Қозоғистоннинг муваффақиятлари яқин дўст ва қўшни сифатида Ўзбекистонни ҳам қувонтиради
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 6 июль куни Қозоғистонга ташриф буюрди ва Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этди.
Президентлар дастлаб яқинда очилган "Остона" халқаро молия марказини бориб кўрди. Ушбу марказда ишбилармонлар учун яратилган шароитлар, истиқболда белгиланган режалар билан танишди.
Марказ фаолияти халқаро молия институтлари тажрибаси асосида йўлга қўйилган. Марказ аъзолари учун эллик йилгача солиқ имтиёзлари бериш, виза, валюта ва иш юритиш тизимини соддалаштириш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу замонавий ва инновацион молиявий марказ қардош Қозоғистоннинг катта ютуғи эканини таъкидлади.
Мустақиллик саройида Остона шаҳрининг 20 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тарихий сана билан Қозоғистон халқи ва Президент Нурсултон Назарбоевни самимий табриклади.
Остона шаҳри янги, мустақил ва изчил ривожланаётган Қозоғистоннинг ёрқин тимсолидир. Унинг қиёфасида қозоқ халқининг бой маданияти ва анъаналари, замонавий архитектура ютуқлари мужассам. Бу шаҳар йирик иқтисодий ва молиявий марказ, халқаро форум ва учрашувлар майдони ҳамдир, деди Шавкат Мирзиёев.
Қозоғистоннинг муваффақиятлари яқин дўст ва қўшни сифатида Ўзбекистонни қувонтириши таъкидланди. Мунтазамлик касб этган учрашув ва тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада юқори поғонага олиб чиқишига ишонч билдирилди.
Маълумки, 1994 йил 6 июлда Қозоғистон Олий Кенгаши мамлакат пойтахтини Олмаотадан Оқмолага кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Президент Нурсултон Назарбоевнинг фармонига мувофиқ, 1997 йил 10 декабрда Оқмола шаҳри Қозоғистон Республикасининг пойтахти, деб расман эълон қилинди. 1998 йил 6 май куни Оқмола шаҳрининг номи Остона деб ўзгартирилди. 2008 йили қабул қилинган қонунга мувофиқ, "6 июль – Пойтахт куни" давлат байрами этиб белгиланган.
Ўтган даврда шаҳар ҳудуди анча кенгайиб, замонавий бинолар барпо этилди. Остона мамлакатнинг нафақат сиёсий, балки иқтисодий, ижтимоий, маданий марказига айланди.
Бу ерда минтақавий ва халқаро миқёсдаги тадбирлар ўтказиляпти. Жумладан, Қозоғистон пойтахти 2017 йилги халқаро ихтисослашган кўргазмага мезбонлик қилди.
Остона тарихида мамлакатимиз учун ҳам эътиборга молик жиҳатлар кўп. Ўзбекистон Президентлари, парламент ва ҳукумат делегациялари бу ерга бир неча бор ташриф буюрган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан Остонада бўлган эди. Ушбу ташриф натижасида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланиб, мавжуд улкан салоҳият рўёбга чиқди. Ўзаро савдо ҳажми ва номенклатураси кенгайди.
Ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Маданий-гуманитар ҳамкорлик мустаҳкамланди. 2018 йил – Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар, адабий учрашувлар ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил июнь ойида Остона шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва сентябрда Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитларида ҳам иштирок этди.
Расмий Остона Шавкат Мирзиёевнинг минтақа мамлакатлари раҳбарларининг учрашувини ташкил этиш ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Жорий йил 15 март куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Бу тарихий саммит минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч, шериклик ва яхши қўшнилик муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди.
Остона шаҳрининг 20 йиллик тадбирлари яна бир самимий мулоқот майдони бўлди. Юбилейга Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳам ташриф буюрди.
Тантанали маросимда мамлакатимиз санъат усталари томонидан ҳам куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди. Байрам тадбири халқларимиз дўстлиги, маданий яқинлигининг яна бир ифодаси бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ташрифи чоғида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашув ўтказди.
Музокарада икки мамлакат ҳамкорлигининг истиқболлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарлари олий даражадаги бўлғуси тадбирлар кун тартибини ҳам кўриб чиқдилар.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи ниҳоясига етди.