Қўмитада байрам тадбири
Автомобиль йўллари давлат қўмитасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!" мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбек Миллий академик драма театрининг бир гуруҳ санъаткорлари иштирок этишди.
Байрам тадбирида иштирок этганлар ўз чиқишлари давомида Республикамиз иқтисодий ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган йўлсозларнинг бугунги заҳматли меҳнати – бунёдкорлик ҳукм сураётган, жаҳон саҳнида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган Ўзбекистонимиз тараққиётига муносиб улуш бўлиб қўшилаётгани, бугунги бунёдкорлик, барқарорлик, байрам кайфиятининг барчасига айнан юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик сабаб эканини таъкидлади.
Меҳмонлар – Ўзбекистон халқ артисти Малик Иброҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муяссар Бердиқулова, Миллий театрнинг таниқли актрисаси Вазира Юнусова ҳамда ёш актёр Фаррух Ботировлар ўз чиқишларида юртимизнинг неча асрлик орзуси ушалган улуғ бир айём асрий қонлар, жувонмарг кетган жонлар, халқимизнинг пок ва курашчан фарзандлари увол кетган умри эвазига қўлга киритилган муқаддас неъматимиз – озодлик айёмимиз эканини халқчил, бадиий ифодалар билан сўзлаб берди.
Санъаткорлар ўз чиқишлари давомида талқин этган ролларидан парчалар, монологлар ижро этишди ҳамда йиғилганларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб беришди.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати