Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Қўмита томонидан ўтказилган матбуот анжумани

8749 25 Апрел, 2018 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 857 Kb)


2018 йилнинг 25 апрель куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун "Автомобиль йўллари қуриш ишлари сифатини ошириш, йўллардан фойдаланиш жараёнига комплекс ёндашув" мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. 

Сўнгги давр ичида автомобиль йўллари қурилиши ҳамда таъмири сифатига ёндашув тубдан ўзгарди. Шу мақсадда - замонавий транспорт қатновини инобатга олган тарзда, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ўзида акс эттирган, автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш, бу ишларни молиялаштириш масалаларини ўзида қамраб олган комплекс тизим ишлаб чиқилди. 


Амалга оширилган ишлар натижасида ўтган 2017 йил давомида Инвестиция дастурига асосан 264,4 км умуфойдаланувдаги автомобиль йўлларида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди. Хусусан, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 179,4 км автомобиль йўли фойдаланишга топширилди. Халқаро молиявий институтлар маблағларини жалб қилиш эвазига халқаро аҳамиятдаги А-380 "Ғузор-Нукус-Қўнғирот-Бейнеу" автомобиль йўлининг 355-440 км қисмларида – Бухоро вилоятининг Ромитон, Жондор ва Пешку туманлари ҳудудларидан ўтувчи 85 км 4 тасмали цементбетон қопламали автомобиль йўли янгидан қуриб битказилди. 

Тўла таъмирлаш дастурига асосан 175,5 км умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида капитал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Жорий таъмирлаш ишлари дастурига асосан 2850 км умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.


Таъкидлаш ўринлики, минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш ва уларни эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. 2017 йил давомида 3673 км.дан ортиқ узунликдаги минтақавий автомобиль йўллари таъмирланди, бу эса – 2016 йилнинг шу давридагига нисбатан 3,4 марта зиёд демакдир. Натижада 3760 та қишлоқ ва аҳоли пунктларида 4600 та кўча ва ички йўллар таъмирланиб, 4 миллиондан ортиқ аҳолига қулайликлар яратилди.

Ушбу ишларни амалга ошириш мақсадида Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тизимидаги корхоналарнинг моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 238 та турдаги йўл қурилиш техникалари харид қилинди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 11 сентябрдаги "Автомобиль йўлларининг архитектура-ландшафт қурилиши ва кўкаламзорлаштириш тизимини такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан "Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" унитар корхонаси  ва унинг вилоятлардаги ҳудудий "Йўлкўкалам" унитар корхоналари ташкил этилди. Президент қарорида 2018 йил учун республика умумфойдаланиш автомобиль йўллари бўйларидаги чегара ҳудудларига 288 минг дона хар хил турдаги манзарали, бутасимон, игна баргли, баланд ва ўрта бўйли дарахт кўчатлари экилиши белгилаб қўйилган эди. 2018 йилнинг I чораги давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги мавжуд умумфойдаланиш автомобиль йўллари чегарасига туташ йўл бўйи ҳудудларида 505,1 км узунликда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди ва 230 минг донага яқин ниҳоллар экилди.

Йўл соҳасидаги яна бир муҳим қадам – йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш бўйича Давлат инспекциясининг ташкил қилинганлиги қурилиш ва таъмир муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга ҳисса қўшмоқда.


Шу ўринда жорий – 2018 йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида тўхтаб ўтиш лозим. 2018 йил давомида Республика бўйича автомобиль йўлларида 7249,9 км узунликда умумий қиймати 3739,3 млрд.сўмлик (ўтган йилга нисбатан 1,8 баравар кўп) қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланди.

Хусусан, қишлоқ жойларда 2754 км ички хўжаликлараро йўлларни таъмирлаш, 600 км.дан ортиқ шаҳар ва намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган қишлоқ массивларнинг кўчаларини ҳамда 280 км магистрал йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, 3634 км умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга бўлган ташрифларидавомида берилган топшириқларга мувофиқ, дастурга қўшимча равишда яна 315 км ички хўжаликлараро йўллар ва кўчаларда қурилиш ҳамда таъмирлаш ишлари бошланади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 2018 йилнинг 1-чорак якунлари бўйича Республикамиздаги 210 км ички ва минтақавий автомобиль йўллари таъмирланди.


Шунингдек, 6та лойиҳага Халқаро молиявий институтлар маблағларини жалб қилиш ҳисобига 75,5 км қурилиш ишлари бажарилиши режалаштирилди. Булар - Наманган вилоятидаги "Қамчиқ" довонида, А-380 автомобиль йўлининг Бухоро – Газли йўналишида, Сурхондарё вилоятида М-39 автомобиль йўлининг Термиз-Бойсун йўналишида, Қашқадарё вилоятида - "Қарши-Шахрисабз" йўналишида, Ғузор-Чим-Кўкдала йўналишидаги 4Р87 автомобиль йўлида, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳудудларидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятига эга автомобиль йўллари тўла таъмирланиши, кабилардир.

Анжуманда матбуот вакилларининг кўплаб саволларига жавоблар берилди.

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси

матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали