Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Қўмита томонидан брифинг ўтказилди

4488 22 Ноябр, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 609 Kb)


2019 йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун "Мамлакатдаги йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштириш борасидаги ишлар" мавзуида брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасига – автомобиль йўллари соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш, автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш, автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш ҳамда бошқа вазифалар ва фаолият йўналишлари юклатилган.


Ўзбекистондаги жами автомобиль йўллар тармоғи 184 минг кмдан зиёд узунликда бўлиб, ундан 42.676 километри – умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, 116.560 км - ички хўжаликлараро, қишлоқ, шаҳар ва овулларнинг автомобиль йўллари, 24.750 км эса - идоравий инспекторлик йўллари тармоғи ҳисобланади.

2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида мамлакатимизнинг 9 477,5 км автомобиль йўлларида қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилди. 

Жумладан, Инвестиция дастурига асосан 202,6 кмлик умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳамда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари асосида ички йўлларда, шаҳар кўчаларида қуриш, қайта қуриш ишлари амалга оширилди. 


2 384,2 км умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ва сақлаш (эксплуатация) ишлари бажарилди.

Минтақавий автомобиль йўллари ҳолатини зарур даражага келтириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳам сезиларли ишлар қилинди. Хусусан, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари асосида 6 890,7 кмдан ортиқ ички йўллар таъмирланди.

Юқоридаги ишларни амалга ошириш учун қўмита тизимидаги корхоналарнинг моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 221 та техника ва 9 та асфальтбетон заводлари харид қилинди.


Йўл хўжалиги соҳасига етук малакали кадрларни етиштириш мақсадида Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳамда Беларусь Республикасининг Белоруссия миллий техника университети билан 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб 4 та бакалавриат таълим йўналишлари асосида талабаларни қабул қилиш жараёни ташкил этилди. Бунда ҳар бир таълим йўналиши бўйича 25 тадан талабани қабул қилиш режалаштирилиб, талабалар 1-2-босқичларда Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтида, 3- ва 4-босқичларда Белоруссия миллий техника университетида ўқиши кўзда тутилган. 

Шу ўринда 2019 йил якуни бўйича кутилаётган натижалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, таъкидлаш лозимки, йил сўнгига қадар 10 116,0 км автомобиль йўлларида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган.


Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий қиймати 814,0 млн. АҚШ доллари (шундан 599,0 млн. АҚШ доллари ¬– халқаро молия институтлари, 215,0 млн. АҚШ доллари – Ўзбекистон Республикаси улуши) бўлган 4 та лойиҳа, яъни: 

- Осиё тараққиёт банки иштирокида ¬– 198,0 млн. долл. эвазига "Қарши-Шаҳрисабз" йўналишидаги автомобиль йўлининг 77 км қисмини реконструкция қилиш; 

- Осиё тараққиёт банки иштирокида ¬– 150,0 млн. долл. эвазига А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 87 км қисмини реконструкция қилиш; 

- Саудия тараққиёт жамғармаси ва Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси иштирокида – 51,0 млн. долл. ҳисобига "4Р87 "Ғузор-Чим-Кўкдала" автомобиль йўлининг 35 км қисмини реконструкция қилиш; 

- Жаҳон банки иштирокида – 200,0 млн. долл. эвазига Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари маҳаллий автомобиль йўлларини ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Юқоридагилардан ташқари – Германиянинг "Папенбург" компанияси билан асфальтбетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш, Хитой Халқ Республикасининг "Кингдао Лефенг Интернейшнл Трейдинг" компанияси билан ҳамкорликда, автомобиль йўлларида йўл чизиқларини чизиш учун бўёқлар ва термопластлар ишлаб чиқариш, Жанубий Корея Республикасининг "Царис" компанияси билан йўл жиҳозлари ишлаб чиқаришни ташқил қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Брифингда қўмита вакиллари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Автомобиль йўллари қўмитаси

Матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали