантириш мақсадида 2018-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Баҳорги агротехника тадбирлари учун режалаштирилган техникани тўлиқ етказиб беришни қаттиқ назоартга олиш, машина-трактор парклари тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Манба: president.uz