Самарали халқаро ҳамкорлик: "Papenburg AG" компанияси раҳбарияти билан учрашув
Жорий йилнинг 30 март куни "Ўзавтойўл" АК да компания раҳбарияти ва Германия Федератив Республикасининг "Papenburg AG" компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида томонлар "Papenburg AG" компанияси томонидан А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 440-490 км қисмида амалга оширилган цементбетон қопламали 50 км автомобиль йўли қурилиши лойиҳаси хусусида фикр алмашишди.
Шунингдек, учрашувда "Ўзавтойўл" АК ва "Papenburg AG" компаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик имкониятларининг йўналишлари кўриб чиқилди. Соҳа мутахассисларининг тажриба алмашинуви, цементбетон ва асфальтбетон қопламали автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва эксплуатация қилишда замонавий технологиялар, инновациялар, услублар ва махсус техникаларнинг қўлланилиши шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоизки, "Papenburg AG" компанияси сўнгги бир неча йил давомида Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа мамлакатларида цементбетон ва асфальтбетон қопламали автомагистраль йўллар қурилиши бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келган.
"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати